Бу йил Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил қилинганига 29 йил тўлди. Ушбу кун мамлакатимизда Ватан ҳимоячилари куни сифатида кенг нишонланиб келинади. Мазкур қутлуғ айём том маънодаги умумхалқ байрамига, азалдан халқимизга хос бўлган ватанпарварлик, мардлик ва жасурлик каби юксак фазилатлар тимсолига айланиб бораётгани барчамизни қувонтиради.
Давлатимизнинг катта эътибори туфайли сўнгги йилларда амалга оширилган комплекс чора-тадбирлар натижасида Қуролли Кучларимизнинг салоҳияти тобора ўсиб бормоқда. Натижада, миллий армиямиз ривожланиш суръатларини муттасил ошириб, юқори касбий маҳоратни намойиш этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Миромонович Мирзиёев 2020 йилнинг 27 декабрь куни Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномада мамлакатимиз мудофаа қобилиятини ошириш ва Қуролли Кучлар салоҳиятини мустаҳкамлаш давлат қурилишининг энг муҳим устувор йўналишларидан бири сифатида белгилаб берган эдилар.
Давлатимиз Раҳбари ҳарбийларни Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 29 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни билан табригида таъкидлаганидек, “Биз бундан тўрт йил олдин Ўзбекистонда ҳарбий қурилиш соҳасини тубдан ислоҳ қилиш бўйича энг муҳим ва устувор йўналишларни белгилаб олган эдик. Шу асосда мамлакатимиз мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш ва Қуролли Кучларимизни ривожлантириш учун кенг кўламли ишларни амалга оширмоқдамиз. Ўтган қисқа даврда янги Мудофаа доктринаси қабул қилинди, ҳарбий тузилмаларнинг таркиби ва вазифалари чуқур қайта кўриб чиқилди, қўшинларни бошқариш тизими такомиллаштирилди, миллий армиямизни замонавий қурол-яроғ ва техника воситалари билан таъминлаш бўйича ўта муҳим лойиҳалар амалга оширилди”.
Хусусан, мамлакатимиз Президенти Қуролли Кучларнинг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш ва мамлакат мудофаа-саноат мажмуасини изчил ривожлантириш бўйича ишларни ушбу соҳадаги асосий йўналишлардан бири этиб белгилаб берган эдилар.
Қисқа вақт ичида мудофаа саноати давлат қўмитаси мамлакатнинг барча ихтисослашган корхоналарини бирлаштирган ҳолда тўлиқ таркибда ишлай бошлади ва айни пайтда базавий корхоналарни ташкил этиш ҳамда техник қайта жиҳозлаш бўйича лойиҳалар фаол равишда амалга оширмоқда.
Яна бир алоҳида йўналиш бу – қўшинларнинг моддий-техник базасини изчил мустаҳкамлаш, уларни замонавий қурол-яроғ ва техника билан жиҳозлаш, мавжуд қуролларни яроқли ҳолатда сақлаш ҳамда уларни модернизация қилиш масалалари армиямизнинг жанговар тайёргарлигини юқори даражада ушлаб туришдир.
Қуролли Кучлар салоҳиятини мустаҳкамлашнинг муҳим элементи хорижий мамлакатларнинг ҳарбий ишдаги илғор тажрибаларини синчиклаб ўрганиш, таҳлил қилиш ва қўшинлар амалиётига татбиқ этиш ҳисобланади. Бунда самарали ҳалқаро ҳарбий ҳамкорликни амалга ошириш муҳим ахамият касб этади.
Фақатгина 2020 йилда ҳарбий ҳамкорлик режаларига ўндан ошиқ давлатларнинг Қуролли Кучлари билан кўплаб тадбирлар ўтказилди. Ҳарбий хизматчиларимиз турли хил машқлар, машғулотлар, ҳарбий спорт мусобақалари ва бошқа ҳарбий ҳамкорлик доирасидаги тадбирларда фаол иштирок этиб, юқори даражадаги профессионал тайёргарликларини намойиш этдилар. Масалан, 2020 йилда ўтказилган Бутун Армия Халқаро ўйинларида Ўзбекистон ҳарбийлари фахрли учинчи ўринни эгаллашди. Бизнинг 16 жамоамиздан 14 таси турли мусобақа турларида иштирок этиб совринларни қўлга киритди.
Маълумки, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш стратегиясини амалга ошириш доирасида қабул қилинган янги Мудофаа доктринасининг асосий тамойилларига асосланиб, давлатнинг бутун ҳарбий ташкилотини янада ривожлантириш ва янгилашнинг барча соҳаларида комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришган вақтдан то ҳозирги кунларимизгача бўлган даврда, Қуролли Кучларимиз мамлакатимиз бошига тушган ҳар қандай ташвишли кунларда доимо давлатимиз ва жамиятимизнинг мустаҳкам ишончли ҳимоячиси ва таянчи бўлиб келган.
Масалан, 2020 йил коронавирус пандемияси бутун дунё мамлакатлари қатори Ўзбекистонда ҳам давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларига салбий таъсир кўрсатди.
Ана шундай ўта оғир шароитда халқимизнинг ҳаёти ва соғлиғини асраш учун Қуролли Кучларимиз бор куч ва имкониятларини сафарбар этди. Кўчаларда ва барча маҳаллаларда кечаю кундуз патрул хизмати олиб борилди, назорат пунктлари фаолияти йўлга қўйилиб, фуқароларнинг ҳаракатланиши чекланди. Тарғибот гуруҳлари одамлар ўртасида тушунтириш ишларини олиб борди.
Бундан ташқари, ҳарбий тиббиёт ходимлари соғлиқни сақлаш тизими тузилмалари билан биргаликда коронавирусга чалинган беморларни даволаш ишларига ўз ҳиссаларини қўшдилар.
Бухоро ва Сирдарё вилоятларида юз берган табиий ва техноген офатлар эса бутун халқимиз қатори Қуролли Кучларимиз учун ҳам яна бир синов бўлди. Ана шу офатлар оқибатларини бартараф этишда ҳарбий хизматчиларимиз профессионал малакаси ва маҳорати, тезкор ҳаракатлари билан кутилмаган фавқулодда ҳолатларда ҳам ўз олдига қўйилган вазифаларни шараф билан адо этишга қодир эканини амалда кўрсатди. Ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, бундай фавқулодда мураккаб даврда миллий армиямиз чиндан ҳам халқимиз билан бир тану бир жон эканини сўзда эмас, амалда намоён этди.
Ҳеч қандай шубҳасиз айтиш мумкинки, армиямиз мамлакатимизда ўтказилаётган кенг кўламли иқтисодий, ижтимоий ҳамда сиёсий ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш жараёнида доим муносиб кўмакчи эканлигини амалда исботламоқда ва бундан кейин ҳам Қуролли Кучларимиз мамлакатимиз, ҳалқимизнинг тинч-осойишта, хавфсиз хаётининг кафолатли химоячиси бўлиб қолади!
Баҳромжон СОТИБОЛДИЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро
тадқиқотлар институти бўлим раҳбари