Қишлоқ хўжалигидаги вазифалар муҳокама қилинди

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 23 март куни озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириш, баҳорги экин мавсумини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Озиқ-овқат таъминоти аҳоли фаровонлигида ва инфляцияни жиловлашда энг муҳим омиллардан бири. Сўнгги йилларда озиқбоп маҳсулотлар етиштиришга 200 минг гектар ер ажратилгани ҳамда 500 минг гектар қўшимча ерлар фойдаланишга киритилгани ички бозорда нарх-навони барқарор сақлашга хизмат қилаяпти.

Халқ дастурхони тўкин бўлиши учун давлатимиз раҳбарининг фармони билан 2024 йил 1 январгача 35 турдаги озиқ-овқат маҳсулотларига божлардан имтиёз берилди. Бундан ташқари, 1 майдан ижтимоий реестрга кирган аҳолига мол, қўй ва парранда гўшти, тухум ва ўсимлик ёғи харид қилса, қўшилган қиймат солиғи қайтарилади. Бу орқали 2 миллиондан ортиқ оилага енгиллик бўлади.

Жаҳонда охирги икки йилда озиқ-овқат инфляцияси йилига 15-20 фоиздан пасаймаяпти. Ўсимлик ёғи, сут ва гўштнинг нархи сўнгги 30 йилдаги энг юқори даражага кўтарилган. Транспортда ташиш, ўғит ва ёқилғи харажатлари ошиб кетгани ҳам озиқ-овқат нархларига ўз таъсирини кўрсатаяпти.

Таҳлилларга кўра, бу ҳолат 2023 йилда ҳам, келгуси йилларда ҳам сақланиб қолади. Шу боис озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириш, одамларни банд қилиш бўйича қўшимча имкониятлар топиш керак.

Йиғилишда ҳудудлардаги ана шундай имкониятлар таҳлил қилиниб, уларни ишга солиш чора-тадбирлари белгиланди.

– Озиқ-овқат учун ҳамма шароит қилиб берилди. Бошқа қўшимча ер беришнинг иложи йўқ. Энди илм, меҳнат ва самарали технологиялар билан маҳсулдорликни ошириш керак, – деди Шавкат Мирзиёев.  

Ўтган йили озиқ-овқат етиштиришга имтиёзли кредитлар ажратиш, уруғ, кўчат, ўғит ва маҳсулот сотиб олишни тўғридан-тўғри молиялаштириш йўлга қўйилгани яхши самара берган эди. Жорий йилда бу мақсадга 6 триллион 200 миллиард сўм маблағ ажратилиши белгиланди.

Жумладан, Қишлоқ хўжалиги жамғармасидан мева-сабзавотчиликка айланма маблағлар учун 700 миллиард сўм йўналтирилади.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги 130 миллион доллар маблағни тадбиркорларга тўғридан-тўғри ажратади. Бунинг учун тадбиркорлар ўз лойиҳаларини вазирликнинг шаффоф электрон платформаси орқали тақдим қилади. Ажратилган кредитнинг 20 фоизи олдиндан, қолган 80 фоизи 10 йил давомида бўлиб-бўлиб тўланади. Бунда “банк устамаси” бўлмагани туфайли кредит фоизи ҳам арзон бўлади.

Шунингдек, JICA томонидан озиқ-овқат етиштириш ва қайта ишлашга 200 миллион доллар ажратилаётгани қайд этилди.

Ушбу маблағлардан самарали фойдаланиб, янги боғлар ташкил қилиш зарурлиги таъкидланди.

Қишлоқ хўжалигини саноатлаштириш, одамларни ишли қилиш борасидаги имкониятлар ҳам кўрсатиб ўтилди. Масалан, пилла бир ойда энг тез тайёр бўладиган даромадли маҳсулот. Лекин, туманларда бу бўйича лойиҳа кам.

Шу боис аҳолига яқин лалми ва яйлов майдонларни ўзлаштириб, пилла кластерлари ташкил қилиш вазифаси қўйилди. Бу ерлар Вьетнам тажрибаси асосида одамларга 1-2 гектардан ҳам тут, ҳам озиқ-овқат экиш учун берилади. Натижада тармоқда 2 миллион аҳолини банд қилиш ва 600 миллион доллар қўшимча экспорт имконияти пайдо бўлади.

Яна бир фойдаланилмаётган манба – дала ва коллектор-дренажлар атрофидаги ерлар. Бундай жойларни аниқлаб, фермер хўжалиги ишчилари ва эҳтиёжманд аҳолига ижарага бериш мумкинлиги айтилди.

Йиғилишда қишлоқ хўжалигини техника билан таъминлаш масаласига ҳам тўхталиб ўтилди.

Бугунги кунда кластер, фермер ва деҳқонлардан 11 мингга яқин техника ва агрегатларга талаб шакллантирилган. Шу боис 1 апрелдан маҳаллий ишлаб чиқарилган барча техникалар хариди учун 15 фоиз субсидия бериладиган бўлди. Импорт қилинган техникалар уч йил муддатга божхона божи ва утилизация йиғимидан озод қилинади, улар бўйича қўшилган қиймат солиғини кечиктириб тўлашга рухсат берилади. Техника хариди учун 10 йил муддатга 10 фоизлик кредитлар ажратилади. Мутасаддиларга буни молиялаштириш бўйича топшириқ берилди.

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигига кўп импорт бўлаётган 25 турдаги озиқ-овқат маҳсулотларини юртимизда ишлаб чиқариш бўйича лойиҳаларни кўпайтириш вазифаси қўйилди. Иқтисодий воситаларни қўллаб, деҳқонлар ва тадбиркорларга қулай шароитлар яратиш юзасидан кўрсатмалар берилди.

Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар бўйича тармоқ ва ҳудудлар раҳбарларининг ҳисоботлари, тадбиркорларнинг фикрлари эшитилди.

Манба