Коронавирус пандемияси туфайли дунё миқёсида иқтисодий ўсиш суръатлари пасаяётган хозирги даврда тадбиркорликни ривожлантириш ва бу орқали янги иш ўринлари яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва унинг даромадини ошириш устувор аҳамият касб этмоқда.
Бу ўринда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги маълумотларига кўра коронавирус пандемияси даврида мамлакатимизда ишсизлар сони 1,35 миллиондан 2 миллионгача кўпайгани тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда унинг турмуш даражасини яхшилаш мамлакатимиз иқтисодиёти учун хозирги кунда айниқса муҳим аҳамиятга эга эканлигини кўрсатади.
Шу ўринда жорий йилнинг 8 июнида қабул қилинган «Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори муҳим аҳамият касб этади.
Мазкур қарор билан ўзини ўзи банд қилган шахсларга ва тадбиркорлар фаолиятини ривожлантириш учун бир қатор қулайликлар ва имкониятлар яратилмоқда.
Аввало ўзини ўзи банд қилган шахсларни рўйхатга олиш тизими соддалаштирилади. Хусусан, жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб бу жараён хабар бериш тартибида махсус мобил илова орқали, ёки солиқ тўловчининг шахсий кабинети воситасида амалга оширилади.
Шунингдек, қарорда ўзини ўзи банд қилган шахсларни жорий йил учун ижтимоий солиқни базавий ҳисоблаш миқдорининг камида 50 фоизи ҳажмида тўлаши белгилаб қўйилган бўлиб, мазкур маблағ бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига йўналтирилади.
Бу эса ўз навбатида уларга пенсия хисоблаш учун асос бўлиб хизмат қилади ҳамда уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтиради.
Қарорга мувофиқ ўзини ўзи банд қиладиган шахслар учун фаолият турлари хам кенгайтирилиб, уларнинг сони 67 тага етказилди.
Ушбу ҳужжатда 2021 йилда «Бизнес навигатор» ахборот тизимини жорий қилиш белгилаб қўйилган. Мазкур тизим тадбиркорларга маълум бир худуддаги рақобатбардош фаолият турини танлаб олиш, кредит маблағларини жалб қилиш учун зарур бизнес-режа ва зарурий ҳужжатларни шакллантириш, тадбиркорлик фаолиятининг турли йўналишлари бўйича тақдим этилган имтиёз ва преференциялар хақида маълумот олиш, ҳамда ўз фаолиятини амалга ошириш учун кўчмас мулк объектларини танлаш каби имкониятларни тақдим этади. Бу эса тадбиркорларга ўз фаолиятини амалга ошириш учун зарурий ахборотларни қисқа фурсатда топиш имконини беради.
Юқорида таъкидлаб ўтилган жиҳатлар, аввало, иқтисодиётда янги иш ўринларини яратишга имкон берса, бошқа томондан аҳоли даромадларини ошириш орқали камбағаллик даражасини камайтиришга хам ўз ҳиссасини қўшади.
Шунинг баробарида, ўзини ўзи банд қиладиган шахслар фаолиятининг соддалаштирилиши ва уларнинг фаолият юритишига турли қулайликларнинг яратилиши яширин иқтисодиёт ҳажмини камайтиришда ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Азимбек Нажимов
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридагиСтратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти
етакчи илмий ходими