Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 20 август куни мамлакатимиз тадбиркорлари билан очиқ мулоқот ўтказди.
Бундай шаклдаги учрашув илк бор ўтказилди ва унда жами ўн мингга яқин тадбиркор иштирок этди.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик мамлакатимиз иқтисодиётининг устувор йўналиши этиб белгиланган. Сўнгги беш йилда бу соҳани ривожлантиришга қаратилган 2 мингга яқин қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди.
Уларга асосан, 114 та лицензия ва рухсатнома бекор қилинди, 33 та фаолият тури хабардор қилиш тартибига ўтказилди. Рухсатномаларни расмийлаштириш тартиблари соддалаштирилиб, муддатлари ўртача 2 бараварга қисқартирилди. Ортиқча текширишлар, нақд пул, валюта ва хомашё бўйича кўплаб чекловларга барҳам берилди.
Бундай қулайлик ва имкониятлар натижасида янги субъектлар кескин кўпайиб, аввалдан ишлаётганлари фаолиятини кенгайтирмоқда. Охирги беш йилда тадбиркорлар сони қарийб 3 баравар ошди. Кўп ишбилармонлар ўз бизнесини бутун мамлакат миқёсида кенгайтириб, минглаб иш ўринлари яратиб, нуфузли йирик компанияларга айланди. Ички ва ташқи бозорда ўз нуфузи ва брендига эга тадбиркорлар синфи шакллана бошлади.
Давлатимиз раҳбари ана шундай азму шижоатли ва фидойи тадбиркорларнинг айримларини тилга олиб, халқимизга мададкор бўлаётгани учун уларга миннатдорчилик билдирди.
Маълумки, мазкур очиқ мулоқот олдидан тадбиркорларни қийнаётган муаммолар сўралган эди. Турли масалаларга оид 15 мингдан ортиқ мурожаатлар бўлди.
Президентимиз ўз нутқида уларни ҳал қилишга қаратилган 7 та муҳим йўналишни кўрсатиб ўтди. Биринчи йўналиш – бизнесни молиялаштириш, иккинчиси – солиқ тизимини такомиллаштириш ва бизнесга солиқ юкини камайтириш, учинчиси – ер ажратиш, тўртинчиси – инфратузилма, бешинчиси – экспортёр корхоналарни қўллаб-қувватлаш, олтинчиси – транспорт-логистика, еттинчиси – соҳадаги тартиб-таомилларни соддалаштириш масалаларига қаратилди.
Давлатимиз раҳбари ҳар бир йўналиш бўйича долзарб вазифаларни кўрсатиб, янги ташаббусларни илгари сурди.
Масалан, мурожаатларнинг 40 фоизи бизнесни молиялаштириш ва молия-кредит масалалари билан боғлиқ бўлган. Жумладан, кредит ставкаларининг юқорилиги ва кўплаб кредитлар қисқа муддатга, тадбиркор учун ноқулай шартларда берилаётгани қайд этилган. Шунингдек, хорижий валютадаги кредитлар валюта курсининг мунтазам ўсиши ҳисобига тадбиркор учун қўшимча харажатларни юзага келтирмоқда.
Шу боис банкларнинг капиталини ошириш чоралари белгиланди. Хусусан, келгуси йилда банкларга Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан бозор тамойиллари асосида қўшимча 600 миллион доллар ажратилади. Халқаро молия бозорларида 5 триллион сўмлик миллий валютада евробондлар чиқарилади. Хорижий банклар кириб келишига кенг имкониятлар яратилади.
Яна бир муҳим янгилик – банклар ресурсни қандай валютада жалб қилишидан қатъий назар, тадбиркорларга кредитни сўмда ва мақбул фоизларда бериш тизими йўлга қўйилади. Шу мақсадда Молия вазирлиги ҳузурида Валюта хатарларини бошқариш компанияси ва ҳудудларда унинг филиаллари ташкил этилади.
Маълумки, сўнгги уч йилда солиқлар тури 16 тадан 9 тага қисқарди. Яқингача Пенсия, Мактаб ва Йўл жамғармаларига бизнес учун оғир юк бўлган 3,2 фоизли йиғимлар тўланар эди. Ушбу йиғимлар корхоналарнинг фойдасидан қатъий назар, оборотдан олиниб, уларнинг миқдори корхоналарнинг камида 25-30 фоиз фойдасига тенг эди. Молк-мулк, даромад солиғи ва ижтимоий солиқлар ставкалари 2 баробарга камайтирилди.
Президентимиз бу соҳада ҳам тадбиркорларга қўшимча қулайликлар яратилишини қайд этди.
Жумладан, 2020 йил февраль ойида “Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида”ги қонун қабул қилингунга қадар иқтисодий зоналарда рўйхатдан ўтган тадбиркорларга берилган имтиёзлар сақлаб қолинади.
Махсус иқтисодий зоналар иштирокчиларига қўшилган қиймат солиғининг ортиқча қисмини 7 кун ичида қайтариб бериш тартиби жорий қилинади. Бу уларга айланма маблағларини кўпайтириш имконини беради.
Бундан ташқари, четдан олиб келинган товарлар учун қўшилган қиймат солиғини 120 кун давомида бўлиб-бўлиб тўлашда тадбиркорларга фоиз ҳисобланмайди ва гаров талаб этилмайди.
Қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналарга ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси 2 баробарга камайтирилади.
Давлатимиз раҳбари пандемия шароитида хизматлар соҳасини қўллаб-қувватлаш муҳимлигини таъкидлаб, ўтган йили берилган имтиёзлар муддатини узайтиришга кўрсатма берди. Умумий овқатланиш корхоналари йил якунига қадар ер ва мулк солиғидан, туризм компаниялари ва меҳмонхоналар 2 йил муддатга туристик йиғимлардан озод қилинадиган бўлди.
Амалдаги тартибга кўра, тадбиркорлар қўшилган қиймат солиғидаги фарқни қайтариш учун солиқ идораларига алоҳида мурожаат қилишга мажбур. Бу – 14 минг тадбиркорга тегишли бўлиб, улар учун қўшимча вақт, ортиқча сарсонгарчилик, дегани.
Шу боис мутасаддиларга келгуси йилдан қўшилган қиймат солиғини қўшимча ҳужжатсиз қайтариш тартибини жорий этиш вазифаси қўйилди.
Тадбиркорларни қийнаётган муаммолардан яна бири ер ажратиш билан боғлиқ. Бу масала бўйича Президентга 4 мингдан зиёд мурожаат бўлган.
Жорий йил 16 август куни “Ер участкаларини ажратиш ва улардан фойдаланиш, шунингдек, ерларни ҳисобга олиш ва давлат ер кадастрини юритиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” қонун қабул қилинди. У билан ерларни иқтисодий оборотга киритиш, уларни олди-сотди ва гаров объектига айлантириш учун мустаҳкам ҳуқуқий замин яратилди.
Энди қишлоқ хўжалиги ерлари очиқ танлов асосида фақат ижарага берилади. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер майдонлари эса фақат аукцион орқали сотилади.
Кўпчилик тадбиркорларни ўз корхонаси жойлашган ер майдонининг тақдири ўйлантириши табиий. Президентимиз ушбу корхоналарга ҳозирда эгаллаб турган ер майдонлари мулк қилиб расмийлаштириб берилишини таъкидлади.
Бизнес субъектларини инфратузилма билан таъминлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Қайд этилганидек, келгуси йил 1 январдан бошлаб, қиймати 200 миллиард сўмга тенг лойиҳалар бўйича электр, табиий газ, сув тармоқлари ва йўл инфратузилмасини етказиб бериш тўлиқ давлатнинг зиммасида бўлади. Бу имтиёз ҳозирги кунгача фақатгина 50 миллион доллардан ошадиган хорижий инвесторлар лойиҳаларига қўлланиб келинмоқда.
Шунингдек, келгуси 2 йилда республика бўйича қўшимча 200 та саноат зоналари ташкил этилиб, уларга ҳам коммунал ва йўл инфратузилмаси давлат томонидан етказиб берилади. Ушбу мақсадлар учун келгуси йилда бюджетдан 2 триллион сўм маблағ ажратилади.
Тадбиркорлар эътирозига сабаб бўлаётган яна бир муаммо – электр тармоқларига уланишда кичик корхоналарга ҳам йирик заводлар билан бир хил талаблар қўйилган.
Шу боис келгуси йил бошидан бу борада қулай тизим жорий этилади. Электр тармоғига уланиш тўлиқ электрон платформага ўтказилади ва барча жараёнлар бир босқичга туширилади. Тадбиркорларни электр тармоғига улаш муддати 20 киловаттгача бўлган қувватлар учун – 10 кун, 50 киловаттли қувватлар учун эса 20 кун этиб белгиланади. Агар, электр таъминоти корхонаси ишларни муддатида якунламаса, тадбиркорларга компенсация тўлайди.
Давлатимиз раҳбари экспортёр корхоналарни қўллаб-қувватлаш, кичик бизнесни экспорт фаолиятига жалб қилиш бўйича ҳам қатор ташаббусларни илгари сурди.
Масалан, ўтган йили пандемия даврида тўқимачилик корхоналарига экспортдан валюта тушумини кутмасдан қўшилган қиймат солиғини қайтариб бериш тартиби жорий этилган эди. Энди ушбу тартиб барча тармоқларнинг ҳалол ва интизомли экспортёрларига нисбатан ҳам татбиқ этилиши айтилди.
Шунингдек, йилига 20 миллион доллардан ортиқ экспорт қилувчи корхоналарга 5 миллион долларгача имтиёзли кредитлар ажратилади.
Ҳозирги кунда айрим хомашёлар импорти учун бож ставкалари юқори экани кўрсатиб ўтилди. Оқибатда улар асосида маҳсулот ишлаб чиқаришдан кўра четдан олиб келиш арзонроқ бўлмоқда.
Шу боис, ҳукуматга хомашё ва ярим тайёр маҳсулотлар учун импорт божи ставкаларини пасайтириш бўйича топшириқ берилди.
Транспорт-логистика хизматларини ривожлантириш, тадбиркорларнинг юкларини ташишни енгиллаштириш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди. Юк автомобиллари ва темир йўл вагонларини олиб кириш бўйича берилган имтиёзлар яна 3 йилга узайтирилиши маълум қилинди.
Тадбиркорлик фаолиятига аралашувларни қисқартириш, субсидиялар олиш жараёнини осонлаштириш бўйича ҳам кўплаб кўрсатмалар берилди.
Мулоқотда тадбиркорлар сўзга чиқиб, фаолиятида дуч келаётган муаммоларни, таклиф ва мулоҳазаларини айтди. Улар тармоқ мутасаддилари ва ҳокимлар иштирокида муҳокама қилинди.
Президентимиз бундай очиқ мулоқотни анъанага айлантириб, ҳар йили ташкил этиш, 20 августни мамлакатимизда “Тадбиркорлар куни” деб эълон қилиш таклифини билдирди. Бу таклифлар кенг қўллаб-қувватланди.