Президент Шавкат Мирзиёев: Кўп асрлик дўстлик, яхши қўшничилик ва кенг кўламли ҳамкорликни мустаҳкамлашнинг қатъий тарафдоримиз

Давлат ташрифнининг асосий тадбирларидан сўнг ОАВ вакиллари учун брифинг ўтказилди.

Президентлар ҳар доимгидек очиқ, ишончли ва ишчан муҳитда ўтган музокаралар натижаларидан мамнунлигини билдирдилар.

Хусусан, музокараларда Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги кўп қиррали, ўзаро манфаатли ҳамкорликни икки томонлама ва минтақа кун тартибидаги барча йўналишларда янада ривожлантириш масалалари батафсил кўриб чиқилди.

Шавкат Мирзиёев ўз баёноти аввалида Қозоғистон халқини мустақилликнинг 30 йиллиги билан яна бир бор табриклади.

Кейинги йилларда дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларига асосланган Ўзбекистон-Қозоғистон муносабатларида улкан ўзгаришлар рўй бераётгани таъкидланди.

Ўзбекистон етакчиси бугун тарихий қарор қабул қилиниб, икки томонлама ҳамкорлик иттифоқчилик муносабатлари даражасига кўтарилгани, бу биродар халқларимизнинг узоқ муддатли манфаатларидан келиб чиқиб, уларга тўлиқ мос эканини қайд этди.

- Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳамкорлиги замирида бир-биримизни тўлдириб туриш борасидаги улкан салоҳиятдан фойдаланишга интилиш ҳам мавжуд. Биз саъй-ҳаракатларимизни бирлаштириш ва янги ўсиш нуқталарини излаш ниятидамиз, - деди Шавкат Мирзиёв.

Икки томонлама ҳамкорликнинг устувор йўналиши – савдо-иқтисодий ҳамкорликда эришилаётган натижалар мамнуният билан қайд этилди. Жорий йил бошидан ўзаро савдо ҳажми қарийб 40 фоизга ошиб, бу борада рекорд кўрсаткич – 4 миллиард долларга эришиш кутилмоқда. Музокаралар чоғида товар айирбошлашни келгуси йилда 5 миллиардга, узоқ муддатли истиқболда эса 10 миллиардга етказиш мақсад қилинди.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб беришни кенгайтириш мақсадида томонлар агрокластерлар, улгуржи-тақсимлаш ва логистика марказларини ташкил этишга, “Агроэкспресс” лойиҳасини илгари суришга келишиб олганликлари кўрсатиб ўтилди.

Саноат кооперацияси ва ҳудудлараро ҳамкорлик соҳасида эришилган келишувлар муҳим аҳамиятга эга. Бу борада муваффақиятли мисоллар мавжудлиги, жумладан, Костанайда автомобиллар, автобуслар ва қишлоқ хўжалиги техникасини йиғиш, Туркистон ва Чимкентда тўқимачилик ва электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилгани таъкидланди.

Ўзбекистонда саноат, энергетика, кимё, қурилиш, банк ва бошқа соҳаларда қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ташриф арафасида ўтказилган ишбилармонлик тадбирлари якунида қиймати 6 миллиард долларга яқин бўлган янги инвестиция ва савдо келишувлари имзоланди.

– Бундай кўрсаткичлар аввал бўлмаган. Қолаверса, барчаси қатъий келишувлар, улар истиқболга яхши замин яратади, - деди Шавкат Мирзиёев.

Транспорт ва транзит соҳаси салоҳиятини кенгайтириш мақсадида “Учқудуқ-Қизилўрда” автомобиль ва темир йўллари, “Туркистон-Чимкент-Тошкент” юқори тезликда ҳаракатланишга мўлжалланган темир йўлини барпо этиш лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилган.

Томонлар “яшил” энергетика лойиҳаларини фаол илгари суришга, энг янги сув тежайдиган технологияларни жорий қилиш, Оролбўйида дарахтзорлар яратиш борасида биргаликда ишлаш ва халқаро донорлар билан ҳамкорлик қилишга келишиб олдилар.

Брифингда маданият, фан ва таълим, соғлиқни сақлаш ва туризм соҳаларида эришилган келишувлар ҳам қайд этилди.

- Бугунги мураккаб ва зиддиятли замонда одамлар онги ва қалбига, айниқса ёш авлодга ижобий таъсир кўрсатувчи маданият ва маънавиятнинг аҳамияти ортиб бормоқда, - деди Шавкат Мирзиёев.

Шу муносабат билан музокараларда Қозоғистонда Ўзбекистон йили ва Ўзбекистонда Қозоғистон йили тадбирларини мунтазам равишда ўтказиб бориш юзасидан келишувга эришилди. Келгуси йилда юртимизда биринчи Ёшлар конгресси ҳамда Ижодий ва илмий зиёлилар форуми ташкил этиладиган бўлди.

Қайд этилганидек, Ўзбекистонда саккиз юз мингдан зиёд қозоқ миллатига мансуб фуқаролар истиқомат қилмоқда Улар миллий маданияти, тили ва анъаналарини ривожлантириш учун барча шароитлар яратилган. Тўрт юзга яқин мактабда таълим қозоқ тилида амалга оширилмоқда.

Мана ўттиз йилдирки, Ўзбекистонда Қозоқ миллий маданият маркази ва унинг саккизта ҳудудий бўлинмалари фаол ишлаб турибди.

- Қозоқ юртдошларимиз орасида Ўзбекистон Қаҳрамони юксак унвонига ва бошқа давлат мукофотларига сазовор бўлганлар, сенатор ва депутатлар, вазир ва генераллар, йирик корхоналар раҳбарлари борлигидан фахрланамиз, - деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбарлари Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг ўттиз йиллигини келгуси йилда кенг нишонлаш мақсадида тегишли дастур қабул қилишга келишиб олдилар.

Минтақавий ва халқаро майдондаги ҳамкорлик масалаларига тўхталар экан, Ўзбекистон етакчиси Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувидек самарали платформани яратишга муваффақ бўлингани, унинг доирасида умумий уйимизни комплекс ривожлантириш йўллари белгиланаётганини алоҳида қайд этди.

Музокараларда минтақамизда хавфсизлик ва барқарорликка таҳдидларга, энг аввало қўшни Афғонистондаги вазиятдан келиб чиққан ҳолда қарши курашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Бу борада Ўзбекистон ва Қозоғистон позициялари тўлиқ мос экани тасдиқланди.

Мамлакатимиз Қозоғистоннинг Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш ҳамда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига раислиги доирасидаги ташаббусларни қўллаб-қувватлайди. Қозоғистон эса Ўзбекистоннинг Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига раислиги доирасидаги фаолиятини қўллаб-қувватлайди.

– Ушбу ташриф доирасида салмоқли ҳужжатлар тўпламини имзоладик. Ишончимиз ва шериклигимиз жуда юксак даражага чиққанидан, биргаликда ҳаракат қилиб, ҳар томонлама кўмакдош бўлишга тайёр эканимиздан далолат берувчи Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги декларация улар орасида энг асосийси. Биз икки қардош халқларнинг равнақи йўлида кўп асрлик дўстлик, яхши қўшничилик ва кенг кўламли ҳамкорликни мустаҳкамлашнинг қатъий тарафдоримиз, - деди Ўзбекистон Президенти.

Президент Қасим-Жомарт Тоқаев ҳам кенг доирадаги масалалар юзасидан фикр алмашилган музокаралар якунидан мамнунлигини билдирди.

Давлатимиз раҳбари Қозоғистон Президентини ўзига қулай вақтда ташриф билан Ўзбекистонга келишга таклиф қилди.

Манба