Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси ўртасидаги инвестицион ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Хитой Халқ Республикаси савдо вазири Чжун Шань билан телеконференция орқали ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг долзарб масалалари, шунингдек, пандемиянинг икки мамлакат иқтисодиётига таъсирини олдини олиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларни муҳокама қилди.

ХХР савдо вазири жаноб Чжун Шань Хитойда «COVID-19» вируси тарқалишининг энг юқори даврида кўрсатилган ёрдам учун Ўзбекистон Республикаси ҳукуматига чуқур миннатдорчилигини изҳор қилди.

Ўз навбатида, Хитой ҳукумати пандемия билан курашиш ва унинг асоратларини бартараф қилиш учун Ўзбекистонга қўшимча зарур тиббий асбоб-ускуналар ва шахсий гигиена воситаларини жўнатиш масаласини ўрганиб чиқишга тайёрлигини билдирди.

Хитой савдо вазири Хитой томони савдо-иқтисодий ва транспорт-логистика соҳасида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришдаги ташаббуслар ҳар томонлама қўллаб қуватлашини таъкидлаб ўтди. Ўзбекистонда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун йирик Хитой компанияларини жалб етиш, электрон савдо ва хизматлар савдосини ривожлантириш, шунингдек, Ўзбекистон-Хитой ҳукуматлараро қўмита ва ишчи гуруҳлари ишини фаоллаштириш бўйича биргаликда амалга оширилиши лозим бўлган ишларнинг устуворлигини қайд этиб ўтди.

Яқин келажакда қишлоқ хўжалиги, гўшт ва сут маҳсулотлари сегментида савдо ҳажмини оширишга алоҳида эътибор қаратилади ҳамда мазкур мақсадларда натижалари икки томонни ҳам қаноатлантирадиган Ўзбекистон-Хитой сертификатлаш ва фитосанитария назорат марказларини ташкил этиш тезлаштирилади. Шу мақсадда Хитой грантларини жалб қилиш орқали Андижон, Наманган ва Тошкент вилоятларида фитосанитария лабораторияларини жиҳозлаш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Мазкур чора-тадбирлар ўзбек ишлаб чиқарувчиларининг Хитой бозоридаги мавқеини сезиларли даражада мустаҳкамлашга имкон беради.

Шунингдек, суҳбат давомида Ўзбекистонда умумий қиймати 4 млрд. долларлик тўғридан-тўғри Хитой инвестицияси иштирокида ташкил қилиниши режалаштирилган инвестицион лойиҳалар амалга оширилишининг давом эттирилиши таъкидланди.

Музокара якунида томонлар икки вазирлик ўртасидаги яқин алоқаларни давом эттириш ва икки томонлама муносабатларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқадиган бевосита, доимий ҳамкорликни кенгайтириб боришга келишиб олдилар.

Манба