Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Фармонни имзолади.
Фармонга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддаси 23-бандига асосан билиб-билмай жиноят содир этган, ҳозирги вақтда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган жазо муддатини ўтаётган 58 нафар фуқаро афв этилди.
Афв этилган шахсларнинг 41 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинади, 3 нафарига тайинланган жазо енгилроқ жазо билан алмаштирилади, бир сўз билан айтганда, 44 нафар шахс жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинмоқда. Шунингдек, 14 нафар шахсга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилади.
Афв этилганларнинг 2 нафарини аёллар ташкил этади.
Бу воқеа юртимизда олиб борилаётган инсонпарварлик сиёсатининг, халқимизга хос бағрикенглик, кечиримли бўлиш, олижаноблик ва меҳр-мурувват кўрсатиш каби эзгу фазилатлар намоён бўлганлигининг амалий ифодасидир.
Фармон ижроси юзасидан афв этилган шахсларни оиласи ва яқинлари бағрига қайтариш, ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланишлари, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топишлари учун уларга кўмак бериш юзасидан масъул вазирлик ва идораларга тегишли топшириқлар берилди.
Олдингиси
Кластерлар фаолиятини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 4 февраль куни қишлоқ хўжалигида кластерлар фаолиятини янада ривожлантириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.
05.02.2020Кейингиси
Туркия Президентига ҳамдардлик
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Туркиянинг шарқидаги Ван музофотида юз берган қор кўчиши оқибатида кўплаб инсонлар қурбон бўлгани ва жароҳатлангани муносабати билан Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоғанга ҳамдардлик билдирди.
06.02.2020