СМТИ томонидан Қозоғистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Қозоғистон стратегик тадқиқотлар институти билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда икки давлатнинг вазирлик ва идоралари раҳбарияти, шунингдек, эксперт-таҳлилий доиралари вакиллари иштирок этди.
Унинг таъкидлашича, бугун дунё мураккаб инқирозни бошидан кечирмоқда. Халқаро муносабатлар тизими узоқ давом этадиган ноаниқлик даврига қадам қўйди.
Биз ишонч ва кўп томонлама мулоқот тақчиллиги ортиб бораётгани, халқаро институтлар самарадорлиги пасайиб бораётганининг гувоҳи бўлмоқдамиз. Дунё яна сиёсий ва иқтисодий блокларга бўлинмоқда. Бу жараёнлар жаҳон иқтисодиётининг парчаланиши ва бозор ўзгарувчанлиги билан бирга кечмоқда.
Натижада, глобал таъминот занжирлари нисбатан беқарор бўлиб қолди, протекционистик чоралар кучаймоқда, инфляция юқорилигича қолмоқда ва мамлакатларнинг глобал муаммоларни ҳал қилиш учун ресурслари тугаб бормоқда.
Экспертнинг фикрича, бу омилларнинг йиғиндиси ижтимоий-сиёсий кескинликнинг ортиши ва натижада ҳам анъанавий, ҳам ноанъанавий таҳдидларнинг кучайишига олиб келади.
Шу билан бирга, A.Неъматовнинг сўзларига кура, яқин йилларга хос хусусият ташқи муҳитнинг олдиндан айтиб бўлмаслиги ва унинг тез ўзгарувчанлиги бўлади. Бугунги кунда глобал ва минтақавий инқирозлар, савдо кескинлашуви ва молиялаштириш шартларининг кучайиши фонида ривожланаётган мамлакатлардан капиталнинг чиқиб кетиши кузатилмоқда.
Бундан ташқари, халқаро гуманитар ҳамкорлик самарадорлигининг пасайиши шароитида можаролар ва гуманитар инқирозларнинг кучайиши халқаро техник ёрдамдан фойдаланиш муаммосини янада кучайтиради.
Буларнинг барчаси, ўз навбатида, минтақанинг барқарор ривожланишини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларимизга тўсқинлик қилади ва бугунги кунда янада долзарб аҳамият касб этиб бораётган энергетика, озиқ-овқат, сув хавфсизлигини таъминлаш каби муҳим муаммоларни ҳал этишни мураккаблаштирмоқда.
СМТИ вакилининг сўзларига кўра, бундай мураккаб шароитда Ўзбекистон ва Қозоғистон олдида жуда муҳим – иттифоқчилик муносабатлари руҳини амалда намоён этиш, минтақавий муаммоларни биргаликда ҳал қилишга тайёрлигини таъминлаш ҳамда минтақанинг гуллаб-яшнаши ва барқарор ривожланиши учун жавобгарлик вазифаси турибди.
A.Неъматовнинг фикрича, айнан шунинг учун ҳам минтақавий ҳамкорлик мамлакатларимиз хавфсизлиги ва барқарор тараққиётнинг барқарор ривожланишини таъминлаш учун энг жиддий хатарларни бартараф этишнинг ягона мақбул варианти бўлиб қолмоқда.
– Биз биргаликда минтақада ўзаро боғлиқ бўлган кенг бозорни, эркин савдо ва ишлаб чиқариш хамда технологик ҳамкорликнинг тўсиқсиз маконини шакллантиришимиз ва уни глобал қиймат занжирларига интеграция қилишимиз, минтақамизни минтақалараро ўзаро боғлиқликнинг муҳим бўғинига айлантиришимиз ва рақобатбардошлигини оширишимиз даркор, – дея таъкидлади эксперт.
Марказий Осиёнинг дунё учун очиқлиги ва ташқи субъектлар билан конструктив ўзаро ҳамкорлиги минтақавий сиёсатнинг императиви бўлиб қолиши зарурлиги қайд этилди.
Шу нуқтайи назардан, Евроосиёдаги интеграция бирлашмаларида фаол иштирок этиш сиёсати очиқлик сиёсатини амалга ошириш, барча минтақадан ташқари субъектлар билан мувозанатли муносабатларни сақлаш минтақани жаҳон иқтисодиётининг муҳим трансминтақавий транспорт-логистика ва ишлаб чиқариш-технологик тармоғига айлантиришга ёрдам беради.
Шу билан бирга, A.Неъматов иқтисодиётнинг барча тармоқларини рақамлаштиришга ўтказиш зарурияти, минтақавий дастур қабул қилиш асносида ягона электрон тижорат платформасини яратиш ғоясини илгари суриш муҳимлигига урғу берди.
Эксперт рақамли инфратузилмани ривожлантириш тартиб-таомилларининг шаффофлигини, бошқарув институтлари самарадорлигини оширишга, коррупцияни камайтиришга ва умуман, янада қулай сармоявий муҳитни яратишга ёрдам беришига ишонч билдирди.
Бундан ташқари, Марказий Осиё мамлакатлари озиқ-овқат ва сув хавфсизлигини таъминлаш бўйича консолидацияланган ёндашувларни ишлаб чиқишлари зарурлиги таъкидланди. СМТИ вакилининг сўзларига кўра, бунинг учун Минтақавий озиқ-овқат хавфсизлиги стратегияси ва трансчегаравий сув оқимларининг сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш стратегияси қабул қилиниши керак.
– Ўз навбатида, транспорт-логистика соҳасидаги муаммони ҳал қилиш учун Марказий Осиёда Минтақавий транспорт коридорлари стратегиясини қабул қилиш, Марказий Осиё мамлакатлари коммуникациялари минтақада транспорт-логистика секторини ривожлантириш бўйича ўзаро ҳамкорликни мувофиқлаштириш учун Марказий Осиё транспорт тизимини барқарор ривожлантириш бўйича Минтақавий дастурни қабул қилиш ва Транспорт бўйича минтақавий кенгашни шакллантириш таклиф этилмоқда, – деди таҳлилчи.
Жаҳон иқтисодиётидаги инқирозли ҳодисалар ва турли куч марказлари ўртасидаги кескин қарама-қаршилик шароитида янада долзарб бўлиб бораётган хавфсизлик масалаларида саъй-ҳаракатларни яқиндан мувофиқлаштириш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Бундан келиб чиқиб, A.Неъматов хавфсизлик ва барқарор ривожланиш ўртасидаги узвий боғлиқликни ҳисобга олган ҳолда минтақавий хавфсизлик бўйича ягона қарашни шакллантириш, Марказий Осиёнинг умумий ва яхлит хавфсизлигини таъминлашда давлатларимизнинг марказий ўрни ва масъулиятини белгилаб бериш бўйича биргаликда ишлаш муҳимлигини таъкидлади.
Экспертнинг фикрича, бугунги кунда Марказий Осиёнинг халқаро муносабатлар тизими ва жаҳон иқтисодий муносабатларидаги ўрни ва роли қайта баҳоланаётгани кузатилмоқда. Марказий Осиёнинг улкан инсоний, ресурс-хомашё ва ишлаб чиқариш салоҳияти ҳозирданоқ жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини тортмоқда, минтақанинг халқаро субъективлиги ва жаҳон миқёсидаги роли ортиб бормоқда.
– Бундай шароитда иттифоқчилик тамойилларига асосланган стратегик мулоқотни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш давр талабидир. Ишончим комилки, юқоридаги чора-тадбирларни амалга ошириш, шунингдек, ҳаракатларимизни мувофиқлаштириш бизга минтақанинг ички захираларидан тўлиқ фойдаланиш имконини беради ва Марказий Осиё барқарорлигини сезиларли даражада оширади, – дея хулоса қилди СМТИ вакили.