Ўзбекистонда Ёшлар парламенти ташкил этилади

Жорий йилнинг 11 май куни парламент қуйи палатасининг Ёшлар масалалари бўйича комиссияси томонидан Олий Мажлис палаталари ҳузурида Ёшлар парламентини ташкил этиш юзасидан ишчи гуруҳ йиғилиши ўтказилди.

Унга депутатлар, Ёшлар масалалари бўйича комиссия аъзолари, Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ходимлари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вакиллари таклиф этилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов Ёшлар парламентининг асосий йўналишлари ҳамда вазифалари нималарда намоён бўлиши хусусида тўхталиб ўтди. Парламентаризм анъаналарини сақлаган ҳолда ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга оид қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиётининг долзарб муаммоларини ёшлар иштирокида муҳокама қилиш лозимлиги таъкидланди. Шунингдек, ёшларнинг парламент фаолияти ва қонун ижодкорлигининг барча босқичларидан хабардорлигини ошириш, ушбу жараёнда кечадиган янги ва устувор йўналишларни белгилашда ёшларнинг фаоллигини ошириш, алалоқибат ёшларнинг сиёсий билимларини ошириш ва уларда ватанпарварлик руҳини кучайтириш Ёшлар парламентини ташкил этишдан кўзланган мақсад экани айтиб ўтилди.

Тадбир давомида Ёшлар парламентини ташкил этиш бўйича тақдимот ўтказилди. Унга кўра Ёшлар парламентининг аъзолари халқ депутатлари туман(шаҳар) кенгашлари томонидан ҳар бир шаҳар ва туманлардан бир нафардан икки йил муддатга сайланади, ўз логотипи, аъзоларининг кўкрак нишонлари ҳамда белгиланган шаклдаги гувоҳномаларига эга бўлади.

Шу билан бирга, Ёшлар парламентини ташкил этишда хорижий давлатлар тажрибаларидан унумли фойдаланган ҳолда ёшларга оид давлат сиёсати соҳасидаги халқаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга эътибор қаратилади.

Йиғилиш давомида депутатлар ташкил этиладиган Ёшлар парламенти фаолияти юзасидан бир қатор таклиф ва мулоҳазаларини билдириб ўтдилар. Уларни инобатга олган ҳолда ташкилий жараённи ўз ичига олган аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Манба