Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент метрополитени Сергели йўналишининг қурилиши билан танишди.
Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 29 ноябрдаги қарорига мувофиқ барпо этилаётган бу йўл пойтахтимиз транспорт коммуникациясининг яна бир муҳим тармоғидир. Лойиҳанинг умумий қиймати 82,6 миллион доллар бўлиб, 7 километр темир йўл ва 6 та бекат қурилиши белгиланган. Сергели йўналиши Чилонзор линиясининг "Олмазор" бекатига уланади.
Шу тариқа катта аҳолига эга Сергели тумани шаҳар маркази ва бошқа туманлари билан яна бир транспорт воситаси орқали боғланади. Жумладан, Сергелидан метрога ўтирган йўловчи "Буюк ипак йўли" бекатигача алмашмасдан етиб олиши мумкин.
Давлатимиз раҳбари "Олмазор" бекати яқинида бўлиб, қурилиш ишларининг боришини кўздан кечирди. Сергели туманининг ривожланиб бораётгани, янги кўп қаватли уйлар қурилаётгани нуқтаи назаридан бу метро йўналиши улкан аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Йўловчиларнинг метрополитенгача етиб олиши ва метрода ҳаракатланиши учун яратиладиган шароитлар билан қизиқди.
Шавкат Мирзиёев Яшнобод туманига ташриф буюриб, ерусти ҳалқа метросининг қурилиши билан ҳам танишди.
Узунлиги қарийб 55 километр бўлган мазкур транспорт тармоғининг умумий қиймати 422 миллион доллардан зиёд. Лойиҳа беш босқичда амалга оширилиши белгиланган.
Бугунги кунда унинг биринчи босқичи – метрополитеннинг “Дўстлик” бекатидан Қўйлиқ бозоригача бўлган 11 километрлик қисми қурилмоқда. Бу йўналишда 7 та бекат бўлади.
Айни пайтда “Дўстлик-2” ва “Оҳангарон” бекатлари қуриб битказилган.
Давлатимиз раҳбари янги келтирилган поездга чиқиб, мазкур бекатлар оралиғида юриб кўрди, станцияларда яратилган шароитларни кўздан кечирди.
Бекатлар йўловчиларга қулайлик яратувчи замонавий технологиялар, йўлкирани электрон тўлаш имконини берувчи турникетлар, эскалатор билан жиҳозланган.
Қўйлиқ бозоригача бўлган йўлнинг қолган қисмида ҳам пойдеворлар қуюлиб, таянч устунлар ўрнатиш якунланган. Балкалар ўрнатиш, бекатлар қуриш ишлари давом этмоқда.
Лойиҳанинг иккинчи босқичда Қўйлиқ бозори билан “Олмазор” бекати боғланади. Учинчи бўлиб “Беруний”, ундан кейин “Бодомзор” бекатигача бўлган қисм қурилади. Сўнгги босқичда эса ҳалқа метро линияси яна “Дўстлик” бекатига уланади.