Ўзбекистон Президенти Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммитида нутқ сўзлайди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 4 март куни видеоанжуман шаклида ўтадиган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг (ИҲТ) 14-саммити ишида иштирок этади.

1985 йилда ташкил этилган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти бугунги кунда нуфузли минтақавий бирлашма ҳисобланади. Ушбу кўп томонлама тузилманинг асосий мақсади савдо, инвестициялар, инновациялар, транспорт, коммуникациялар, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва саноат каби устувор йўналишларда ҳамкорликни ривожлантиришдан иборат.

Бугунги кунда 10 та давлат ИҲТга аъзо. Булар – Ўзбекистон, Туркия, Эрон, Покистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Озарбайжон ва Афғонистон.

Ташкилотга аъзо давлатлар раҳбарларининг Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған раислигида ўтадиган учрашуви кун тартибидан COVID-19 дан кейинги даврда минтақада амалий ҳамкорликни ривожлантиришнинг долзарб масалалари ўрин олган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ўз нутқида минтақавий шерикликни кенгайтириш истиқболлари борасидаги фикр-мулоҳазаларини баён этиши, шунингдек, пандемия оқибатларини енгиб ўтиш, савдо алоқаларини тиклаш, саноат кооперациясини кучайтириш, транспорт ва логистика, озиқ-овқат хавфсизлиги соҳаларида қўшма дастурларни амалга ошириш, “яшил” иқтисодиёт ва молиявий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича қатор таклифларни илгари суриши кутилмоқда.

Манба