Ўзбекистон раҳбарининг ташаббуслари ШҲТнинг афғон сиёсатида янги саҳифа очмоқда
Маълумки, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев «ШҲТ-Афғонистон» мулоқоти гуруҳи доирасида Афғонистоннинг ижтимоий-иқтисодий тикланишига кўмаклашиш бўйича амалий чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш тўғрисида таклиф билдирди. Бу Шанхай ҳамкорлик ташкилоти мамлакатларининг Афғонистонда узоқ кутилган тинчликка эришиш йўлидаги саъй-ҳаракатларини янада жипслаштиришга хизмат қилади.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси Ўзбекистон Республикаси қўшни давлатда узоқ муддатли ва барқарор тинчлик эришилишига содиқ эканлигини яна бир бор тасдиқлаши баробарида Афғонистонга нисбатан қатъий дўстлик сиёсатининг мантиқий давоми ҳисобланади.
Ўзбекистон ҳамиша Афғонистондаги вазиятни тартибга солишда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти муҳим роль ўйнаши тарафдори бўлиб келган. Зеро, ШҲТ кенг маконидаги хавфсизлик ва иқтисодий юксалиш ушбу жафокаш афғон замини тинчлиги ва барқарорлиги билан бевосита боғлиқ эканлигига давлатимизнинг ишончи комил.
Бинобарин, 2004 йилдаёқ Ўзбекистон ШҲТ мамлакатларига раис сифатида Афғонистоннинг собиқ президенти Ҳ.Карзайни Тошкентдаги саммитга таклиф этганди. Ўшандан буён ШҲТнинг бирорта саммити 2012 йилда кузатувчи давлат мақомини олган Афғонистон Ислом Республикаси раҳбарлари иштирокисиз ўтмаяпти.
2005 йил ноябрь ойида Пекинда расмийлаштирилган «ШҲТ-Афғонистон» мулоқоти гуруҳини тузиш тўғрисидаги ташаббус 2004 йилда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган ШҲТ давлатлари раҳбарлари саммитида илгари сурилгани ҳам рамзий маънога эга.
«ШҲТ-Афғонистон» мулоқоти гуруҳининг ташкил этилиши Афғонистон Ислом Республикаси билан қўшни давлатдаги мавжуд ҳарбий-сиёсий вазият, унинг минтақавий хавфсизликка таъсири, ШҲТ мамлакатларининг Афғонистонда тинчлик, хавфсизликни таъминлаш ва иқтисодий тикланишга кўмаклашиши, шунингдек, минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари бўйича аниқ консультатив(маслаҳат) мулоқотни йўлга қўйиш имконини берди.
Ўзаро алоқаларнинг бундай формати шарофати билан аъзо давлатлар Афғонистондан келиб чиқаётган хатар ва таҳдидларни тўхтатиш, уларнинг ташкилот маконида тарқалишининг олдини олиш бўйича ҳамкорликни самарали мувофиқлаштириб келяпти.
Мулоқот гуруҳи доирасидаги мунтазам диалог(мулоқот) ШҲТ майдонида Афғонистондаги вазиятни тартибга солишнинг асосий тамойиллари бўйича минтақавий муросага келишга туртки берди. Бу ўз навбатида Афғонистон Ислом Республикасида тинчликни тиклашга нисбатан халқаро ҳамжамиятда умумий ёндашувларни шакллантиришда ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда.
ШҲТ доирасидаги мазкур муроса(консенсус) 2019 йил июнь ойида Бишкекда қабул қилинган «ШҲТ-Афғонистон» мулоқоти гуруҳи «йўл харитаси»да ҳам мустаҳкамлаб қўйилди. Зеро, шу асосда аъзо давлатлар Афғонистондаги вазиятни тартибга солишга оид асосий тамойилларга содиқ эканликларини маълум қилишди. Унда можарони сиёсий мулоқот йўли билан ҳал этишнинг муқобили йўқлиги ва афғонларнинг ўзлари бошчилигида инклюзив тинчлик жараёнини амалга оширишлари, шунингдек, ушбу мамлакатда тинчлик ва барқарорлик ўрнатиш, бутун минтақа хавфсизлиги ва барқарор тараққиёти учун Афғонистонда иқтисодиётни тиклаш муҳимлиги эътироф этилди.
«Йўл харитаси» ШҲТга аъзо давлатларнинг Афғонистон ҳукумати ва халқининг мамлакатда тинчлик, хавфсизлик, маданий-гуманитар ривожланиш ва иқтисодий тикланишни таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга тайёр эканликлари мустаҳкамланган сиёсий ҳужжатга айланди.
Айнан шунинг учун ҳам Афғонистонни ижтимоий-иқтисодий тиклаш бўйича қабул қилинган Режа ШҲТнинг афғон сиёсатида, шубҳасиз, янги саҳифа очади ва мулоқот гуруҳи «йўл харитаси» бажарилишини амалий босқичга олиб чиқади.
Биринчидан, ШҲТ доирасида ижтимоий, иқтисодий ва гуманитар дастурлар ҳамда лойиҳаларни амалга ошириш йўли билан Афғонистонга осойишта иқтисодиётни тиклаш бўйича ёрдам бериш борасидаги саъй-ҳаракатлар бирлаштирилади. Бу эса мазкур мамлакатда узоқ муддатли ва барқарор тинчликка эришиш, афғон можаросини тинч йўл билан ҳал этиш жараёнининг ижтимоий-иқтисодий пойдеворини яратишга хизмат қилади. Ўз навбатида аҳоли учун муқобил даромад манбалари, Афғонистон фуқароларининг бунёдкорлик ва тинч ҳаётга ўтишлари учун зарур рағбатлар яратилади.
Иккинчидан, Афғонистонни иқтисодий ривожланишини бирлашган ҳолда минтақавий қўллаб-қувватлаш мамлакат ҳукуматининг аҳоли олдидаги ўз ижтимоий мажбуриятларини бажариш бўйича лаёқатлилигини сақлаб қолиш, фуқароларнинг барқарорлик ва хавфсизликка бўлган энг зарур эҳтиёжларини қондириш, можародан кейинги даврда ҳам тинч йўл билан тараққий топишни таъминлашнинг муҳим шартига айланади. Юксалиб борадиган афғон иқтисодиётини яратиш қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқларини таъминлаш, демократик институтлар, фуқаролик жамиятини шакллантириш ва давлат бошқарувини модернизация қилиш соҳасида 19 йил олдин бошланган ислоҳотларни давом эттириш кафолатига айланади.
Учинчидан, ШҲТ доирасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳам Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш, ҳам ушбу мамлакатнинг Евроосиё ҳудудидаги ўзаро алоқаларни таъминлашнинг асосий бўғини сифатидаги ролини тиклашга хизмат қилади. Бу ўз навбатида ШҲТ маконида Афғонистонда тез орада тинчликка эришиш бўйича муросани янада мустаҳкамлашга туртки беради. Бундан ташқари, режанинг самарали амалга оширилиши АИРни ҳамкорлик ва имкониятлар майдонига айлантирган ҳолда кўп томонлама ҳамкорликнинг намунали моделига айланиши мумкин.
Боз устига, Ўзбекистон етакчисининг ташаббуси ШҲТнинг афғон масаласини амалий ҳал этишдаги муҳим ролини мустаҳкамлаш учун имконият яратади. Бугунги кунда Афғонистондаги вазиятни тартибга солиш ва иқтисодиётни тиклаш бўйича кўплаб турли майдонлар ва форматлар мавжуд. Бироқ уларнинг салоҳияти объектив ва субъектив сабаблар туфайли тўлиқ ҳажмда ишга солинмаяпти.
Шундан келиб чиқилса, ШҲТ афғон муаммоси ҳал этилишидан манфаатдор бўлган деярли барча мамлакатлар уюшган ноёб тузилма ҳисобланади. Булар Марказий Осиё давлатлари, Хитой, Россия, Покистон, Ҳиндистон(тўла ҳуқуқли аъзолар), Эрон(кузатувчи), Туркия(мулоқот бўйича шерик)дир.
ШҲТ салоҳияти Афғонистонда тинч иқтисодиётни тиклаш, мамлакатда узоқ муддатли ва барқарор тинчликка эришишга салмоқли ҳисса қўшиш учун етарлидир. Бугунги кунда ШҲТга аъзо давлатларнинг умумий ЯИМ дунё ялпи ички маҳсулоти таркибида 22,5 фоиз(18,4 триллион доллар)ни ташкил этмоқда. 2030 йилга келиб мазкур кўрсаткич 40 фоизга етиши кутиляпти. Тўғридан-тўғри хориж инвестициялари даражаси бўйича биринчи йигирматаликдан Хитой(иккинчи ўрин — 203,4 миллиард доллар) ва Ҳиндистон(15-ўрин —41,2 миллиард доллар) каби аъзо мамлакатлар жой олган.
Бунга уйғун тарзда ШҲТ давлатлари афғон халқининг тинчлик ва юксалишга бўлган интилишларини қўллаб-қувватлашда фаол иштирок этмоқда. Хусусан, улар Афғонистоннинг асосий савдо ҳамкорлари қаторидан жой олган. Савдо ҳажми 2019 йилда АИРнинг хориж давлатлари билан умумий савдо айланмасида 54 фоиз(олти миллиард доллар)ни ташкил этгани ҳам бунинг тасдиғидир. Агар Афғонистоннинг ШҲТнинг бошқа иштирокчилари — кузатувчи Эрон(2,5 миллиард доллар) ва мулоқот бўйича шерик Туркия(150 миллион доллар) билан савдоси инобатга олинса, у ҳолда кўрсаткич 82,7 фоизга етади. Қолаверса, ШҲТ майдони афғон маҳсулотлари сотиладиган асосий бозор ҳисобланади. 2019 йилда ташкилот иштирокчиларининг афғон товарлари экспорти ҳажмидаги улуши 94,5 фоиз(688 миллион доллар)ни ташкил қилди.
ШҲТ мамлакатлари АИРда электрга бўлган 80 фоиз ва истеъмол буғдойи ҳамда унга бўлган 20 фоиздан ортиқ эҳтиёжини қондирган ҳолда энергетика ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда катта ёрдам кўрсатаётганликлари алоҳида эътиборга лойиқ.
Умуман олганда, Ўзбекистоннинг АИР ижтимоий-иқтисодий тикланиши бўйича Режани қабул қилиш тўғрисидаги таклифи унинг асосий вазифаларига тўла мос келади. Зеро, унда ўзаро ҳамкорликда минтақада тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш ва қўллаб-қувватлаш, иштирокчи давлатлар ўртасидаги ўзаро ишонч ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш, уларнинг сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий соҳалардаги самарали ҳамкорликка кўмаклашиши назарда тутилган. Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштиришда фаол қатнашиши ШҲТнинг минтақавий ва халқаро хавфсизликни таъминлашга салмоқли ҳисса қўшаётган масъулиятли кўп қиррали тузилма сифатидаги салоҳиятини мустаҳкамлайди ҳамда мақомини оширади.
Акрамжон НEЪМАТОВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директорининг биринчи ўринбосари