Қорақалпоғистонда амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари тақдимоти ўтказилди

Президент Шавкат Мирзиёев 9 март куни Қорақалпоғистон Республикасида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари тақдимоти билан танишди.

Давлатимиз раҳбари 2020 йил 2 октябрь куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг навбатдан ташқари сессиясида ҳудуд иқтисодиётини ривожлантириш, аҳоли ҳаётини яхшилаш бўйича кўрсатмалар берган эди. Шундан сўнг, мутахассислар томонидан ҳар бир шаҳар ва тумандаги имконият ва муаммолар ўрганилиб, таклифлар ишлаб чиқилди. Улар асосида, ўтган йили 11 ноябрда Президентнинг “2020-2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Тақдимотда, аввало, мазкур қарор ижроси доирасида муҳандислик ва йўл инфратузилмасини ривожлантириш, маҳалла ва овулларда турмуш шароитларини яхшилаш, аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Ўтган йили Қорақалпоғистонда умумий қиймати 436 миллион долларлик 712 та лойиҳа амалга оширилиб, 4 минг 300 дан зиёд иш ўрни яратилган. Жорий йилнинг январь-февраль ойларида эса 52 та лойиҳа бажарилиб, 300 дан ортиқ кишининг бандлиги таъминланган.  

Бу борадаги ишлар тизимли давом эттирилмоқда. Хусусан, умумий қиймати 887 миллион доллардан зиёд бўлган яна 711 та лойиҳа шакллантирилган. Соҳалар кесимида айтганда, уларнинг 201 таси саноат, 280 таси хизмат кўрсатиш, 230 таси қишлоқ хўжалиги тармоқларидадир. Барча лойиҳалар натижасида қарийб 222 миллион долларлик ишлаб чиқариш қуввати ташкил этиш, 100 миллион долларлик импорт ўрнини босиш ҳамда 41 миллион долларлик экспортни таъминлаш мумкин бўлади. 22 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилади.

Қорақалпоғистон замини минерал ресурсларга бой. Уларни қайта ишлаб, қурилиш материаллари тайёрлаш мақсадида 150 та лойиҳа режалаштирилган. Натижада йилига 1 триллион сўмликдан зиёд маҳсулот ишлаб чиқарилиб, қўшимча 3 миллион долларлик экспорт қилиш имконияти яратилади. Масалан, Мўйноқ туманида керамика ва қамишдан плиталар, Тўрткўл туманида ойна ишлаб чиқариш режалаштирилган.

Тўқимачилик соҳасида 40 та, фармацевтика йўналишида 16 та корхона ташкил этиш мўлжалланган. Бу корхоналарда 5 мингдан ортиқ киши иш билан таъминланади.

Улардан бири – артемия цистасини қайта ишлаш бўйича лойиҳа. Қисқичбақасимонлар оиласига мансуб ушбу митти жонзотдан тайёрланадиган маҳсулотлар тиббиёт, фармацевтика, косметология, қишлоқ хўжалиги каби кўплаб соҳаларда фойдаланилади. Шу боис 30 миллион доллар эвазига корхона ташкил этиб, йилига 3 минг 500 тонна артемия цистасини қайта ишлашни йўлга қўйиш режалаштирилган. Унинг экспорт қуввати 30 миллион доллар бўлиши мўлжалланган. Бу ерда 500 та доимий, 2 мингта мавсумий иш ўрни яратилади.

Қизилмия илдизини чуқур қайта ишлаш бўйича яна 13 та лойиҳа шакллантирилган. Уларнинг самарасида қизилмия маҳсулотлари экспорти миқдорини ҳозирги 29 миллион доллардан 62 миллион долларга етказиш мақсад қилинган.

Қорақалпоғистоннинг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги имкониятлари ҳам жуда кенг. Масалан, чорвачилик, балиқчилик ва паррандачилик бўйича 117 та лойиҳа ишлаб чиқилган. Уларнинг самарасида 7 мингга яқин кишининг бандлиги таъминланади. Аҳамиятлиси, ушбу лойиҳаларнинг 24 таси гўшт, сут ва терини қайта ишлаш, омухта ем ишлаб чиқаришга йўналтирилган.

Давлатимиз раҳбари хорижий тажрибани татбиқ этган ҳолда, наслли чорвачилик ва балиқчиликни ривожлантириш зарурлигини таъкидлади. Ресурсларни тўла ишга солиб, қайта ишлашни чуқурлаштириш, аҳолига доимий даромад манбаи яратиш чора-тадбирлари юзасидан кўрсатмалар берди.

Манба