Президент Шавкат Мирзиёев Нукус ёшлар технопаркини бориб кўрди.
Бу мажмуа ёшларнинг иқтидор ва кўникмаларини шакллантириш, янги иш ўринлари яратишга қаратилган. Хусусан, компьютер саводхонлиги, график дизайн, робототехника, 3D моделлаштириш, акселерация каби 9 та йўналишда йилига 1 минг 500 йигит-қиз таҳсил олиши мумкин. Бунинг учун замонавий техника, лаборатория ва устахона ускуналари ўрнатилган.
Ҳозирги кунда ўқув курслари битирувчиларининг ғоялари стартап шаклига келтирилиб, “Бўлажак олим”, “Technoways”, “Start4 Region” каби танловларга 50 га яқин лойиҳа топширилган. Шунингдек, “Орол денгизининг қурғоқчил ҳудудида уруғчилик плантациясини ташкил этиш” мавзусида умумий қиймати 955 миллион сўмлик лойиҳа амалга оширилмоқда. Бу денгизнинг қуриган тубидаги ерлардан фойдаланиш, сувни тежаш ҳамда тузни камайтиришга хизмат қилади.
Умуман олганда, ушбу технопарк ёшларнинг интилиш ва ғояларини такомилга етказгунча ёрдам беради.
Давлатимиз раҳбарига ёш фермер ва олимларнинг қуритилган органик помидор, оқова сувларни тозалаш ва балиқларга озуқабоп ўсимлик лойиҳалари ҳақида маълумот берилди. Яшил технологияларга асосланган бу лойиҳалар Европа давлатларининг сертификатларига сазовор бўлган.
Президентимиз бу лойиҳаларни молиявий қўллаб-қувватлаш, амалиётга кенгроқ жорий этиш кераклигини таъкидлади.
Олдингиси
Тинчлик ва оғзибирчилик қадри тараннум этилди
Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида миллатлараро тотувликка бағишланган маданий тадбир бўлди. Унда Президент Шавкат Мирзиёев иштирок этди.
30.03.2023Кейингиси
Президент Нукусдаги маҳаллада меҳмон бўлди
Президент Шавкат Мирзиёев 30 март куни Нукус шаҳридаги Алтин жағис маҳалласида бўлиб, аҳоли ҳаёти билан яқиндан танишди.
30.03.2023