Ўзбекистон ва Тожикистон инвестициявий ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамламоқда

Жорий йилнинг 14 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари - Инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Тожикистон Республикаси Бош вазири ўринбосари А.Иброхим билан видеоконференция ўтказди.

Мулоқот чоғида коронавирус пандемиясининг тарқалишига қарши курашиш, ҳар икки мамлакат фуқароларининг хавфсизлигини таъминлаш ва эпидемия билан боғлиқ глобал инқироз ҳодисаларининг иқтисодий оқибатларини камайтиришга қаратилган икки мамлакат ҳукуматлари томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар, шунингдек ушбу йўналишда икки томонлама ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.

Шунингдек, инвестициявий, савдо-иқтисодий, транспорт-логистика соҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришнинг долзарб масалалари, саноат кооперацияси бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда ўзаро аниқ чора-тадбирлар тўплами кўриб чиқилди. Ҳозирги шароитда уларни қўлланилиши, биринчи навбатда, Ўзбекистон ва Тожикистонда ишлаб чиқарган рақобатбардош маҳсулотларини етказиб бериш орқали товар айланмаси ҳажмини ва номенклатурасини оширишга имкон беради.

Мазкур йўналишларда ўзаро сайи- харакатларни жадаллаштириш мақсадида видеоконференцалоқа шаклида эксперт консултацияларини мунтазам равишда ўтказишга келишиб олинди. Улар давомида савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Тожикистон Ҳукуматлараро қўшма комиссиясининг 6-йиғилиши доирасида эришилган ўзаро келишувларни руёбга чиқариш бўйича иш олиб борилади.

Икки мамлакатнинг ваколатли идоралари ўртасидаги соддалаштирилган божхона, фитосанитария ва карантин назорати масалалари бўйича ҳамкорликни кучайтириш чоралари, шунингдек, Ўзбекистон банклари томонидан тожикистонлик тадбиркорларга тақдим этилаётган умумий хажми 100 млн. долларгача миқдоридаги савдони молиялаштириш механизмидан фойдаланишни фаоллаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Ҳукуматлараро комиссия ва Ўзбекистон-Тожикистон ишбилармонлар кенгашининг навбатдаги мажлисини ташкил қилиш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Томонлар ушбу тадбирларга тайёргарлик кўриш доирасида қўшма ишларни давом эттириш ҳамда инвестициявий ва савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг янги имкониятларини чуқур ўрганишга келишиб олдилар.

Манба