Ўзбекистон Президентининг Европа кенгаши Президенти билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 20 апрель куни Европа кенгаши Президенти Шарль Мишель билан телефон орқали мулоқот қилди.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги, биринчи навбатда сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва гуманитар соҳаларда кўп қиррали ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Кейинги йилларда шериклик жадал ривожланиб бораётгани ва турли даражалардаги алмашинувлар фаоллашгани катта мамнуният билан қайд этилди.

Хусусан, ўтган йил якунларига кўра Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи мамлакатлари билан ўзаро савдо ҳажми сезиларли даражада ортди. Германия, Франция, Италия, Бельгия, Венгрия ва Европанинг бошқа давлатлари етакчи компаниялари иштирокида муҳим инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда, қўшма корхоналарнинг умумий сони эса 1 мингдан ошди.

Бундан ташқари, асосий молиявий институтлар, шу жумладан Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Европа инвестиция банки билан самарали ҳамкорлик кенгаймоқда.

Инсон капитали ҳамда фуқаролик жамияти институтлари, фан, маданият ва таълимни ривожлантириш  масалалари бўйича мулоқотда муваффақиятга эришилгани алоҳида қайд этилди.

Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги янги битимни қабул қилишга тайёргарликни йил якунига қадар якунлаш мақсадида ушбу ҳужжат лойиҳаси бўйича фаол музокараларни давом эттиришга келишиб олинди.

Европа кенгаши Президенти Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кураш ва пандемиянинг мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларга салбий таъсирини камайтириш бўйича кўрилаётган мислсиз қатъий чора-тадбирларни юксак баҳолади ва тўлиқ қўллаб-қувватлади.

Шарль Мишель Европа Иттифоқи ушбу глобал хатарга қарши курашишда Ўзбекистонга зарур ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирди, мамлакатимизга ушбу мақсадлар учун молиявий-техник кўмак ажратиш тўғрисида қарор қабул қилингани тўғрисида хабар қилди.

Суҳбатда минтақавий аҳамиятга молик масалалар ҳам алоҳида кўриб чиқилди.

Европа кенгаши Президенти Марказий Осиёда катта ижобий ўзгаришлар рўй бергани ва минтақа мамлакатларининг умумий саъй-ҳаракатлари билан эришилган дўстлик ва ишонч, яхши қўшничилик ва шериклик муносабатларининг бугунги даражасини катта мамнуният билан қайд этди. Унинг таъкидлашича, ушбу сезиларли муваффақиятлар Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича янги стратегияси мақсад ва вазифаларига тўлиқ мос келади.

Биринчи навбатда савдо, инвестиция, инновация, транспорт ва энергетика соҳаларида дастур ва лойиҳаларни илгари суриш орқали бутун минтақанинг ўзаро боғлиқлигини кучайтириш ва барқарор тараққиёт мақсадида биргаликда фаол ишлаш муҳимлиги қайд этилди. Шу боис йил якунига қадар минтақавий ҳамкорликни чуқурлаштиришга қаратилган биринчи галдаги чора-тадбирларни ишлаб чиқиш бўйича вазирлар кўп томонлама конференциясини ўтказиш масаласи кўриб чиқилади.

Телефон мулоқоти чоғида, шунингдек, халқаро аҳамиятга молик қатор масалалар ҳамда бўлажак олий даражадаги тадбирлар режаси муҳокама қилинди.

Суҳбат якунида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Европа кенгаши Президенти Шарль Мишель Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги конструктив мулоқот ва кенг кўламли ҳамкорликни ривожлантиришга интилишлари қатъий эканини таъкидладилар.

Манба