Шавкат Мирзиёев: Сизлар катта куч-қудрат эгасисизлар

Президент Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз ўғил-қизларини Ёшлар куни билан табриклаб, нутқ сўзлади.

– Сизлар билан учрашиш, таклиф ва ташаббусларингизни эшитиш менга ҳар доим қувонч ва ғурур бағишлайди. Шижоат ва интилишингизни кўриб, ёниб турган кўзларингизга боқиб, ўзимга битмас-туганмас куч оламан. Сизлар мана шундай катта куч-қудрат эгасисизлар, – деди Президент.

Давлатимиз раҳбари байрамга янги чоралар билан келганини таъкидлаб, ёшлар учун яратилажак қўшимча имкониятларни эълон қилди.

Хусусан, “Ёшлар дафтари”да кўзда тутилган имтиёз ва енгилликлар энди 14-17 ёш оралиғидаги 3 миллион нафарга яқин ўғил-қизларга ҳам татбиқ этилади. Имтиёзлар сони ҳам ҳозирги 11 тадан 25 тага кўпайтирилади.

2022-2023 ўқув йилидан бошлаб, мақом хонандалиги, мақом чолғу ижрочилиги, бахшичилик ва фортепиано йўналишларига янги қабул қилинган талабаларнинг шартнома тўловлари тўлиқ давлат томонидан тўлаб берилади.

Техникумларга қабул йилда 2 марта ташкил этилиб, талабалар учун давлат гранти сони 2 баробарга оширилади. Улар учун ҳам таълим кредити жорий қилинади. Хусусий таълим муассасаларида дастурлаш, вэб-дизайн, анимация каби касбларни ўрганиш истагидаги ёшларга ҳам 20 миллион сўмгача миқдорда 4 йиллик имтиёзли кредит тақдим этилади.

Хорижий тилларни яхши ўзлаштирган ўқувчиларни рағбатлантириш мақсадида 70 нафар ўқувчи ва уларнинг устозлари давлат ҳисобидан Буюк Британияга сафарга юборилади.

Президент ёшларнинг бандлигини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратди. Тадбиркорлик дастурларига 220 минг нафар, касб-ҳунар ўрганишга 130 минг нафар, давлат корхоналари ва хусусий сектордаги бўш иш ўринларига 110 мингдан зиёд ўғил-қизлар жалб этилиши таъкидланди.

Интернет тармоғида Ўзбек миллий контентини ривожлантириш дастури амалга оширилади. Бу мақсадлар учун 10 миллиард сўм маблағ йўналтирилади.

Жорий йилдан бошлаб 36 та спорт федерацияси, 274 та спорт мактаби ўз ҳудудидаги маҳаллалар, мактаб ва коллежлар билан ҳамкорликда ишлайди. Ҳар бир кўча, маҳалла, таълим муассасасида спорт турлари бўйича жамоалар тузилади.

Маълумки, шу кунларда Конституцияни ислоҳ қилиш жараёни кетмоқда. Давлатимиз раҳбари бу борадаги таклиф ва ташаббусларнинг 70 фоиздан ортиғини ёшлар илгари сурганига урғу берди.

– Албатта, янгиланаётган Конституция бу – сизларнинг Конституциянгиз, – дея таъкидлади Президент.

Шавкат Мирзиёев ёшларга халқ шоири Ғафур Ғуломнинг сўзлари билан мурожаат қилди:

«Сиз ахир осмонни олмоқ бўлсангиз,

Не учун елкамни тутиб бермайин?»

Байрам шодиёнасини Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги 220 мингдан зиёд ёшлар кузатиб борди. Давлатимиз раҳбари улар билан ҳам видеоалоқа орқали мулоқот қилди.

Ёшлар куни арафасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон ва қарорига мувофиқ, илм-фан, спорт, санъат, тадбиркорлик ҳамда бошқа соҳаларда юқори натижаларни қўлга киритиб келаётган бир гуруҳ ёшлар «Келажак бунёдкори» медали ҳамда «Мард ўғлон» давлат мукофоти билан тақдирланган эди.

Давлатимиз раҳбари ушбу мукофотларни тантанали равишда топширди.

Тадбир “Ёшлар овози” танлови ғолиблари ҳамда таниқли эстрада хонандалари иштирокидаги концерт дастури билан давом этди.

Манба