Президент тиббиёт ходимлари билан мулоқот қилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев тиббиёт ходимлари билан очиқ мулоқот қилмоқда.

Саломатлик – инсоннинг бирламчи эҳтиёжи, истаги. Шу боис давлатимиз раҳбари бу масалага алоҳида эътибор қаратиб, соҳани изчил ривожлантириб келмоқда. Президентимиз ҳудудларга сафари чоғида ҳам ҳар доим тиббиёт масканларига боради, шифокорлар билан суҳбатлашиб, аҳоли саломатлигини сўрайди.

Лекин, бундай шаклдаги катта учрашув илк бор ўтказилмоқда. Анжуманлар саройида мингдан ортиқ, ҳудудлардаги студияларда 20 мингга яқин тиббиёт ходимлари, аҳоли вакиллари иштирок этмоқда.

Давлатимиз раҳбари сўзининг бошида тиббиёт соҳасининг жонкуяр вакиллари билан Наврўз байрами арафасида кўришганидан мамнунлигини билдирди.

– Ҳаёт ҳақиқати шуни кўрсатадики, фақатгина соғлом халқ, баркамол миллат буюк ишларга қодир бўлади. Эл-юртимиз азалдан шифокорларни, инсон саломатлигини асрашдек эзгу ва савобли ишга, бутун борлиғини бағишлаган фидойи зотлар, деб билади ва ҳамиша қадрлайди. Чунки одамлар сизларга ўзларининг энг бебаҳо бойликларини – ҳаётларини ишониб топширади, – деди Шавкат Мирзиёев.

Охирги йилларда хорижий тажриба асосида бу соҳада катта ишлар қилинди. Аввало, тиббиётга ажратилаётган маблағлар ҳажми кескин оширилди. Жумладан, 2022 йилнинг ўзида соҳага бюджетдан 24 триллион сўм йўналтирилди. Бу маблағ 2016 йилга нисбатан 4 баробар кўпдир.

Ўтган беш йилда шифохоналар ва тез тиббий ёрдам пунктларини дори-дармон, тиббиёт буюмлари билан таъминлашга ажратилаётган маблағлар 12 баробар кўпайтирилди. Шу даврда соғлиқни сақлаш тизимини яхшилаш учун халқаро молия ташкилотларидан 700 миллион доллардан зиёд маблағлар жалб қилинди.

Энг аввало, бирламчи тиббиёт бўғинини яхшилашга эътибор қаратилиб, ҳар бир маҳаллада “хонадонбай” ишлайдиган тиббий бригадалар ташкил этилди. 2021 йилдан бошлаб, бирламчи бўғинда аҳолини 66 турдаги дори воситалари билан бепул таъминлаш йўлга қўйилди. Ҳозирги вақтда одамлар шамоллаш, қон босими, юрак хуружи, қандли диабет, ошқозон ва нафас йўллари касалликларини даволаш учун энг зарур дориларни оилавий шифокор пунктлари ва поликлиникалардан олишмоқда.

Аҳолига сифатли тиббий ёрдамни кенгайтириш мақсадида бирламчи тизимга 20 мингта ўрта тиббиёт ходимлари қўшилди. Шунингдек, қишлоқларда жойлашган 801 та оилавий поликлиника янги замонавий ташхис аппаратлари билан таъминланди.

Бу орқали қишлоқ ва маҳаллаларда 8 турдаги янги тиббий хизматлар йўлга қўйилди. Жумладан, саломатлик кўрсаткичлари бўйича хавф гуруҳига кирган 12 миллион аҳолини мақсадли скринингдан ўтказиш бошланди.

Юқори малака ва технологиялар талаб қиладиган тиббий хизматлар кўлами ҳам кенгаймоқда. Авваламбор, ҳудудларда 23 та ихтисослашган тиббиёт марказларининг юздан ортиқ филиаллари фаолият бошлади. Натижада илгари пойтахтда амалга оширилган 210 турдаги операция ва ташхисларни маҳаллий шифохоналарда ўтказиш имконияти яратилди. 130 турдаги жарроҳлик амалиётлари вилоят шифохоналарида, 60 тури эса туманларда биринчи марта йўлга қўйилди.

Илгари ҳар йили минглаб юртдошларимиз даво истаб чет элларга боришга мажбур эди. Эндиликда яратилган имкониятлар туфайли бундай мураккаб, қиммат операцияларнинг кўпи юртимизда амалга оширилмоқда. Сўнгги беш йилда шифохоналаримизда 200 турдаги янги жарроҳлик амалиёти, жумладан, буйрак ва жигар трансплантацияси йўлга қўйилди. Мисол учун, биргина буйрак трансплантацияси орқали шу кунгача 700 га яқин беморнинг ҳаёти сақлаб қолинган.

Эҳтиёжманд аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш бўйича очиқ ва шаффоф тизимга ўтилди. Энди ихтисослашган марказларда бепул даволанадиган касалликлар рўйхати шакллантирилиб, тиббий ёрдам учун йўлланма ҳақиқий эҳтиёжи бор аҳолига “электрон навбат” асосида берилмоқда. Энг муҳими, бу тизимга асосан, маблағлар шифохонага эмас, балки аниқ беморга ажратилмоқда.

Тиббиёт тизимидаги энг катта ўзгаришлардан яна бири – давлат шифохоналари билан бирга хусусий медицина ҳам ривожланмоқда. Авваллари бундай хизматлар фақат стоматология бўйича кўрсатилган бўлса, ҳозир хусусий клиникалар деярли барча йўналишларда фаолият юритмоқда. Бугун уларнинг сони 8 мингтага етган.

Тиббий таълим муассасалари сонини кўпайтириш, замонавий билим ва малакага эга кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор берилаяпти. Хусусан, сўнгги беш йилда 6 та янги тиббиёт олийгоҳи ташкил этилиб, уларнинг сони 14 тага етди, қабул квотаси эса 4 баробарга ошди.

Ҳудудларни малакали мутахассислар билан кафолатли таъминлаш мақсадида вилоятлар буюртмасига асосан манзилли ўқишга қабул қилиш йўлга қўйилди. Шунингдек, 1 минг 500 нафар шифокорлар нуфузли хорижий клиника ва университетларда малакасини оширди.

Давлатимиз раҳбари соҳадаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаб келаётган Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Германия тараққиёт банки, UNICEF, USAID, JICA, TICA, KOICA, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки каби кўплаб бошқа ҳамкор ташкилотлар вакилларига миннатдорлик билдирди.

“Тиббиётдаги ислоҳотлар – инсон қадри учун” мавзусидаги очиқ мулоқотда соғлиқни сақлаш соҳасидаги навбатдаги вазифалар, долзарб масалалар муҳокама қилинмоқда.

– Бугун соҳадаги ютуқни – ютуқ, камчиликни – камчилик деб айтиб, тизимдаги “касалликлар”га тўғри диагноз қўйиб, уларнинг давосини топишга ҳаракат қилишимиз зарур, – деди Президент.

Манба