Ўзбекистонда COVID-19га қарши курашишда ЖССТнинг барча тавсиялари бажарилмоқда

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа минтақавий бюроси томонидан видеоконференция ташкил этилди. Маълумки, Ўзбекистон ҳам 53 мамлакат қаторига мазкур нуфузли ташкилотга аъзо ҳисобланади.

Бюро директори Ханс Клюге бошчилигидаги ушбу конференцияда Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон соғлиқни сақлаш вазирлари иштирок этди. Унда ҳозирги эпидемиологик вазият, шунингдек, COVID-19 билан касалланган беморларни даволашда экспериментал ва лицензияланган дори воситаларидан фойдаланиш масалалари асосий муҳокама мавзуси бўлди.

Видеоконференция давомида қайд этилганидек, баъзи мамлакатларнинг COVID-19 қарши курашишдаги ижобий белгилари бу ҳали ғолиблик дегани эмас, балки коронавирус устидан самарали назоратни кучайтириш учун яхши имкониятдир. Айни пайт қўл қовуштириб ўтирадиган вақти эмас. Жамиятда барча баҳамжиҳатлик билан ушбу вирус тарқалишининг олдини олиш ва тўхтатиш бўйича бир мушт бўлиб саъй-ҳаракатларни яна кучайтириши лозим бўлади.

– ЖССТ Европа минтақасидаги аксарият мамлакатларда коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолатлари кўпаймоқда, – деди ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси директори Ханс Клюге. – Европа минтақасида сўнгги 10 кун ичида қайд этилган коронавирусдан касалланиш ҳолатлари сони деярли икки марта ошди. Бу глобал миқёсда касалликка чалинишнинг тахминан 50 фоизи бизнинг минтақамизда содир бўлаётганини англатади. Афсуски, Европада вафот этганлар сони 84 мингдан ошди. Айни пайтда мамлакатлар беморларни самарали даволаш борасида ўзаро ҳамкорлик қилиши жуда муҳимдир. Ҳозирги вазиятдан келиб чиқан ҳолда, ушбу конференцияда биз ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси томонидан COVID-19 билан касалланган беморларни даволашда экспериментал дориларни қўллаш бўйича кўрсатма беришни муҳокама қилмоқдамиз.

– Дарҳақиқат, бугунги кунда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти COVID-19 пандемиясига қарши курашда энг илғор ташкилот ҳисобланади, – деди Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов. – Ҳозир ушбу ташкилот бизга ҳам услубий, ҳам техник жиҳатдан, ҳам маслаҳатлашув борасида катта ёрдам бермоқда. Ўзбекистонда ЖССТнинг барча тавсиялари бажарилмоқда. Бундан ташқари, ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси билан доимий ҳамкорлик, мунтазам равишда олиб борилаётган маслаҳатлашувлар бизга коронавирусга чалинган беморларни даволашда қўл келмоқда. Шунингдек, Россия Федерацияси, Германия, Франция, Исроил ва Туркия мутахассислари билан ҳам доимий алоқа ўрнатилиб, видеоконференция кўринишида эпидемиологик вазият ва беморларни даволаш бўйича маслаҳатлар ва тажриба алмашинуви йўлга қўйилган.

Вазир, шунингдек, бугунги кунда Ўзбекисонда 1 349 нафар коронавирус инфекциясига чалинган бемор қайд этилганини, улардан 129 нафари соғайганини таъкидлади. Беморлар ЖССТ билан биргаликда ишлаб чиқилган протокол стандартлари асосида даволанмоқда. Бундан ташқари, ҳамкорликда улар учта тилда COVID-19 учун клиник қўлланма ишлаб чиқилди ва бугунги кунда нафақат тиббиёт ходимлари, балки кўплаб давлат идоралари вакиллари ҳам ушбу қўлланмадан эпидемияга қарши тадбирларни ўтказиш жараёнида фойдаланишмоқда. Тиббиёт ходимлари даволаш масалалари бўйича, асосан, ЖССТ стандартлари ва тавсияларига таянадилар.

Видеоконференцияда ҳар бир мамлакат ўз ҳолатини, вируснинг тарқалишини, кўрилаётган чораларни ва ижтимоий мақбулликни баҳолаб, энг мос чораларни кўриши кераклиги таъкидланди.

Тадбир якунида ЖССТ халқаро тадқиқотчилар билан COVID-19ни даволашда энг самарали бўлган маълумотларни тўплаш бўйича иш олиб борилиши қайд этилди, деб хабар беради Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.

Манба