Темир йўл соҳасидаги йирик лойиҳалар бўйича ахборот берилди

Президент Шавкат Мирзиёевга темир йўл соҳасидаги йирик халқаро лойиҳаларнинг амалдаги ҳолати ва келгуси режалар юзасидан ахборот берилди.

Мамлакатимиз учун транспорт йўлакларини диверсификация қилиш, жаҳон бозорларига тез ва эркин чиқиш жуда муҳим. Шу боис давлатимиз раҳбари халқаро анжуманларда бу масалани доим кўтариб, амалий ташаббусларни илгари сурмоқда. Қўшни ва манфаатдор мамлакатлар билан “тил топишиб”, лойиҳалар жадаллаштирилмоқда.

Улардан бири 454 километрлик “Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой” темир йўли қурилишидир. Маълумки, жорий йил 14 сентябрда Самарқандда бу лойиҳа бўйича уч томонлама Англашув меморандуми имзоланган эди. Ноябрь ойида Хитойнинг “Биринчи лойиҳа-тадқиқот институти” томонидан дала тадқиқот ишлари олиб борилди.

Ҳисобот давомида режадаги ишлар тўғрисида ҳам айтиб ўтилди. Хусусан, Бишкек шаҳрида лойиҳа офиси ташкил этилади. Лойиҳани бошқариш услуби ва тартиби муҳокама қилинади. Халқаро молия ташкилотлари билан музокаралар ўтказилади. Умуман, 1 июнгача лойиҳанинг техник-иқтисодий асосини тайёрлаш режалаштирилган.

Соҳадаги яна бир минтақавий лойиҳа “Термиз – Мозори-Шариф – Кобул – Пешовар” темир йўлидир. Афғонистондаги мураккаб вазиятга қарамай, бу борада ҳам сезиларли силжишлар бор.

Хусусан, жорий йил ёзда Афғонистоннинг Мозори-Шариф шаҳридан Покистоннинг Торхам шаҳригача тадқиқот экспедицияси ўтказилди.

Қайд этилганидек, лойиҳа доирасида 765 километр темир йўл қурилиши мўлжалланмоқда. Келгуси йили бу бўйича лойиҳа офиси ташкил этиш, халқаро консалтинг компаниясини жалб қилиш, инвесторлар билан музокаралар ўтказиш режалаштирилган. Шулардан келиб чиқиб, лойиҳанинг техник-иқтисодий асоси тайёрланади.

Президент Шавкат Мирзиёев бу режаларни маъқуллаб, ҳамкор мамлакатлар билан “йўл хариталари” ишлаб чиқиш бўйича кўрсатмалар берди.

Бу икки темир йўлнинг қурилиши Ўзбекистоннинг транспорт коммуникацияларини диверсификация қилиб, логистика имкониятларини каррасига кенгайтиради.

Манба