Самарқанд – қадимий шаҳар. Унинг тарихий қиёфасини сақлаш муҳим бўлганидек, аҳолининг ўсиб бораётган эҳтиёжи учун шароит яратиш ҳам керак. Шу боис шаҳар чеккасидаги Қорасув мавзесида замонавий уй-жойлар бунёд этилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев 2019 йилда вилоятга ташрифи чоғида бу ердаги дастлабки уйларни кўздан кечириб, янги лойиҳалар тақдимоти билан танишган эди. Ўтган даврда бу лойиҳалар ҳаётга кўчди. “Agromir Buildings” масъулияти чекланган жамияти томонидан мавзеда 16, 15, 14 ва 12 қаватли жами 47 та турар жой қурилди. Уларда 3 минг 588 та хонадон бор.
Турар жойларнинг фасади 3 қаватли қопламадан иборат бўлиб, хонадонлар қишда иссиқ, ёзда салқин бўлишини таъминлайди. Биноларга видеокузатув тизими, юқори технологияли ёнғин хавфсизлиги ускуналари ўрнатилган. Ҳар бир хонадон алоҳида иситиш қозони билан жиҳозланган. Уйлар эгаларига тайёр ҳолда топширилмоқда.
Умуман, Қорасув мавзесида қурилган кўп қаватли уйлар сони 116 тага етди. Шунингдек, бу ерда 1 минг 600 ўринли мактаб, 120 ўринли болалар боғчаси, маҳалла фуқаролар йиғини биноси, савдо дўконлари, ўйин ва спорт майдончалари барпо этилган.
Жорий йилда яна 7 та 16 қаватли, 2 та 25 қаватли уйлар қурилмоқда.
Давлатимиз раҳбари уй-жойлар ва инфратузилма тармоқларининг сифатига алоҳида эътибор қаратди. Қурувчи ташкилотнинг сифат учун масъулияти ва жавобгарлигини янада кучайтирадиган механизм ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидлади.
– Ривожланган давлатлардагидек уйлар қуришни ўзлаштирдик, энди хизмат кўрсатишни ҳам шунга яраша яхшилаш керак, – деди Шавкат Мирзиёев.
Чет эл тажрибаси асосида сервис турларини кенгайтириш, кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатувчи корхона ҳамда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича махсус пункт ташкил этиш юзасидан тавсиялар берилди.
Шу ерда Самарқанд шаҳри Бош режаси ва шаҳар ҳудудини кенгайтириш лойиҳалари тақдимоти ўтказилди.
Олдингиси
Зиёратгоҳнинг янги мажмуаси қурилиши бошланди
Давлатимиз раҳбари 2019 йили Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасини кенгайтириш зарурлигини таъкидлаган эди.
15.04.2021