Саноат зоналарини ривожлантириш чоралари муҳокама қилинди

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 26 май куни ҳудудларда махсус иқтисодий ва кичик саноат зоналари ташкил қилиш, уларни зарур инфратузилма билан таъминлаш чора-тадбирлари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Маълумки, бундай мажмуалар яхлит жойлашув, қулай коммуникация эвазига саноат ривожига катта туртки бўлади. Ўтган беш йилда юртимизда қўшимча 19 та эркин иқтисодий зона ва 400 дан зиёд кичик саноат зонаси ташкил этилиб, мингдан ортиқ лойиҳа амалга оширилди. Натижада 100 мингта иш ўрни яратилиб, йилига 45 триллион сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Шунингдек, саноат зоналаридаги корхоналар йилига 750 миллион долларлик экспорт ва 1 триллион сўмдан зиёд солиқ тушумларини таъминламоқда.

Яна бир муҳим жиҳати, ҳар бир туманга, олис ва чекка ҳудудларга саноат кириб бормоқда. Хусусан, илгари саноат умуман бўлмаган 11 та туманда 205 та янги корхона иш бошлади.

Аслида, салоҳият, марралар бундан-да юқори. Лекин уларни ҳаётга татбиқ этишда сусткашлик ҳолатлари кўп. Айрим кичик саноат зоналарининг бош режаси ҳалигача тасдиқланмагани, яна баъзилари инфратузилма билан тўлиқ таъминланмагани сабабли тайёр лойиҳалар бошланмасдан турибди.

Бундан ташқари, саноат зоналарида иш бошлаш учун беш босқичли жараёндан ўтиб, ўндан ортиқ ҳужжатлар йиғиш кераклиги тадбиркорларга қийинчилик туғдирмоқда.

Президентимиз бу масалаларни ҳал этиш саноатни ривожлантириш ва иш ўринларини кўпайтиришда муҳим эканини таъкидлади. 

– Бозор иқтисодиётида ҳар бир туманга, ҳар бир маҳаллага инвестиция кириб бориши керак, – деди давлатимиз раҳбари. – Жорий йилнинг ўзида 2 мингта лойиҳани амалга ошириш, 110 мингта янги иш ўрни очиш ва 1 миллиард доллар қўшимча экспорт қилиш мумкин. Бугунги муҳокамамиз замирида шу мақсад ётибди.

Йиғилишда саноат зоналарида бўш турган 6 минг 600 гектар майдонни электр энергияси, сув, йўл ва бошқа шароитлар билан таъминлаш чоралари муҳокама қилинди. Бунинг учун 1 триллион 500 миллиард сўм ёки 2021 йилга нисбатан 2 баравар кўп маблағ ажратилиши белгиланди.

Ҳудудларда текстиль-бўёқ ва терини қайта ишлаш бўйича кўплаб янги лойиҳалар тайёрланган. Бунинг учун марказлашган тозалаш иншоотлари зарур. Шу боис бундай корхоналар учун танланган жойларда замонавий тозалаш иншоотлари қуриш бўйича кўрсатма берилди.

Маълумки, 200 миллиард сўмдан юқори бўлган лойиҳалар инфратузилмаси учун харажатларни давлат томонидан молиялаштириш жорий қилинган. Бухоро, Жиззах, Самарқанд, Сурхондарё, Фарғона ва Тошкент вилояти тадбиркорлари бу имкониятдан фойдаланиб, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича 630 миллион долларлик лойиҳалар ташаббуси билан чиққан.

Шундай лойиҳалар учун жорий йилда ҳудудларга 170 миллиард сўм ажратилиши қайд этилди. Вилоят ҳокимлари бошқа ҳудудларга бориб,  бир-бирининг тажрибасини ўрганиши муҳимлиги таъкидланди.

Самарқандда 300 гектар майдонда янги махсус саноат зонаси ташкил этилиши айтилар экан, у ерда бизнес учун қулай шароитлар яратиш, импорт ўрнини босувчи ва экспортга йўналтирилган лойиҳаларни шакллантириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Давлатимиз раҳбари саноат зоналарида иш бошлашдаги бюрократияга алоҳида тўхталиб ўтди. Бу борадаги тартибни соддалаштириш чоралари белгиланди. Унга кўра, эркин иқтисодий зоналарда амалга ошириладиган лойиҳаларни экспертиза қилиш ваколати Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига ўтказилади. Импортда имтиёзларни қўллаш учун Лойиҳаларни ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш марказининг хулосасини олиш тартиби бекор қилинади.

Шу пайтгача саноат зоналаридаги ерлар аукционга ҳокимлик томонидан қўйилар эди. Энди инвестиция мажбуриятлари белгиланиб, мазкур зоналарнинг дирекциялари томонидан чиқарилади. Шунингдек, инвестиция мажбуриятлари тўлиқ бажарилганидан кейин, аукцион орқали олинган объектларни хусусийлаштиришга рухсат берилади.

Буларнинг ҳисобига саноат зоналарига лойиҳаларни жойлаштириш жараёнидаги босқичлар сони камайиб, бунга кетадиган вақт 3 ойдан 1 ойгача қисқаради.

Президентимиз кичик саноат зоналарида узоқ йиллардан бери фаолият юритиб келаётган тадбиркорларнинг ер ва бино-иншоотлари билан боғлиқ масалаларини ҳал қилиш бўйича ҳам топшириқ берди.

Маҳсулотларнинг экспортбоплигини, халқаро стандарт ва истеъмолчи талабларига мослигини таъминлаш учун айрим саноат зоналарини хорижий компанияларга бошқарувга бериш, улардан инвесторларни жалб қилиш зарурлиги таъкидланди.

Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан ҳокимлар ҳисобот берди, тадбиркорлар таклифларини билдирди.

Манба