Президент Шавкат Мирзиёев Қарши шаҳридаги Ёшлар марказида бўлиб, шароитларни кўздан кечирди.
Шу ерда қашқадарёлик ёшлар билан учрашув ўтказилди.
- Мен сизларнинг кўзларингга қараб, очиқ мулоқот қилгани келдим. Ҳамма ёшлар билан кўришишни хоҳлардим, лекин, афсуски, бунинг иложи йўқ. Сиз уларнинг вакиллари ўрнида жойлардаги муаммоларни, ёшлар истакларини айтишингизни истардим. Шунинг учун қўрқмасдан, ўз ота-оналарингга нима дейишни хоҳласаларинг, ҳамма фикрларингни бемалол айтинглар, - деди давлат раҳбари.
Учрашувда ёшлар муаммоларини ҳал қилиш, бандлигини таъминлаш, бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича очиқ мулоқот бўлди.
Қашқадарё вилоятида 26 мингдан зиёд ёшлар ишсиз, тадбиркорлик ривожи мамлакатдаги ўртача кўрсаткичдан анча пастда экани қайд этилди.
Йигит-қизларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, «Ёшлар – келажагимиз» давлат дастури доирасида йиллик режага қўшимча маблағ ажратиш зарурлиги таъкидланди.
Давлатимиз раҳбари мубораклик ёшларнинг таклифини қаноатлантириб, туманда IT-парк ташкил этиш, электрон тижорат ва дастурлаш кўникмаларини бепул ўргатиш юзасидан мутасаддиларга топшириқ берди.
Китоб туманидаги 150 ўринли Болалар мусиқа ва санъат мактабида 310 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Мазкур муассаса ўқувчилари учун етарли шароит яратиш вазифаси қўйилди.
Вилоят ёшларининг спортга қизиқишини инобатга олиб, мактабларда спорт заллари қуриш, мажмуаларда тўгаракларни кўпайтириш зарурлиги айтилди. Инвентарлар ва анжомлар сотиб олиш учун Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳисобидан 10 миллиард сўм ажратишга кўрсатма берилди.
Яқинда Сербияда ўтган самбо бўйича жаҳон чемпионатида олтин медални қўлга киритган Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институти талабаси Мушарраф Ибодуллаева давлат гранти асосида ўқишга ўтказиладиган бўлди.
Учрашувда турли соҳаларда ўқиётган ва ишлаётган ёшларнинг фикрлари эшитилди. Таклифлари маъқулланиб, мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.
- Мендан энг катта мақсад-муддаоинг, бахтинг нима, деб сўрасаларинг, шундай деган бўлардим: ёшларимизнинг дунёқарашини жаҳон даражасига кўтариш, ишли қилиш, ғурур-ифтихорини юксалтириш, оилавий бахтини кўриш, - дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.
Олдингиси
Қарши шаҳрида Корхоналарни соғломлаштириш ва хусусийлаштириш клиникаси очилди
Президент Шавкат Мирзиёев 12 ноябрь куни ушбу муассасани бориб кўрди.
12.11.2020