Ўзбекистон ва Россия Президентлари телефон орқали сўзлашдилар

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 12 февраль куни Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди.

Суҳбатда давлат раҳбарлари кўп қиррали Ўзбекистон-Россия ҳамкорлиги жадал ривожланиб бораётгани ҳамда стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари изчил мустаҳкамланаётганини катта мамнуният билан қайд этдилар.

2019 йилда ўзаро ҳамкорликда салмоқли амалий натижаларга эришилгани ва барча даражалардаги мулоқотлар сезиларли фаоллашгани алоҳида қайд этилди.

Хусусан, икки томонлама товар айирбошлаш ҳажми юқори суръатлар билан барқарор ошиб бормоқда. Бир йилнинг ўзида 500 қўшма корхона ташкил этилди, Россиянинг етакчи компания ва бакнлари иштирокида иқтисодиётнинг муҳим тармоқларида устувор инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда. Таълим ва маданий-гуманитар соҳалардаги алмашинувлар кенгаймоқда.

Мулоқот чоғида олий даражадаги тадбирлар режаси муҳокама қилинди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Россия Федерациясига давлат ташрифи кун тартибини тайёрлаш, жумладан, ташриф доирасида навбатдаги ҳудудлар ва ректорорлар анжуманларини, медиа-форум ва бошқа тадбирларни ўтказишга алоҳида эътибор қаратилди.

Мамлакатимизнинг Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига раислиги йилида Ўзбекистон ва Россия ҳамкорлигининг истиқболлари кўриб чиқилди.

Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Манба