Президент: Дастурий маҳсулотларни ҳудудлар имконият ва муаммоларини инобатга олиб яратиш керак

Президент Шавкат Мирзиёев Қарши шаҳридаги Давлат хизматлари маркази ва Технопарк фаолиятини кўздан кечирди.

Давлат хизматлари марказида 140 турдаги хизмат кўрсатиш учун барча шароит яратилган. Юқори тезликда интернет, замонавий техникалар фуқароларга тез, шаффоф ва қулай давлат хизматларини тақдим этишга мўлжалланган. Жорий йил февралда фойдаланишга топширилган ушбу муассасада шу пайтга қадар 300 мингдан зиёд давлат хизматлари кўрсатилган. Шундан 2 мингга яқини филиаллар орқали, мингга яқини эса сайёр тарзда амалга оширилди. Марказ биносида Президентнинг Халқ қабулхонаси ва Бош вазир қабулхонаси ҳам жойлашган.

Давлатимиз раҳбари бу ердаги шароитлар билан танишиб, хизматлар кўлами билан қизиқди. Одамлар талабидан келиб чиқиб, янги хизмат турларини йўлга қўйиш, маҳаллалар билан онлайн боғланиб, аҳолига қулайлик яратиш бўйича топшириқлар берди. Бундай марказларда кўрсатилаётган хизматлардан одамларнинг хабардорлигини ошириб, кенг фойдаланишга ўргатиш муҳимлигини таъкидлади.

- Давлат хизматлари маркази орқали одамлар давлатнинг эътиборини сезиши керак, - деди Шавкат Мирзиёев.

Маълумки, ҳудудларда Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки филиаллари ташкил этилиб, соҳа мутахассисларига яхши шароитлар яратилмоқда.

Қарши шаҳрида барпо этилган IT-технопаркда ҳам веб-дизайнерлар, дастурчилар ва робототехниклар ўз фаолиятини бошлаган. “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида ўқув курслари ташкил этилгани натижасида ахборот технологияларига қизиқувчи ёшларга кенг имконият яратилди. Илк натижалар ҳам қўлга киритилмоқда.

Жумладан, энг яхши давлат мобил иловасини ишлаб чиқиш бўйича Ўзбекистон олий таълим муассасалари талабалари ўртасида ўтказилган “mGovAward” танловида қашқадарёлик ёшлардан тузилган жамоа ғолиб бўлди. Улар яратган чет тилларини масофавий ўқитиш мобил иловасини такомиллаштириш учун 500 миллион сўм мукофот пули ажратилди. 

Президент ушбу ёш дастурчиларни муваффақият билан табриклаб, келгуси мақсадларини сўради. Уларнинг лойиҳани янада ривожлантириш, янги дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқиш режаларини қўллаб-қувватлаш бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар берди.

- Ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос имкониятлари, долзарб муаммолари бор. IT-парклар шулардан келиб чиқиб,  дастурий маҳсулотлар яратиши керак. Масалан, Қашқадарёда мелиорация, картошкачилик, узумчилик оғир аҳволда, чорвачиликни, мева-сабзавотчиликни ривожлантириш учун қулай шароит бор. Шу соҳаларда ресурсларни тежаш, фойдали иш коэффицентини ошириш учун инновацион лойиҳалар зарур, - деди Шавкат Мирзиёев.

Олий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот институтлари ва IT-парклар ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Манба