Янги Ўзбекистон учун инсон қадри ва халқ манфаати ҳамма нарсадан устун

“Аввал – инсон, кейин – жамият ва давлат деган ғояни Конституциямиз ва қонунларимизга ҳам, кундалик ҳаётимизга ҳам чуқур сингдиришимиз керак. Ҳозирги кундаги жиддий синовлар ва башорат қилиб бўлмайдиган хавф-хатарларни енгиб ўтишга қодир бўлган миллий давлатчилигимиз асосларини мустаҳкамлашимиз зарур.”

“Инсон қадри учун” ғоясидан келиб чиқадиган, ислоҳотларимизнинг бош тамойили бўлган “Инсон-жамият-давлат” ёндашувини Конституциямиз мазмун - моҳиятига чуқур сингдирсак, у ҳаётимизнинг бош кадриятига айланади. Бу демакки, амалга ошираётган барча ислоҳотларимиз марказида инсон қадрини улуғлашга қаратилган эзгу ғоя мужассам бўлмоғи лозим.

Чунки, бизнинг буюк алломаларимиз бой илмий ва маънавий меросида хам, инсон - ҳаёт гавҳари, тенгсиз мўжиза сифатида улуғланади. Инсон муносиб шароитда таьлим тарбия олиб, фаровон ҳаёт кечирган тақдирдагина, жамият ва давлат уйғунликда барқарор ривожланади.

Шунинг учун ҳам, бугунги кунда жаҳон миқёсида инсон ҳуқуқ ва эркинликларига, ушбу тушунчалар билан боғлиқ рейтинг ва стандартларга биринчи даражали аҳамият берилмоқда.

Инсон-давлат ва жамият учун мақсадга эришиш воситаси эмас, аксинча, ана шу мақсаднинг бош мазмуни ва манбаи ҳамда энг олий қадрият бўлиши лозим. Биз барпо этаётган Янги Ўзбекистон учун инсон қадри ва ҳалқ манфаати ҳамма нарсадан устундир.

Умуман, маъно-мазмуни инсон қадрини улуғлаш руҳи билан бойитилган, келажак авлодларга муносиб хизмат қиладиган, Янги Ўзбекистонга мос бўлган Конституцияни ҳар томонлама ўйлаб, шошилмасдан ишлаб чиқишимиз керак.

Шу боис инсон қадрини юксалтириш давлат ҳокимияти органларининг конституциявий бурчи ва устувор вазифаси бўлмоғи шарт. Янгиланаётган Конституциямизда ушбу тамойиллар аниқ ифода этилиши, ўзининг мукаммал ҳуқуқий ечимини топиши зарур.

Хусусан, Конституциямизнинг 18-моддасига “Ўзбекистон Республикасида инсон ҳамда фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликлари халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларига биноан ҳамда ушбу Конституцияга муфовиқ эътироф этилади ва кафолатланади.

Инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликлари ажралмасдир ҳамда улар ҳар кимга туғилганидан бошлаб тегишли бўлади. Инсоннинг шаъни ва қадр қиммати дахлсиздир” деган янги нормалар киритилмоқда. Шунингдек, ушбу модданинг учинчи қисми “Инсон - олий қадрият”, деган жумлалар билан тўлдирилмоқда.

Конституциямизнинг 27-моддасида эса, “Ҳар бир инсон шахсий  ҳаётининг дахлсизлиги, шахсий ва оилавий сирига эга бўлиши, ўз шаъни ва қадр-қиммати ҳимоя қилиниши ҳуқуқига эга” эканлиги белгилаб қўйилмоқда.

“Шуларни эътиборга олган ҳолда, Асосий қонунимизни такомиллаштириш ишлари давом эттирилмоқда. Ушбу ислоҳотдан халқимиз катта ўзгаришлар кутмоқда”.

“Жамият – ислоҳотлар ташаббускори” тамойили асосида барча масалалар бўйича халқимиз билан бамаслаҳат иш тутамиз.

Жамият ислоҳотларнинг иштирокчисигина эмас, балки бу жараённинг фаол ташаббускори сифатида ўзини намоён қилмоғи лозим. Бунинг яққол мисоли сифатида 2022 йилнинг июнь-июль ойларида Конституциямизга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар бўйича, уни умумхалқ муҳокамасига олиб чиқилганда, халқимизнинг турли хил вакиллари-ёшлар, кекса авлод вакиллари, турли миллат вакиллари, олимлар, зиёлилар, турли-туман касб эгалари, давлат ва нодавлат ташкилотларининг вакиллари мухтасар айтганда, бутун жамият фаол иштирок этди, минглаб, юзлаб фикр ва мулоҳазалар билдирилди, бахсталаб масалалар бўйича ечимлар ва таклифлар Олий Мажлиснинг Конституциявий комиссиясига, махсус порталга, Президент Администрациясига, ОАВ нашрлари ва интернет саҳифаларига келиб тушди.

Жамоатчиликдан келиб тушган фикр ва мулоҳазалар олимлар, экспертлар томонидан ўрганилиб хулосалар олинди, бу жараёндан жамоатчилигимиз мунтазам хабардор қилиб борилди. Бугунги кунга қадар бу борада 220 мингдан зиёд таклиф келиб тушгани ҳам бунинг яққол далилидир.

Бу демакки, Президентимиз таъбири билан айтганда, “Фуқароларимиз билдирган барча таклиф ва истаклар албатта инобатга олинади ва Конституция лойиҳаси умумхалқ референдумига олиб чиқилади”.

“Энг муҳими – ҳар бир ватандошимиз конституциявий ислоҳотларга дахлдор бўлиши ва “Бу – менинг Конституциям”, деб юксак ғурур ва ифтихор билан айта олиши керак”.

  Лола  Саидова 

Юридик фанлар доктори, доцент, СМТИ бош илмий ходими

Манба