Ўзбекистон-Венгрия: пандемия шароитида ҳамкорликнинг янги истиқболлари

Жорий йилнинг 14 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Венгрия ташқи иқтисодий алоқалар ва ташқи ишлар вазири П.Сийярто билан видеоконференция ўтказди.

Учрашув давомида иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Венгрия Ҳукуматлараро комиссиясининг 5- йиғилиши давомида эришилган келишувларга асосан инвестиция ҳамда савдо-иқтисодий соҳаларда икки томонлама ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. Хориж томони бу соҳалардаги ишларни давом эттиришини маълум қилди. Шу нуқтаи назардан инвестиция ҳамкорлигининг устувор йўналишлари сифатида қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, банк-молия каби йўналишлар белгилаб олинди. Мазкур соҳаларда қўшма лойиҳа ва ташаббусларни амалга оширишни жадаллаштириш борасида саъй-ҳаракатлар амалга оширилади.

П.Сийярто, Ўзбекистон ҳукумати томонидан ЖСТга қўшилиш, Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим лойиҳасини тасдиқлаш, шунингдек, “Умумий имтиёзлар тизими плюс” (GSP+) тизимининг бенефициар-мамлакат мақомини олиш бўйича амалга оширилган ишларни юқори баҳолади ва Европа Иттифоқи ва ЖСТ таркибидаги Венгриянинг доимий ваколатхоналари орқали Венгрия ҳукуматининг ушбу ташаббусларда Ўзбекистонни қўллаб-қувватлашга тайёрлиги ҳақида хабардор қилди.

Шунингдек, П.Сийярто Венгрия ҳукумати номидан коронавирус пандемияси тарқалишининг олдини олишда Венгрияга кўрсатилган гуманитар ёрдам учун Ўзбекистон Республикаси ҳукуматига алоҳида миннатдорчилик билдирди.

Томонлар дунёдаги эпидемиологик вазият яхшилангунга қадар қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун жалб этилган вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат эксперт даражасидаги қўшма видеомузокаралар ўтказиш бўйича келишувга эришдилар.

Музокаралар якунида томонлар икки томонлама савдо-иқтисодий шерикликни мустаҳкамлаш ва кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ишлаб чиқишни давом эттиришга ҳам келишиб олдилар.

Манба