Президент ташрифи аҳоли руҳини кўтарди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятига етиб келди. 

27 апрель куни республикамизга Туркманистон ҳудудидан кучли шамол кириб келган, Бухоро, Навоий, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида секундига 9-40 метргача тезликда шамол эсган эди. Оқибатда бир неча фуқаро жароҳатланиб, бир киши ҳалок бўлди. Шунингдек, уй-жойлар, автотранспорт воситалари, инфратузилма объектлари ва экин майдонларига зарар етди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев бугун зудлик билан Бухоро вилоятига етиб борди. Вертолётда Қоракўл ва Олот туманларидаги ҳолатни кўздан кечирди. 

Олот тумани марказида маҳаллий аҳоли вакиллари, фаоллар билан учрашув ўтказилди. 

Давлатимиз раҳбари кечаги кучли шамол кутилмаган ва илгари кузатилмаган табиий офат бўлганини, одамлар турмуши, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларга салбий таъсир қилганини афсус билан қайд этди. 

Халқимиз ҳамжиҳат бўлиб, бундай синовларни кўп енгиб ўтган. Бу сафар ҳам зарур чора-тадбирлар кўрилиб, талофат оқибатлари тезда бартараф этилади. Энг муҳими, руҳни туширмай, биргаликда курашсак, бу қийинчиликлардан кучли бўлиб чиқамиз, деб таъкидлади Президентимиз.

Турар жойлар ва инфратузилма объектларини таъмирлаш, аҳолига ҳар томонлама кўмаклашиш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилди. Қишлоқ хўжалиги, иқтисодиёт тармоқлари, жамоат хавфсизлиги юзасидан тезкор чора-тадбирлар белгиланди.

Манба