Ўзбекистон илм-фанни ривожлантириш орқали мустаҳкам ва барқарор тараққиётга эришиш йўлини танлади. Чунки илм-фанга етарли эътибор берилмаc, илмий изланишлар, инновациялар қўллаб-қувватланмаc экан, мамлакат кўплаб соҳаларда орқада қолади.
Президент Шавкат Мирзиёев мана шу камчиликка барҳам бериш мақсадида давлат раҳбари сифатидаги фаолиятининг дастлабки кунларидан бошлаб илм-фан ва инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлашга, илм аҳлини рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазири Иброҳим АБДУРАҲМОНОВ билан суҳбатимиз иқтисодиётимизнинг барча соҳалари тараққиётида илм-фаннинг ўрни, вазирлик олдидаги вазифалар, инновацион ғоя ва технологиялар орқали мамлакатимизнинг халқаро майдондаги рақобатбардошлигини ошириш ҳақида бўлди.
– Иброҳим Йўлчиевич, вазирлик ташкил этилгунга қадар инновацион маҳсулотларни ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш ва жорий этишни таъминловчи ягона орган йўқ эди. Бугунги кунда вазирлик фан, таълим ва ишлаб чиқаришни тўлиқ интеграциялашда лозим даражага салоҳиятли ташкилотга айлана олдими?
– Деярли барча мамлакатлар илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги интеграцияни таъминлашда ягона бўлган “олтин учбурчак”, яъни илм-фан – давлат – бизнес моделидан фойдаланади. Бироқ модель ягона бўлса-да, бу интеграцияни таъминлашда давлатларнинг олиб бораётган сиёсати турличадир. Яъни, “олтин учбурчак”нинг якуний поғонаси йўқ. Интеграция доимий ривожланишдаги жараёндир.
Вазирлигимиз ташкил этилгач, ушбу интеграцияни таъминлашга қаратилган бир қатор фундаментал чора-тадбирлар амалга оширилди. Биринчи қадамлар, албатта, бошқарув тизимини такомиллаштиришдан бошланди. Яъни, олий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот ташкилотларида илмий ишлар бўйича проректор ёки директор ўринбосарлари лавозими ўрнига илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректор ёки директор ўринбосарлари лавозими жорий этилиб, уларнинг фаолияти вазирлик томонидан мувофиқлаштириш тизими йўлга қўйилди.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясига қарашли айрим илмий-тадқиқот ташкилотларининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича директор ўринбосарлари бир вақтда тегишли йўналишдаги олий таълим муассасаларининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори лавозимларига тайинланди. Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарлари ўринбосарларидан бири инновацион ривожланиш масалалари бўйича масъул этиб белгиланди. Шу тариқа илмий ташкилотлар, вазирликлар ва тармоқ ташкилотларда инновацион фаолият билан доимий шуғулланадиган “инновация офицерлари” пайдо бўлди.
Иккинчи қадам сифатида, инновацион фаолиятга муҳим қўшимча молиявий маблағлар манбаини белгилаш ва бу орқали ташкилотларга инновацион фаолият билан шуғулланиши учун эркин муҳит яратиш мақсадида инновацион жамғармалар ташкил этилди. Бу жамғармалар илмий тадқиқотлар ва инновацион ишланмаларни рағбатлантириш, илмий-лаборатория асбоб-ускуналари, материаллар ва бутловчи буюмлар сотиб олиш, илмий-тадқиқот инфратузилмасини шакллантириш ва янгилаш, илмий ходимларни моддий рағбатлантириш ва инновация фаолияти билан боғлиқ бошқа харажатларни амалга оширишга йўналтирилиши белгиланди.
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йуналиши буйича Харакатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурига мувофиқ, илмий тадқиқотларни тижоратлаштириш, уларнинг амалий самарадорлигини, “буюртмачи – тадқиқотчи – инвестор” узвийлигини таъминлашга қаратилган инновацион ишланмаларнинг махсус портали ишга туширилди.
Энг муҳими, илмий ишланмаларни тижоратлаштириш механизмлари белгиланиб, ундан олимларни мафааатдорлиги аниқ белгилаб берилди. Демак, бир томондан инновацион фаолият билан шуғулланишга эркинлик ва кенг имкониятлар яратилган бўлса, иккинчи томондан рағбат муҳити шакллантирилишига дастлабки тарихий қадамлар қўйилди.
Муҳим тадбирлардан яна бири, мамлакатда инновацион экотизимни ташкил этиш (бу экотизим таркибига илм-фан ва ишлаб чиқаришдаги интеграция ҳам киради) ва тизимли тартибга солиш мақсадида Президентимизнинг 2018 йил 21 сентябрда бешта устувор йўналишдан иборат “2019-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасининг инновацион ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Натижада илмий ишланмаларни тижоратлаштиришда манфаатдорликка асосланган инновацион тадбиркорлик тизими йўлга қўйилиб, илмий маҳсулотларни ишлаб чиқариш ҳажми ортди.
“Олим-банк-тадбиркор” учлиги иштирокида илмий ишланмаларни тижоратлаштиришнинг янги тизими ана шу фармон самарасидир. Илмий ишланмаларни тижоратлаштириш доирасида умумий қиймати 149,5 миллиард сўм бўлган лойиҳалар тайёрланди, ишлаб чиқарилган илмий маҳсулотлар ҳажми 18 миллиард сўмдан ошди.
Илмий-техник дастурларни шакллантиришнинг эски тизими тубдан ислоҳ қилиниб, илм-фанга оид давлат дастурлари учун давлат буюртмаси асосида аниқ маҳсулот яратишга қаратилган грант танловлари мунтазам ўтказилмоқда. Бу эса илм-фанга ажратилаётган маблағлар мақсадли сарфланиши ва халқаро ҳамкорлик кенгайишига хизмат қилмоқда.
Иқтисодиётнинг турли соҳаларидаги муаммоларни илм-фансиз ечиш қийин. Вазирлигимизнинг асосий вазифаси ҳам илм-фан ёрдамида соҳалар ривожига кўмак беришдир. Бунинг учун тематик танловлар ўтказиб, олимлар ва тадқиқотчиларнинг янги кашфиётларга қўл-қанот бўлмоқдамиз. Масалан, 2019 йилда 187 та долзарб тематик лойиҳага давлат буюртмаси танловлари эълон қилинган бўлиб, мазкур танловларга 766 та (бир лойиҳа буюртмасига ўртача 4 та лойиҳа) тақдим этилган. Белгиланган тартибда ўтказилган илмий экспертиза натижаларига кўра 147 та лойиҳага 117,2 миллиард сўм маблағ ажратилди.
Натижада олимлар ўртасида рақобат муҳити шаклланди, доимий грант маблағларини олиш имкони яратилди, битта лойиҳани молиялаштириш 3,5 баробарга ошди ҳамда маблағларнинг камида 40 фоизи зарур асбоб-ускуналар, реагент ва материаллар сотиб олишга йўналтирилди.
Илгари олимлар учун шундай имконият бормиди? Тадқиқотлар давлат даражасида қўллаб-қувватланармиди? Афсуски, қанчалаб ихтиролар вақтида эътибор бўлмаганидан стол тортмаларида чанг босиб қолиб кетди.
Ёки хорижий давлатлар билан ҳамкорлик масаласини олайлик. Соҳага эътибор туфайли ҳозирги кунда Германия, Россия ва Беларусь Республикаси билан 9,6 миллиард сўмлик 38 та қўшма илмий лойиҳа амалга оширилмоқда. Евроосиё ҳамжамияти, Туркия, Хитой ва Ҳиндистон давлатлари билан қўшма лойиҳаларга танловлар эълон қилинди.
Давлатимиз раҳбари олимлар билан ўтказилган учрашувларда илмий лойиҳаларни хусусий сектор ва тармоқ ташкилотлари билан тенг шерикликда молиялаштириш бўйича топшириқ берган эди. Натижада ушбу амалиёт йўлга қўйилиб, илмий фаолиятга оид дастурларни молиялаштиришга 30 миллиард сўм қўшимча маблағ жалб қилинмоқда. Бу ҳам илмий ижодкорликка берилаётган қўшимча рағбатдир.
Илмий-инновацион лойиҳаларни қўшимча молиялаштириш мақсадида Жаҳон банкининг ишланмаларни тижоратлаштиришга ажратиладиган 50 миллион АҚШ доллари миқдоридаги имтиёзли заём маблағларини жалб қилиш юзасидан эришилган келишув ҳам бу борада катта ютуқ бўлди.
Ушбу ислоҳотлар самарасида мамлакатимизда инновацион ишлаб чиқаришга йўналтирадиган стартап экотизим пайдо бўлди. Илк бор стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва молиялаштириш тизими шакллантирилиб, умумий қиймати 31,5 миллиард сўмлик 34 та стартап лойиҳа молиялаштирилди ва рақобатбардош янги маҳсулотлар ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Ўзбекистондаги илк илмий лойиҳалар акселератори ана шу қадамларнинг самараси сифатида ташкил этилди.
Умуман олганда, вазирлигимиз илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги интеграцияни таъминлаш учун аввало зарур тизимни тўғри йўлга қўя олди, деб ишонч билан айта оламан. Бироқ бу интеграцияни янада мустаҳкамлашда олдимизга қўйилган вазифалар жуда кўп ва улар албатта босқичма-босқич амалга оширилади.
– Юртимизда фан билан ишлаб чиқариш интеграциясини мустаҳкамлашга тўсиқ бўлаётган асосий муаммоларни санаб ўтсангиз?
– Ўзбекистонда ўн йиллар давомида илм-фанда оқсоқланиш даври кузатилди. Президент Шавкат Мирзиёев 2018 йили Ўсимлик ва ноорганик моддалар кимёси институтида олимлар билан учрашувда Ўзбекистонда илм-фан 20-25 йил ортда қолиб кетганини таъкидлаган эди. Бу, афсуски, ишлаб чиқаришнинг илм-фанга “ишончи” йўқолишига олиб келганди.
Маълумки, ҳар бир мамлакатнинг илмий салоҳияти олимлари сонига қараб белгиланади. 2018 йилги статистик маълумотларга кўра, юртимизда 1 миллион аҳолига 476 нафар олим тўғри келади. Дунё бўйича ўртача кўрсаткич эса 1478 нафар. Исроилда бу кўрсаткич – 8342, Корея Республикасида – 7498, АҚШда – 4245, Россияда – 2822 нафарни ташкил этади.
Албатта, сўнгги йилларда мамлакатимиз илмий салоҳиятини ошириш мақсадида олимларимизни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, ёш тадқиқотчиларни илмий фаолиятга кенг жалб этиш бўйича кўплаб ишлар бажарилди. Жумладан, 2019 йил 29 октябрда “Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида” қонун қабул қилинди.
Илмий тадқиқот ва олий таълим муассасаларининг моддий-техник базаси жисмонан ва маънан эскирган эди. Бу муаммони бартараф этиш мақсадида илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасалари илмий лабораторияларига 40 турдаги замонавий асбоб-ускуналар учун 2,95 миллион АҚШ доллари ажратилди.
Энг долзарб муаммолардан бири илмий тадқиқотларни молиялаштириш нисбатан паст даражада эди. Илм-фан ва инновацион фаолиятни ривожлантиришга ажратилган маблағлар миллий иқтисодиётнинг жорий ҳолатига мос эмас, аксарият маблағлар ойлик иш хақига йўналтирилади. Бугунги кунда бизда илм-фанга ажратилган маблағлар ЯИМга нисбатан 0,2 фоизни ташкил этади. Ушбу кўрсаткич жаҳон бўйича ўртача 1,7 фоизга тенг. Хусусан, Хитойда 2008 йилда 1,4 фоиздан 2,14 фоизгача, Корея Республикасида 3,1 фоиздан 4,5 фоизгача ошган. Бундан ташқари, тармоқлар корхоналари томонидан илмий-тадқиқотларга буюртма бериш ва молиялаштиришдаги иштироки пастлиги давлат бюджетига оғир юк бўлиб қолмоқда. Сўнгги 3 йилда илм-фан соҳасига давлат бюджетидан ажратилган маблағлар 2-3 мартагача оширилган бўлса-да, бу ўсиш суръати асосан илмий фаолият билан шуғулланувчи субъектларнинг ойлик маошини оширишга йўналтирилиб, мамлакатда илмий ташкилотларнинг моддий-техника баъзасини ривожлантиришга етарли маблағлар ажратилмаяпти.
Шуни тушунишимиз керакки, биз кутаётган технологик ривожланиш қачонки инновациялар бўлсагина амалга ошади. Инновациялар бўлиши учун кенг кўламли илмий тадқиқот фаолиятини амалга ошириш зарур. Бу эса, илмий тадқиқот фаолиятини молиялаштириш ҳажмини оширишни талаб этади.
Тизимли муаммолардан яна бири, аксарият тармоқ вазирлик ва ташкилотларда инновацияларни жорий қилиш бўйича бўлинмалари ташкил этилмаган, мавжуд тузилмалар эса бошқа ишлар билан машғул. Натижада тармоқларга инновацияларни жорий қилиш фақат Инновацион ривожланиш вазирлиги зиммасига тушиб қолган.
Тармоқ вазирликлар ва корхоналар ўз йўналишларидаги илмий ташкилотлар билан алоқалари интеграциялашмаган, илмий-тадқиқотларни ташкил этишда деярли қатнашмаяпти. Бу эса маҳаллий илмий ишланмаларни амалиётга мослаштиришга тўсқинлик қилмоқда, ишлаб чиқариш корхоналари асосан чет элдан тайёр ускуналарни сотиб олиш билан технологик қарамликни оширмоқда.
Қолаверса, инновацион фаолиятни ташкил этиш ва бошқариш бўйича махсус билим ва кўникмага эга мутахассислар етишмайди. Ҳозирги кунда инновацион тадбиркорликни кенгайтириш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг инновацион ривожланишини таъминлаш учун замонавий кадрлар тайёрлаш бўйича таълим муассасаси ёки таълим йўналиши мавжуд эмас. Кадрлар таъминоти илғор чет эл компанияларида маълум вақт ишлаган ёки қисқа муддатли малака ошириш курсларини тамомлаган мутахассислар билан чекланиб қолган. Бу эса нафақат инновацияларни яратиш, балки уларни бозорга мослаштириш ва амалиётга жорий қилиш жараёнларининг қийинлашувига жиддий таъсир этмоқда.
– Мамлакатимиз Сингапур, Индонезия, Корея Республикаси каби инновацион иқтисодий тараққиётга эришган давлатлар қаторидан жой олиши учун илм-фан соҳасида қандай ислоҳотларни амалга ошириш зарур?
– Инновацион иқтисодиёт учун энг муҳим механизм бу инновацион кичик ва ўрта бизнесни, инновацион тадбиркорликни ривожлантиришдир. Акс ҳолда илмга сарфлаётган маблағлар яна самарасиз кетади. Саноат билан алоқаларни ривожлантириш учун ишланмаларни ишлаб чиқаришга жорий этиш ва уларни фандан ишлаб чиқаришга ўтказиш механизмларини мустаҳкамлаш зарур. Бу эса мақсадли технологик платформаларни амалга оширишни, саноат корхоналарида, инновацияларни жорий қилиш марказларида, илмий-тадқиқот муассасаларида технопарклар, конструкторлик ва тадқиқотчилик бўлимларини ривожлантиришни талаб этади.
Шунингдек, илғор технологик йўналишлар асосида университет илм-фанини такомиллаштириш ва академик институтлар билан ўзаро алоқаларини мустаҳкамлаш лозим. Университет илм-фанининг технологик базасини модернизациялаш талаб этилади. Бу йўналишда қатъий чоралар кўриш зарур. Aсосий истиқболли йўналишларни қамраб олувчи илмий-тадқиқот муассасалари тармоғини кенгайтириш керак. Бундай университетлар ўз атрофида илмий-тадқиқот институтларни бирлаштириши ва шу асосда инновацион кластерларни шакллантириши лозим.
Шу мақсадларда илмий ташкилотлар, университетлар таркибида илмий-инновацион кластерлар, инновация марказлари, конструкторлик устахоналари, бизнес, стартап аселераторлари ташкил қилинади. Вилоятлар марказларида эса инновация марказлари, ёшлар технопарклари, технологиялар трансфери марказлари, кичик илмий-ишлаб чиқариш кластерлари ҳамда инновацион полигонлар фаолияти йўлга қўйилади.
Қувонарлиси, мамлакатимиз маҳсулотлари сифатли, арзон, истеъмолчилар талабига тез ва осон мослашувчан бўлиши ҳамда жаҳон бозоридаги юқори рақобатга жавоб беришини таъминлаш учун хусусий секторни илмий тадқиқот фаолиятига жалб этиш қўллаб-қувватланмоқда. Бу ишни янада кенгайтириш мақсадида илмий лойиҳаларни хусусий сектор ва тармоқ ташкилотлари билан тенг шерикликда молиялаштириш амалиёти йўлга қўйилмоқда. Масалан, Бухоро пахтачилик-тўқимачилик кластери томонидан умумий қиймати 15 миллиард сўм маблағ ажратилди ва давлат буюртмаси доирасида корхона муаммоларини ечимига қаратилган тематик лойиҳалар танловлари ташкил қилиниб, танлов натижаларига кўра тенг шерикликда молиялаштирилмоқда. Шунингдек, Энергетика вазирлиги, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг жами 15,4 миллиард сўм маблағлари ҳисобидан илмий лойиҳаларни тенг шерикликда молиялаштириш юзасидан танловлар эълон қилинди.
– Кадрлар масаласи илм-фан, саноат ва таълимда ўта муҳим. Вазирлик томонидан илмий кадрларни чет элда малакасини ошириш бўйича ўтказилаётган танловлар кутилган натижа бераяптими?
– Асосий мақсадимиз инсон капиталини ривожлантириш экан, биламизки унга узоқ стратегик мақсадларни эътиборга олган ҳолда сармоя киритилади. Оддий мисол, оилада фарзандларимиз баркамол инсон бўлиб етишиши учун биз уларнинг сифатли таълим олишига сармоя киритамиз ва йиллар ўтиб бу сармоя ўз натижаларини бера бошлайди. Худди шу каби ёш олимларимизнинг чет мамлакатлардаги стажировкалари уларнинг етук мутахассис бўлиб етиши ва илмий ютуқлари билан ўзаро тажриба алмашиш, хорижий давлатлар эришаётган ютуқлар билан яқиндан танишишига замин яратади. Кўплаб тадқиқотчиларимиз стажировка вақтида илмий тадқиқот фаолияти билан боғлиқ замонавий лаборатория ускуналарида тажриба олиб бормоқда. Тармоқ корхоналари тасарруфидаги илмий тадқиқот муассасалари ҳодимлари эса олган билимини ўз соҳалари бўйича аниқ лойиҳаларга жорий этмоқда.
Масалан, Олмалиқ кон-металлургия комбинати тасарруфидаги илмий-тадқиқот муассасаларининг 10 нафар ёш олимларидан иборат гуруҳ Корея Республикасининг “KIRAM” ноёб металлар институтида, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация марказининг 6 нафар ёш олими Бирлашган Араб Амирликларининг Шўрланиш шароитида биодеҳқончилик халқаро марказида стажировка ўтаб, бугунги кунда олган билимини ишлаб чиқаришда қўлламоқда.
Ҳозирга қадар вазирлигимиз томонидан 212 нафар ёш олим АҚШ, Хитой, Германия, Италия, Бельгия, Швейцария, Жанубий Корея, Буюк Британия, Испания, Нидерландия, Ҳиндистон, Озарбайжон, Россия, Беларусь ва бошқа давлатлар етакчи илмий марказларига илмий стажировкаларга юборилди. Бу эса ўтган йилга нисбатан 4 баробар кўпдир.
Таъкидлаш лозимки, ривожланган мамлакатларнинг тажрибасини ўрганиш мамлакатимизнинг яқин ва узоқ келажакдаги илм-фани ва инсон капиталини ривожлантириш учун киритилган асосий сармояларидан бири ҳисобланади. Бугун қўйилган қадамлар иқтидорли ёшларни илм-фанга жалб қилиш, олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларининг илмий салоҳиятини мустаҳкамлаш ва улардан келажакда юртимизнинг инновацион ривожланишида самарали фойдаланиш алоҳида аҳамият касб этади.
– Жорий йилнинг Илм, фан ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили, деб номланиши вазирликка ҳам алоҳида масъулият юклайди. Рақамли иқтисодиётнинг мамлакатимиз, жамиятимиз учун аҳамияти ҳақида гапириб берсангиз.
– Бугунги тезкор давр ҳар бир соҳа инновацион ғоя ва технологиялар асосида ривожланишини, жаҳон фани ютуқларидан кенг фойдаланишни тақозо этмоқда. Бу – жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларини изчил, барқарор ривожлантириш, мамлакатнинг муносиб келажагини барпо этиш учун муҳим мезон. Инновация илм-маърифат билан юзага чиқади. Рақобатбардош иқтисодиётни шакллантириш учун бизга чуқур билим, юксак салоҳиятли ёшлар керак. Замонавий билимларни ўзлаштириш, чинакам маърифат ва юксак маданият эгаси бўлиш ҳар биримиз учун ҳаётий эҳтиёжга айланиши лозим. Албатта, вазирлигимизнинг жорий йилги режалари ҳам шунга мувофиқ тузилган.
Президентимизнинг 2020 йилни мана шундай номлаши илм-маърифатга, рақамли иқтисодиётга ўтиш ва ахборот технологияларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганидан далолат беради. Бу халқимиз манфаати йўлидаги инқилобий бурилишдир. Масалан, иқтисодиёт тармоқларига жорий этиладиган технологиялар классификациясида сунъий интеллект деструктив турига мансуб бўлиб, у жаҳон бозорига аввал мавжуд бўлмаган тубдан янгиланган ва янги қийматга эга маҳсулотларни олиб киради. Ҳозирги кунда сунъий интеллект дунё мамлакатларида давлат бошқаруви, саноат тармоқлари, таълим, тиббиёт, қишлоқ ҳўжалиги, мудофаа ва миллий ҳавфсизлик, туризм ва бизнес соҳаларида кенг оммалашмоқда. Мамлакатимизда сунъий интеллектнинг ривожланиши ахборот технологиялари, нейрохирургия, генетика, биоинженерия, кибернетика, нанотехнология, биомимика ва бошқа фундаментал, амалий илмий-тадқиқот фаолиятларининг янада жадал суратларда ривожланишига хизмат қилади.
Ўтган йили Ўзбекистон “Халқаро ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш индекси” бўйича 8 поғонага кўтарилди. Аммо бу етарли натижа эмас. Аксарият вазирлик ва идоралар, корхоналар рақамли технологиялардан мутлақо йироқ. Рақамли иқтисодиётни шакллантириш керакли инфратузилма, кўп маблағ ва меҳнат талаб этишини қайд қилган ҳолда, давлатимиз раҳбари ушбу мақсадни келгуси беш йилдаги энг устувор вазифалардан бири эканини таъкидлаган эди. Рақамли иқтисодиётнинг афзаллиги шундаки, ушбу тизим нафақат маҳсулот ва хизматлар сифатини оширади, балки ортиқча харажатларни ҳам камайтиради. Энг муҳими, коррупцияга чек қўяди, ушбу иллатни йўқотишда самарали воситадир.
Ўзбекистон билимга асосланган мустаҳкам ва барқарор иқтисодиётни риволантириш йўлидан бормоқда. Жорий йил ва келгуси беш йилда юқорида санаб ўтилган устувор соҳаларга катта эътибор қаратилиши инновацион экотизимни ривожлантириш, халқимизнинг ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш, энг муҳими, мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамияти билан тенг ркақобатга киршиши учун мустаҳкам замин яратади.
– Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат!