10 декабрь – Халқаро инсон ҳуқуқлари куни

1948 йил 10 декабрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Бош Ассамблеясининг 3-сессиясидаги резолюциясига биноан, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинган. 1950 йилда БМТ томонидан ушбу кунни Инсон ҳуқуқлари куни сифатида нишонлаш белгиланди. Декларация инсон ҳуқуқларининг фундаментал асоси ҳисобланиб, шу кунгача дунёнинг 500 дан ортиқ тилига таржима қилинган.

Инсон ҳуқуқлари – ҳар бир давлатнинг демократик тараққиёти даражасини кўрсатувчи муҳим мезондир. Шу боис, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришганидан кейин қўшилган биринчи халқаро-ҳуқуқий ҳужжат бўлди. Зеро мазкур ҳужжатда ирқи, жинси, тили, дини, сиёсий қарашлари, мол-мулки, табақаси ёки бошқа ҳолатидан қатъи назар ҳар бир инсоннинг яшаш ҳуқуқи, сўз ва эътиқод эркинлиги, тинчликка бўлган ҳуқуқлари мустаҳкамлаб қўйилган.

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг қоидалари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, инсоннинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлайдиган миллий қонунчилик меъёрларида ўз ифодасини топган. Бугунги кунда Ўзбекистон томонидан 80 дан ортиқ инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги халқаро ҳужжатлар ратификация қилинди.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш масалалари давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Сўнгги йилларда, юртимизда инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартлар миллий қонунчиликка ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига тизимли имплементация қилиниб, бу борадаги ишлар янги босқичга кўтарилди.

Хусусан, ушбу ислоҳотлар қуйидагиларда ўз аксини топмоқда.

Биринчидан, инсон ҳуқуқлари соҳасида концептуал асослар такомиллаштирилди. 2020 йилнинг 22 июнь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси ва уни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” ҳам тасдиқланди.

Стратегия шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларни ҳимоя қилишда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ҳамда хусусий сектор фаолиятининг очиқлиги ва ўзаро ҳамкорлиги самарадорлигини оширишга қаратилган.

Шунингдек, Стратегия дин, сўз ва фикр эркинлиги, маълумот олиш, камситишга йўл қўймаслик, гендер тенгликни таъминлаш, барчанинг сифатли таълим ва тиббий хизматлардан тенг фойдаланиши, болалар, ёшлар, аёллар, ногиронлиги бўлган шахслар ва мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳаларида ҳуқуқни қўллаш амалиётини янада такомиллаштиришни кўзда тутади.

Иккинчидан, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашнинг институционал асослари тўлиқ қайта кўриб чиқилди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази фаолияти тубдан такомиллаштирилди. Бола ҳуқуқлари бўйича вакил ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил лавозимлари жорий қилинди.

Бундан ташқари, мамлакатимизда Инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига риоя этилиши бўйича Парламент комиссияси ташкил этилди.

Учинчидан, гендер тенглиги, ногиронлар, болалар ҳуқуқларини таъминлаш бўйича ишлар кўлами кенгайиб, уларнинг сифати оширилди. Жумладан, Ўзбекистонда хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш мақсадида “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги ҳамда “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди. Ўзбекистон Республикаси Сенати таркибида янги Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси ташкил этилди.

2021 йилда Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция ратификация қилинди ва унга кўра, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тенглиги, айниқса, аёллар ва болаларнинг таълим олиши, саломатлигини сақлаши, меҳнат қилишининг ҳуқуқий кафолатлари мустаҳкамланди.

Тўртинчидан, инсон ҳуқуқларини таъминлашда фуқароликни олиш ва суд-ҳуқуқ тизимидаги ўзгаришлар ҳамда ушбу йўналишларда янги амалиётларни жорий этилиши катта қадам бўлди. Хусусан, Ўзбекистонда 15 йил давомида доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахсларга фуқароликни қабул қилиш тартиби белгиланди. Бунинг натижасида 70 мингга яқин шахслар Ўзбекистон фуқаролигини автоматик тарзда олиш имкониятига эга бўлди.

Шунингдек, афв этиш ва жамоат бирлашмаларининг кафиллиги остида шахсларни жазодан озод қилишнинг мутлақо янги тизими жорий этилди. Бунинг натижасида озодликдан маҳрум қилиш жойларида сақланаётган маҳкумларнинг сони 2,5 баравар камайди.

Қорақалпоғистон Республикасининг Жаслиқ қўрғонида жойлашган ихтисослаштирилган жазони ижро этиш колониясининг ёпилиши эса халқаро ҳамжамият эътиборига тушди.

Бешинчидан, Ўзбекистон инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда глобал ҳамкорлик тамойилига таяниб, халқаро стандартларни жорий этиш эса устувор вазифага айланмоқда. Бу борада, айниқса, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари ва Диний эътиқод бўйича махсус маърузачиси ҳамда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачисининг амалга оширган ташрифлари ва таклифлари асқотди.

2020 йилда Ўзбекистон Республикасининг илк бор БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашига аъзо бўлишини эса кўплаб халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТ томонидан ҳам эътироф этилиши дея баҳолаш мумкин.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 29 йиллиги билан Ўзбекистон халқига йўллаган байрам табригида ҳам инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш соҳасига алоҳида тўхталиб ўтди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича амалдаги тизимнинг самарасини ошириш мақсадида Конституцияда болалар меҳнатига йўл қўймаслик, ногиронлар, кекса авлод вакилларининг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш масалалари ҳам ўз аксини топиши зарурлигини қайд этди.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, олиб борилаётган ислоҳотлар инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, унинг қадр-қимматини янада самарали таъминлаш хизмат қилиши, айрим ҳуқуқларни ҳимоя қилиш эса конституциявий аҳамиятга эга бўлишидан далолат беради. Бу эса, ўз навбатида, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларни бажариш юзасидан қонун ҳужжатларидаги камчиликлар бартараф этиш ҳамда миллий қонунчилик такомиллаштириш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий ва бошқа комплекс чора-тадбирлар тизими яратишни тақазо этади.

Темур АҲМЕДОВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти бўлим бошлиғи

Манба