Ўзбекистон ва Беларусь Президентлари телефон орқали мулоқот қилдилар

Бугун, 8 май куни, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенконинг телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди.

Давлат раҳбарлари келаётган байрам – фашизм устидан қозонилган Ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан бир-бирларига самимий табрик ва тилаклар билдирдилар. Биродар халқларимизнинг Буюк Ғалабага эришишда беқиёс ҳисса қўшгани алоҳида қайд этилди.

Суҳбатда Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари кўриб чиқилди.

Кейинги йилларда икки томонлама савдо муносабатлари жадал ривожланаётгани, иқтисодиётнинг турли тармоқларида ишлаб чиқариш кооперацияси кенгайиб бораётгани, ҳудудлар ва ишбилармон доиралар ўртасидаги мулоқотлар, шунингдек, маданий-гуманитар ва таълим соҳасидаги алмашинувлар фаоллашгани мамнуният билан қайд этилди.

Эришилган келишувларни амалга ошириш ва шерикликнинг янги йўналишларини илгари суриш мақсадида қўшма Ҳукуматлараро комиссия доирасидаги учрашувларни, шу жумладан видеоанжуманлар шаклида давом эттиришга келишиб олинди.

Президентлар пандемия билан боғлиқ икки мамлакатдаги вазиятни муҳокама қилдилар ҳамда коронавирус тарқалишига қарши курашда алоқадор идораларга яқин мувофиқлашув ва ҳамкорликни таъминлаш бўйича топшириқ бердилар.

Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик қатор долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди. Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги доирасида кўп томонлама қўшма тадбир ва дастурларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Суҳбат ҳар доимгидек самимий ва дўстона руҳда ўтди.

Манба