Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 29 март куни мамлакатимиз туризм салоҳиятини ошириш масалалари муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Туризм ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий-маданий аҳамиятга эга кенг қамровли соҳа. У даромадлилиги бўйича дунёда учинчи ўринда туради. Яна бир муҳим томони, кам харажат билан кўп иш ўринлари яратиш имконини беради.
Мамлакатимизда бу соҳа изчил ривожланмоқда. Жумладан, 2022 йилда юртимизга ташриф буюрган хорижий туристлар сони 2021 йилга нисбатан 3 баравар ошган. Соҳа экспорти 1 миллиард 600 миллион долларни ташкил этган. Ички туризм дастурлари доирасида 11 миллиондан зиёд аҳоли саёҳат қилган. Самарқандда янги туризм маркази барпо этилгани натижасида у ерга қўшимча 2 миллион сайёҳ келган.
Аслида мамлакатимизда бу соҳадаги салоҳият бундан анча юқори. Юртимизга келмоқчи бўлган сайёҳлар жуда кўп. Лекин, уларни қизиқтирадиган жойлар ҳақида контент кам, туристларни 4-5 кун олиб қоладиган дастурлар етишмайди. Самолёт ва поездга билетни бир неча ой олдиндан сотиб олишда ноаниқликлар кўп.
Йиғилишда соҳа ривожига тўсиқ бўлаётган шу каби муаммолар танқидий таҳлил қилиниб, муҳим чора-тадбирлар белгиланди.
Узоқ хорижликлар учун Ўзбекистоннинг дарвозаси бу – аэропорт. Сўнгги йилларда 5 та янги хусусий авиакомпания ташкил қилинди, авиация паркимиз 44 тага етди. Ўтган йили Самарқанд аэропорти “бешинчи осмон” режимида ишлашига ўтгани ҳисобига, ҳафталик авиақатновлар сони 46 тадан 78 тага, йўловчи оқими эса 6,5 мингдан 10 мингтага кўпайди.
Лекин, ички рейслар тақчиллиги ҳафтасига Нукус ва Урганчга 20 тани, Самарқандга 15 тани, Бухоро ва Термизга 11 тани ташкил қилаяпти. Шу каби, темирйўлда ҳафтасига 68 та қўшимча қатновга, 350 та янги вагонга талаб бор. Қорақалпоғистон, Жиззах, Наманган ва Сурхондарёда сайёҳларга автобус етишмайди.
Шу боис йил якунигача яна 20 та замонавий самолёт олиб келиб, авиақатновларни кўпайтириш бўйича кўрсатма берилди. Жами маҳаллий рейслар сони 2 баравар оширилиб, 100 тага етказилиши, айрим йўналишлар бўйича авиачипта харажатининг бир қисмига субсидия берилиши айтилди.
Шунингдек, бу йил 8 та электр поезд олиб келинади. Туроператор, меҳмонхона ва ташувчиларга 10 ва ундан ортиқ ўриндиқли автотранспортлар олиб киришда божхона имтиёзлари берилади. Қамчиқ довонида микроавтобус, Жиззах довони, Чимён ва Чорвоқда туристик автобус ва микроавтобуслар қатновига рухсат берилади.
Туризмда яна бир муҳим омил бу меҳмонхона. Бу борада кенг имконият яратилгани ҳисобига, сўнгги беш йилда меҳмонхона ўринлари 2 баравар ошиб, 60 мингтага етган.
Давлатимиз раҳбари хорижий консалтинг компанияларни жалб қилиб, меҳмонхоналардаги шароитларни халқаро стандартлар даражасига олиб чиқиш, улар учун қўшимча кредит ресурслари ажратиш зарурлигини таъкидлади.
Йиғилишда туризм дастурларининг мазмунига ҳам эътибор қаратилди. Қайд этилганидек, хорижий сайёҳларнинг Ўзбекистонда бир кун кўпроқ қолиши йиллик туризм экспортини 300 миллион долларга оширади.
Мисол учун, Хоразмда хорижий туристлар Бухоро ва Самарқандга қараганда 2 баравар кам бормоқда. Лекин, Хоразмда сайёҳларни 3-4 кун олиб қолиш учун барча имконият мавжуд.
Ёки, ўтган йили 31 та туман ва 143 та маҳалла туризмга ихтисослаштирилиб, уларда алоҳида солиқ режими жорий қилинган эди. Бу имтиёзлардан 4 мингга яқин корхона фойдаланиб, товар айланмаси 1,5 баравар ошган.
Сайёҳларни кўпроқ вақт олиб қолишда етишмаётган нарса бу қизиқарли дастурлар ва тарғибот. Шу боис йиғилишда бу борада кўмаклашишга 11 та олий таълим муассасаси бириктирилди. Улар 31 та туман ва 143 та туризм маҳалласининг тарихи, ёдгорликлари ва диққатга сазовор жойлари ҳақида маълумотлар мажмуини яратади. Улар асосида 12 та тилда туристик пакетлар ишлаб чиқилади. Туризм ва сервис объектлари ишчилари ўқитилади.
Мутасаддиларга меҳмонхона, маданият, табиат, этно ва гастрономик марказларни боғлайдиган туризм кластерлари ташкил этиш, “туристлар учун меҳмондўст муҳит сертификати”ни жорий қилиш бўйича топшириқлар берилди.
Юртимизда туризм дастурлари асосан апрель-май ва сентябрь-октябрь ойларига мослашган. Лекин бу мавсумни узайтириш учун етарли имконият бор.
Масалан, қишда Тошкент ва Жиззах вилоятларида чанғи, бошқа жойларда ёзда чўмилиш масканларини ташкил этиб, туристик мавсумга яна икки ой қўшиш мумкин. Шунингдек, ёзда 22 та қўриқхона, 24 та миллий табиат боғи ва табиат ёдгорликлари имкониятидан ҳам фойдаланса бўлади.
Шу каби манбалар асосида, ёзги ва қишки мавсумларга мўлжалланган лойиҳалар ишлаб чиқиш, туристик мавсум бўлмаган кунларда сайёҳлар учун қизиқарли фестивал ва маданият тадбирлари ташкил қилиш вазифаси қўйилди.
Яна бир масала – мамлакатимизда 8 мингдан зиёд маданий мерос объектлари ва 122 та музей бор. Ёшлар учун адабиёт, тарих, география, тасвирий санъат каби фанларни ушбу масканларда ташкил этиш мақсадга мувофиқлиги айтиб ўтилди.
Бу йил юртимизда Жаҳон туризм ташкилоти Бош ассамблеясининг йиғилиши ўтказилади. Самарқанд 2023 йилда Жаҳон туризм пойтахти бўлади.
Давлатимиз раҳбари бу йил Ватанимизнинг бой маданияти ва туристик салоҳиятини жаҳонга тарғиб қилиш йили бўлиши кераклигини таъкидлади.
Шу мақсадда маркетинг ва реклама билан сайёҳларни жалб қилиш учун 100 миллиард сўм ажратилиши белгиланди. “Ўзбекистон ташриф қоғози”ни ишлаб чиқиб, туризм брендини янгилаш, халқаро телеканаллар ва интернет платформаларида Ўзбекистон ҳақидаги реклама роликларини кўпайтириш муҳимлиги қайд этилди.
Умуман, бу йил 7 миллион хорижий ва 15 миллион ички сайёҳларни жалб қилиш, соҳа экспортини 2,5 миллиард долларга етказиш имконияти борлиги кўрсатиб ўтилди.
Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан вазир ва ҳокимлар, тадбиркорлар ўз фикр ва таклифларини билдирди.
Олдингиси
Банклар капиталига хорижий инвестициялар жалб этилади
Президент Шавкат Мирзиёев 28 март куни Асакабанк ва Ўзсаноатқурилишбанк капиталига хорижий инвестициялар жалб этиш бўйича тақдимот билан танишди.
28.03.2023Кейингиси
Президент Қорақалпоғистонга келди
Президент Шавкат Мирзиёев ҳудудлар ривожи ва аҳоли ҳаёти билан танишиш мақсадида 30 март куни Қорақалпоғистон Республикасига келди.
30.03.2023