Ўзбекистон Президенти Сергей Лавровни қабул қилди

Бугун, 16 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатимизда расмий ташриф билан бўлиб турган Россия Федерацияси ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Сергей Лавровни қабул қилди. 

Учрашув аввалида Президентимиз стратегик шериклик ва иттифоқчиликка асосланган икки томонлама муносабатларнинг ривожланиш суръати тобора ортиб бораётганини катта мамнуният билан қайд этди.

Олий даражадаги мулоқот мунтазамлик касб этгани, ўзаро алмашинувлар мисли кўрилмаган даражада фаоллашгани, кўп қиррали ҳамкорлик, аввало, савдо-иқтисодий, инвестиция, энергетика, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар соҳалар, таълим ва бошқа устувор йўналишларда кенгайиб бораётгани бундан далолат беради.

Сергей Лавров самимий қабул учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирди ҳамда Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг дилдан саломини етказди. Икки раҳбарнинг мамлакатларимиз ўзаро ҳамкорликда бугунги даражага эришишидаги ҳал қилувчи роли алоҳида қайд этилди.

Учрашувда Ўзбекистон-Россия муносабатларининг долзарб масалалари кўриб чиқилди, халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик мавзулар юзасидан фикр алмашилди.

Жорий йилда ўтказилиши режалаштирилган олий даражадаги учрашувларга тайёргарлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Манба