Ўзбекистон ва Покистон: икки томонлама ҳамкорликни чуқурлаштириш, Марказий ва Жанубий Осиё минтақасида барқарорлик ва ривожланишни мустаҳкамлаш истиқболлари

Жорий йилнинг 17 декабрь куни видеоконференция шаклида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаковнинг Покистон Ислом Республикаси Бош вазирининг савдо, тўқимачилик саноати ва инвестициялар масалалари бўйича маслаҳатчиси Абдул-Раззоқ Довуд билан музокаралари бўлиб ўтди.

Музокаралар давомида савдо-иқтисодий, инвестициявий ва транспорт-логистика соҳаларидаги икки томонлама ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари ҳамда минтақавий аҳамиятга эга қўшма лойиҳаларнинг амалга оширилиши муҳокама қилинди.

Суҳбат давомида ўзаро савдо ҳажмини янада оширишга иккала томоннинг манфаатдорлиги билдирилди, шу муносабат билан имтиёзли савдо тўғрисидаги Битимни тасдиқлаш жараёнини тезлаштириш бўйича аниқ чораларни кўриш тўғрисида келишувга эришилди.

Транспорт-коммуникация соҳасида мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликнинг улкан истиқболлари белгилаб олинди. Хусусан, “Мозори-Шариф - Кобул – Пешовар” йўналиши бўйича темир йўл қурилишининг алоҳида аҳамияти таъкидланди ва ушбу ташаббусни илгари суриш бўйича кейинги ҳаракатлар белгилаб олинди.

Музокаралар давомида икки мамлакат автоташувчиларининг Ўзбекистон ва Покистон ҳудудлари орқали ҳаракатланиши учун қулай шароитлар яратишга қаратилган битимларни биргаликда ишлаб чиқиш тўғрисида ҳам келишувга эришилди.

Савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Покистон Ҳукуматлараро комиссиясининг, шунингдек, Ўзбекистон-Покистон Ишбилармонлар кенгашининг икки томонлама ҳамкорлик масалаларини биргаликда ҳал қилиш учун самарали майдончалар сифатидаги роли қайд этилди. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистонда 2021 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон-Покистон Ҳукуматлараро комиссияси ва Ишбилармонлар кенгашининг йиғилишларини ўтказиш билан боғлиқ ташкилий масалалар муҳокама қилинди.

Томонлар Транспорт вазирлиги, ИТСВ ва ТИВ раҳбарияти бошчилигидаги Ўзбекистон делегациясининг Покистонга ташрифини ташкил этишга келишиб олдилар, ушбу сафар давомида денгиз портлари инфратузилмасини ўрганиш учун Карачи ва Гвадар шаҳарларига ташриф буюриш ва ўзбек юкларини ўтказиш учун улардан фойдаланишнинг ташкилий-техник масалаларини келишиб олиш режалаштирилмоқда.

Видеоконференция якунида ҳамкорликнинг белгиланган йўналишлари бўйича биргаликда иш олиб бориш доирасида кейинги қадамлар белгилаб олинди ҳамда Покистон Ислом Республикаси Бош вазирининг маслаҳатчиси Абдул-Раззоқ Довуднинг 2021 йил январь ойида Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди. Ташриф доирасида Покистон бизнеси вакиллари ҳам Ўзбекистонга ташриф буюришади, уларнинг мақсади ўзбекистонлик тадбиркорлар билан шерикликни ўрнатишдир.

Манба