Ҳурматли Владимир Владимирович!
Ҳурматли давлат раҳбарлари!
Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитининг барча иштирокчиларини чин дилдан қутлайман.
Ушбу учрашувимиз ташкил этилгани учун Россия Федерацияси Президенти Владимир Владимирович Путинга самимий миннатдорлигимни йўллайман.
Россиянинг ШҲТдаги раислиги пандемия келтириб чиқарган барча қийинчиликларга қарамай ғоят самарали бўлганини алоҳида таъкидламоқчиман.
Бугун кўриб чиқиш учун тайёрланган ҳужжатлар, шубҳасиз, Ташкилотимизнинг роли ва халқаро нуфузини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ҳурматли Садир Нурхожоевич Жапаровнинг саммитимизда кўриб турганимдан мамнунман.
Ўзбекистон энг яқин қўшни ва стратегик шерик сифатида қардош Қирғизистон халқини тинч тараққиёт ва фаровонлик сари интилишини ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди.
Шунингдек, Тоғли Қорабоғ можароси ҳудудидаги ўт очиш ва барча ҳарбий ҳаракатларни бутунлай тўхтатиш тўғрисида Россия Федерациясининг фаол кўмагида эришилган келишувларни олқишлаймиз. Ушбу ҳудудда тинч ҳаёт ва барқарорлик тез фурсатда тикланишига умид билдирамиз.
Ҳурматли ҳамкасблар!
Бугунги кунда ШҲТ ўз тараққиётининг принципиал жиҳатдан янги босқичида турибди.
Савдо-иқтисодий алоқаларнинг кескин қисқариши, ишлаб чиқариш ҳажмларининг камайиши, ишсизликнинг ортишига олиб келган пандемия ривожланишимиз суръатларига жуда салбий таъсир кўрсатмоқда.
Шу билан бир қаторда, дунёнинг айрим минтақаларида ҳарбий-сиёсий вазият кескинлашяпти, миллатлараро ва динлараро зиддиятлар кучаймоқда.
Ушбу глобал хатар ва таҳдидларни яхши қўшничилик, тенг ҳуқуқлилик, ўзаро ишонч ва манфаатларни ҳисобга олиш анъаналаримизни асраш ва кўпайтириш йўли билангина енгиб ўтиш мумкин.
Умумий қадриятимиз, биргаликда тараққиётга интилишимиз, маданиятлар хилма-хиллигига ҳурматимиз ифодаси бўлган кўп томонлама ҳамкорликнинг ноёб тажрибаси – “Шанхай руҳини” мустаҳкамлаш бугун ҳар қачонгидан муҳим.
Ҳар биримиз кучли бўлсаккина ШҲТ ҳам кучли бўлади.
Бунинг учун бир-биримизни қўллаб-қувватлашимиз, кун тартибимиздаги асосий масалаларга биргаликда муроса излашимиз муҳимдир.
Бугун айнан шундай ёндашув Евроосиё маконида хавфсизлик, барқарор тараққиётни таъминлашнинг бош шартига айланмоқда.
Бу мамлакатларимиз халқларининг манфаатлари ва интилишларига мосдир.
Ҳурматли саммит иштирокчилари!
ШҲТнинг долзарб вазифалари юзасидан нуқтаи назаримизга қисқача тўхталиб ўтишга ижозат бергайсиз.
Биринчидан. Иқтисодиёт соҳасидаги ҳамкорликни кучайтириш масалалари алоҳида эътиборни талаб қилмоқда.
Асосий мақсадимиз – савдо-иқтисодий алоқалар ва саноат кооперациясини жонлантириш.
Бунга эришишнинг энг самарали усули ўзаро савдодаги тўсиқларни бартараф этиш, божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш, уларни уйғунлаштириш ва рақамлаштириш, мамлакатларимиз ўртасидаги электрон тижоратни ривожлантириш, ўзаро инвестицияларни рағбатлантиришни назарда тутадиган инқирозга қарши қўшма дастурларни амалга оширишдан иборатлигига ишонаман.
Пандемия шароитида савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларимизни ривожлантиришга янги, шу жумладан “ностандарт” ёндашувларни биргаликда ишлаб чиқишни таклиф этаман.
Ушбу дастурлар Савдо-иқтисодий ҳамкорлик дастурини амалга ошириш бўйича ШҲТ режасининг асоси бўлиши лозим.
Озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги ҳамкорлик дастурини амалга ошириш бўйича аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ҳаётий муҳим аҳамиятга эга.
Шунингдек, мамлакатларимиз ишбилармон доиралари ўртасида Саноат кооперациясини рағбатлантириш дастурини қабул қилиш тарафдоримиз.
Иккинчидан. Пандемия рақамлаштириш жараёнини тезлаштирди. Ахборот технологиялари иқтисодий ўсиш “драйвери”га айланиб бормоқда.
Ўзаро келишилган ўқув дастурлари асосида аҳолини ўқитиш, соҳа мутахассисларини тайёрлашга қаратилган ШҲТнинг рақамли саводхонликни ривожлантириш дастурини ишлаб чиқишни таклиф этаман.
Ушбу саммитнинг Рақамли иқтисодиёт соҳасидаги ҳамкорликка доир баёноти ўз вақтида қабул қилинмоқда, деб ҳисоблаймиз.
Учинчиндан. Бугунги шароитда биргаликдаги саъй-ҳаракатларни аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш ва камбағалликни қисқартиришга йўналтириш муҳимдир.
Бу борадаги ҳамкорлигимизни мувофиқлаштириш мақсадида қашшоқликка қарши курашиш учун масъул вазирлик ва идоралар раҳбарларининг йиғилишларини ўтказиш механизмини яратиш зарур, деб ўйлайман.
ШҲТга аъзо давлатларнинг ушбу йўналишдаги ҳамкорлиги дастурини ишлаб чиқиш, шунингдек, уни амалга ошириш бўйича келишилган чораларни ишлаб чиқиш учун Ўзбекистонда халқаро форум ўтказишни таклиф этаман.
Ушбу ташаббусни рўёбга чиқаришда Хитой Халқ Республикасининг муваффақиятли тажрибаси фойдали бўлишига ишонаман.
Тўртинчидан. Мамлакатларимизда аҳоли соғлиғига хавф туғдираётган янги хатар ва таҳдидларга биргаликда қаршиш курашиш кўламини кенгайтириш жуда муҳим аҳамиятга эга.
Бугун инсоният аввал маълум бўлмаган инфекциялар билан тўқнаш келмоқда. Уларга қарши курашиш кундалик турмушимизнинг бир қисмига айланмоқда.
Шу муносабат билан бугунги саммитда Эпидемия таҳдидларига қарши курашиш бўйича қўшма чора-тадбирларнинг комплекс режаси қабул қилинишини олқишлаймиз.
Унинг амалга оширилишини таъминлаш, хавфли инфекцион касалликларнинг тарқалиши тўғрисидаги ахборот билан таъсирчан алмашинувни йўлга қўйиш муҳимдир.
Мамлакатларимизнинг соҳага ихтисослашган шифохоналари ўртасида самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида Эпидемияга олиб келувчи касалликларга қарши курашиш бўйича тиббиёт муассасалари тармоғини яратишни таклиф этамиз.
Ушбу тармоқ доирасида инфекцион касалликларни диагностика, профилактика қилиш ва даволаш бўйича тажриба алмашиш, қўшма врачлар гуруҳлари фаолиятини ташкил этиш ва уларни тайёрлашга қаратилган ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш мумкин.
Фурсатдан фойдаланиб, барча шерикларимизга, аввало Россия ва Хитойга коронавирус инфекциясига қарши курашишда кўрсатилган катта ёрдам ва кўмак учун миннатдорлик билдираман.
Пандемия шароитида соғлиқни сақлашга янги масофавий технологияларни жорий этиў зарурати ҳам ортиб бормоқда.
Шу муносабат билан Телетиббиёт соҳасидаги ҳамкорлик концепциясини ишлаб чиқишни мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз.
Концепцияда врачларни кенг турдаги касалликларни даволашда телетиббиёт усулларига ўқитиш ҳамда ушбу соҳадаги илғор тажриба алмашишни назарда тутиш муҳим.
Бешинчидан. Бугунги шароитда терроризм, экстремизм ва наркобизнес таҳдидлари нафақат сусаймаяпти, балки кучайиб, янги шакллар касб этмоқда.
Ёшларни ёллаш ва радикаллаштириш, террорчиларни молиялаштиришда ахборот технологиялари, ижтимоий тармоқларнинг роли ортиб бормоқда.
Шу маънода, ШҲТнинг Минтақавий аксилтеррор туризмасини Ташкилот маконида хавфсизликни таъминлаш бўйича принципиал жиҳатдан янги вазифаларни ҳал қилишга мослаштириш зарурати ортиб бормоқда.
Шу муносабат билан ваколатли идораларнинг амалий мулоқотларини бир неча баробар кўпайтириш, ҳамкорликнинг янги механизмларини ишлаб чиқиш зарур, деб ҳисоблаймиз.
Жорий вазиятни мунтазам муҳокама қилиш, шу жумладан ахборот маконидаги хатар ва таҳдидларга қарши курашиш борасидаги қўшма чора-тадбирларни келишиш муҳим.
Пировардида, ШҲТ минтақасида тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга умумий ҳиссамиз шунга боғлиқдир.
Баён этилган барча йўналишларда кузатувчи мамлакатлар, мулоқот бўйича шериклар ва халқаро ташкилотлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни фаоллаштиришни таклиф этамиз.
Муҳтарам давлат раҳбарлари!
Бугун Афғонистонда узоқ кутилган тинчиликка эришиш бўйича тарихий имкониятни қўлдан бой бермаслик ҳар қачонгидан муҳимдир.
Ушбу мамлакатдаги хавфсизлик ва тинчлик масаласига бутун ШҲТ минтақасининг барқарорлиги ва иқтисодий тараққиётини таъминлашнинг муҳим таркиби қисми сифатида қаралиши лозим.
Халқаро ҳамжамият, шу жумладан ШҲТ мамлакатларининг саъй-ҳаракатлари туфайли Афғонистонда низони тинч йўл билан тартибга солишда умид бағишловчи истиқболлар кўринмоқда.
Тинчликка эришиш, Афғонистон халқига иқтисодий ёрдам кўрсатиш йўлидаги ушбу ижобий интилишларни қўллаб-қувватлаш учун саъй-ҳаракатларни бирлаштириш муҳимдир.
Ишончим комилки, Афғонистоннинг минтақавий савдо-иқтисодий жараёнларга жалб этилиши ҳам ушбу мамлакатнинг тинч, барқарор тараққиётига хизмат қилади.
Шу муносабат билан “ШҲТ-Афғонистон” мулоқои гуруҳи доирасида Афғонистоннинг ижтимоий-иқтисодий тикланишига кўмаклашиш бўйича амалий чора-тадбирлар режасини тез фурсатда ишлаб чиқиш ва қабул қилиш тарафдоримиз.
Афғонистонга унинг Марказий ва Жанубий Осиёни боғлаб турувчи кўприк сифатидаги тарихий ролини қайтаришга хизмат қиладиган транспорт йўлакларини барпо этиш ташаббуслари ШҲТнинг барча мамлакатлари учун янги истиқболлар очади.
Шу ва бошқа масалаларни 2021 йил апрель ойида Тошкентда ўтказиладиган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Хатар ва имкониятлар” халқаро конференциясида муҳокама қилишни таклиф этаман.
Шу билан бир қаторда келгуси йилда, Ташкилотимиз ташкил этилганининг 20 йиллиги арафасида, “ШҲТнинг замонавий халқаро муносабатлар тизимидига роли” халқаро конференциясини ўтказиш таклифини илгари сурмоқчиман.
Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!
Тожикистон Президенти Эмомали Шарипович Раҳмонни ШҲТдаги раисликни қабул қилгани билан табриклаш ҳамда ушбу шарафли ва масъулиятли вазифани бажаришда катта муваффақиятлар тилашга ижозат бергайсиз.
Эътиборингиз учун раҳмат.
Кейингиси
Шавкат Мирзиёев Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги саммитида иштирок этди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 10 ноябрь куни Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг видеоанжуман шаклида ўтган навбатдаги мажлисида иштирок этди.
10.11.2020