Оддий ҳаёт ҳақиқати бор. Бу дунёда хурсандчилик ва ташвиш, ютуқ ва қийинчиликлар ҳамиша ёнма-ён юради. Юртимизнинг қадим тарихида бундай воқеалар кўп бўлган. Лекин кўпни кўрган, азму шижоатли халқимиз бундай вазиятларни ҳамиша ақл-идрок, сабр-тоқат ва жасорат билан енгиб ўтган.
Куни кеча Сирдарё вилоятида юз берган ҳодиса бу ҳақиқатни яна бир бор тасдиқлади. Иқтисодий тараққиёт ва равнақ йўлида шиддат билан илгарилаб бораётган мамлакатимиз жиддий синовга дуч келди. Аммо иродаси мустаҳкам, матонатли элимиз бу сафар ҳам ҳамжиҳатлик ва аҳиллик намунасини кўрсатмоқда.
Бу қатъият куну тун халқ манфаатини, юртнинг тинчлиги ва осойишталигини ўйлаб яшаётган давлатимиз раҳбари бошчилигида қудратли тўлқинга айланди.
Президентимиз ҳодиса юз берган дастлабки соатлардаёқ бу ерга зудлик билан етиб келиб, одамларга ҳамдард ва елкадош бўлгани, “талафот оқибатларини қисқа вақтда бартараф этамиз, жабр кўрган ҳар бир инсон, ҳар бир хонадонга албатта ёрдам берамиз”, деган сўзлари Сирдарё аҳлига жуда катта мадад ва далда берди.
Давлатимиз раҳбари икки кун давомида вилоятда қолиб, вазиятни барқарорлаштириш ишларига шахсан бош-қош бўлди. Шу боис ҳам халқимиз бу кутилмаган табиий офат олдида ўзини йўқотиб қўймади. Ҳамма бир тану бир жон бўлиб, ҳудудда нормал ҳаётни тиклаш борасида фаоллик ва фидойилик кўрсатмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев бугун ҳам Сирдарё вилоятида бўлиб, Сардоба сув омбори ҳудудида амалга оширилаётган тиклаш-таъмирлаш ишлари билан яқиндан танишди.
Маълумот ўрнида шуни айтиш лозимки, мазкур сув иншооти Сирдарё ва Жиззах вилоятларидаги 6 та туман экин майдонларини сув билан таъминлаш мақсадида барпо этилган. Ҳозирги вақтда тошқин юз берган жойда 2 та бригада ташкил этилиб, тўғон ёриғининг чап ва ўнг қирғоқларида жадал иш олиб борилмоқда. Бу жараёнга юзлаб малакали мутахассислар, мингдан ортиқ махсус техникалар жалб этилган. Катта ҳарсанг тошлар, бетон блоклар ва плиталар, бошқа тегишли қурилиш материаллари келтирилиб, тўғон олдида ярим айлана шаклида тўсиқ девор барпо этилмоқда. Ишчи-муҳандислар, ҳайдовчилар учун барча шароит яратилиб, саъй-ҳаракатлар кечаю кундуз ташкил этилган.
Президент Шавкат Мирзиёев бажарилган ишларни синчиклаб кўздан кечириб, мутасадди раҳбарлар ва мутахассисларга зарур кўрсатмалар берди.
Маълумки, сув тошқини асосан Сирдарё вилоятининг Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманлари аҳоли пунктлари ва экинзорларига зарар етказган. Ҳукумат комиссияси томонидан амалга оширилган тезкор чора-тадбирлар натижасида ушбу туманлардаги 22 та қишлоқдан жами 60 мингдан зиёд аҳоли эвакуация қилинган эди.
Олдингиси
Шавкат Мирзиёев жабрланганлардан кўнгил сўради
Президент Шавкат Мирзиёев Сардобадаги фавқулодда ҳодиса сабабли Гулистон шаҳрига эвакуация қилинган одамлар билан мулоқот қилиб, улардан кўнгил сўради. Ҳеч ким эътибордан четда қолмаслиги, ҳаммага ғамхўрлик кўрсатилишини таъкидлади.
02.05.2020