Жанубий Корея олий ўқув юртларида ўқиётган хорижлик талабалар ўртасидаги футбол мусобақасида ўзбекистонлик ёшлар ғолиб чиқди.
Мунтазам ўтказиб келинадиган турнирнинг навбатдаги 42-лигаси 12-15 сентябрь кунлари Гвангжу шаҳрида бўлиб ўтди. Чемпионатда мезбонлардан ташқари Буюк Британия, Хитой, Индонезия ва Вьетнам каби ўнлаб давлатлардан 40та жамоа иштирок этди.
Ўзбекистонликларнинг «Овоза» жамоаси финалга қадар кечган 4та ўйинда бирорта ҳам гол ўтказиб юбормади ва бу ижобий анъанани ҳал қилувчи баҳсда ҳам давом эттириб, Таиландни 2:0 ҳисобида мағлуб этди ва бош соврин соҳибига айланди.
Белгиланганидек, чемпионларга 1 млн вон (деярли минг доллар) миқдорида пул мукофоти берилди. Иккинчи ва учинчи ўринни олган Таиланднинг икки жамоасига мос равишда 800 минг ва 500 минг вон насиб қилди. Қўшимча қилиш жоиз, Кореядаги ўзбекистонлик талабалар халқаро мусобақаларда қатнашишларидан ташқари ҳар йили улар ўртасида ўзаро футбол турнирлари ҳам ташкил этиб турилади.