Янги мис бойитиш фабрикаси қурилишига тамал тоши қўйилди

Олмалиқ кон-металлургия комбинатида 3-мис бойитиш фабрикаси қурилишининг бошланишига бағишланган маросим бўлиб ўтди.

 - Барчангизни бугунги қувончли воқеа – Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг янги мис бойитиш фабрикаси қурилиши бошланаётгани билан чин қалбимдан табриклайман, - деди Президент Шавкат Мирзиёев. - Ватанимиз Мустақиллигининг 30 йиллиги арафасида эзгу ниятлар билан мана шундай улкан лойиҳани амалга оширишга киришмоқдамиз. Бу муҳим воқеа нафақат ушбу комбинат ҳаётида, балки мамлакатимиз саноати тарихида янги давр бошланаётганидан яққол далолат беради.

Кейинги йилларда комбинат фаолияти юксак даражага кўтарилиб, мис ишлаб чиқариш ҳажми 1,5 баробарга кўпайгани ва 150 минг тоннага етказилгани таъкидланди.

Ўтган уч йил мобайнида комбинат конларида умумий узунлиги 206 минг метр бўлган 475 та қудуқ бурғуланган. Халқаро миқёсда тан олинган хорижий лабораторияларда ушбу конлар рудасининг 100 мингдан ортиқ намуналари кимёвий таҳлиллар асосида чуқур ўрганилган. Халқаро баҳолаш мезонларига кўра, бу ерда миснинг ялпи захираси 45 миллион тоннани, олтин захираси эса 5 минг тоннадан зиёдни ташкил этиши аниқланган. Бу дунё миқёсида ҳам энг йирик ва ноёб кўрсаткичлардир.

Шунингдек, бу ерда қазиб олинаётган руда таркибида кумуш, молибден, селен, теллур, рений ва бошқа нодир металлар борлиги ҳам аниқланган.

Бугун дунёда “яшил иқтисодиёт”, қайта тикланадиган энергия манбаларига эътибор кун сайин ортиб бормоқда, электр техникаси саноати жадал ривожланмоқда. Бунинг натижасида 2030 йилга бориб мис маҳсулотларига бўлган эҳтиёж камида 40 фоизга ортиши кутилмоқда. Бу Олмалиқ комбинати маҳсулотларига халқаро талаб узоқ йиллар давомида юқори бўлади, деганидир.

Шу боис мамлакатимизда рангли ва қимматбаҳо металлар ишлаб чиқаришни кенгайтиришга катта эътибор қаратилмоқда.

“Ёшлик-1” кони негизида қурилаётган 3-мис бойитиш фабрикаси шу борадаги улкан қадамлардан биридир. Қиймати 2 миллиард доллар бўлган ушбу корхона биринчи босқичда йилига 60 миллион тонна рудани қайта ишлаш имконини беради.

Иккинчи босқичда қувват 160 миллион тоннага етади ёки бугунги кўрсаткичдан 3 баробарга кўпаяди. Ушбу икки босқич амалга оширилиши натижасида корхона 2028 йилга бориб йилига 400 минг тонна мис, 50 тонна олтин ва 270 тонна кумуш ишлаб чиқариш қувватига эга бўлади.

Шу тариқа Олмалиқ комбинати тоғ-кон металлургияси соҳасида дунёдаги энг йирик саноат мажмуаларидан бирига айланади.

- Келгусида комбинат ишлаб чиқарадиган маҳсулотлар ҳажми 3 мартадан зиёд кўпайиб, унинг қиймати ҳозирги 2,5 миллиард доллардан қарийб 8 миллиард долларга етади. 11 мингта янги, юқори технологик ишчи ўринлари яратилади.

Бу эса ёш йигит-қизларимиз учун геолог, муҳандис, технолог, лойиҳачи, дастурчи ва бошқа замонавий касб-ҳунарларни эгаллаш имконини беради.

Бу улуғвор режалар – том маънода инқилобий қадам, десак, тўғри бўлади, - деди Президент.

Давлатимиз раҳбари рангли металлар саноатини ривожлантиришга қаратилган режаларга ҳам тўхталиб ўтди.

Келгуси йилдан геология-қидирув ишларида тўлиқ халқаро JORC стандартларига ўтилади. Яқин 5 йилда барча лойиҳалар ҳисобидан руда қазиб олиш ва қайта ишлаш ҳажми мамлакатимиз бўйича йиллик 130 миллион тоннадан 300 миллион тоннага ортади.

Ҳозирги кунда юртимизда конларни геологик жиҳатдан ўрганиш ва ўзлаштириш бўйича Канада, Франция, Япония, Туркия, Хитой ва бошқа мамлакатлар компаниялари иш олиб бормоқда.

Президентимиз чет эллик инвесторлар учун имкониятлар янада кенгайтирилишини таъкидлади.

Хусусан, мис ва олтин бўйича қазилма бойликларга солиқ ставкаларини 10 фоиздан 7 фоизга, табиий газ ва нефть бўйича 10 фоизга, уран бўйича 8 фоизга, вольфрам бўйича 10 фоиздан 2,7 фоизга тушириш режалаштирилган. Бундай имтиёзлар инвесторларда албатта катта қизиқиш уйғотади.

Шунингдек, соҳани малакали кадрлар билан таъминлаш мақсадида Тошкентда геология фанлари бўйича Италиянинг Пиза университети филиали очилади.

Маросимда «Газпромбанк» бошқаруви раисининг ўринбосари Алексей Матвеев, «SRK Consulting» компаниясининг Марказий Осиё бўйича директори Майк Бир, геолог ва металлурглар, нуронийлар сўзга чиқди.

Президент Шавкат Мирзиёев 3-мис бойитиш фабрикаси қурилишига тамал тоши қўйди.

Манба