Янгича ёндашув ва замонавий форматдаги саммит ўзаро англашув ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлидаги тарихий платформа

Президентимизнинг “Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити: ўзаро боғлиқликдаги дунёда мулоқот ва ҳамкорлик” сарлавҳали мақоласида қайд этилганидек, “Ўзбекистоннинг ШҲТга раислиги дунё миқёсида шиддатли жараёнлар кечаётган ўзига хос тарихий эврилиш палласига тўғри келди – бир тарихий давр ниҳоясига етмоқда ҳамда башорат қилиш мушкул бўлган янги бир давр бошланмоқда”.

Бундай тарихий эврилиш даврида Ўзбекистон ШҲТга раислик доирасида мисли кўрилмаган сиёсий, дипломатик, ташкилий ва техник жиҳатдан мураккаб вазиятларга дуч келиши аниқ эди. Аммо Ўзбекистоннинг ШҲТдаги раислиги бошланган кундан буён орадан бир йил ўтиб, бугун раислик натижаларини сарҳисоб қилар эканмиз, мамлакатимиз нафақат ўз олдида турган барча вазифаларни муваффақиятли бажаргани, балки халқаро ҳамжамият қаршисида ёруғ юз билан тургани, мазкур йирик ташкилотнинг бугунги тараққиёти ва истиқболи учун катта ҳисса қўшганига гувоҳ бўламиз.

Пандемиянинг салбий оқибатлари ва жаҳон иқтисодиётидаги беқарорлик давом этаётган бир шароитда йил давомида ўтказилган 80 дан зиёд тадбирни самарали ўтказишга муваффақ бўлдик. Бу минтақавий ташкилотлар фаолиятида жуда кам учрайдиган ўта интенсив фаолият кўрсаткичидир. ШҲТ доирасида раислик қилган бошқа ҳеч бир давлат бу қадар кўп тадбир ўтказишга муваффақ бўлмаган.

ШҲТга аъзо давлатлар делегациялари иштирокида турли даражадаги ва Ўзбекистоннинг турли шаҳарларида бўлиб ўтган кўп томонлама дипломатик, иқтисодий, ахборот соҳаларидан тортиб, санъат ва маданий-гуманитар алоқаларгача бўлган учрашувлар ташкил этилди. Улар турли форматларда, жумладан, виртуал ва юзма-юз учрашувлар, шунингдек, музокараларнинг ҳар иккала турини ўзини мужассам этган гибрид режимларда бўлиб ўтди. Шу мақсадда ушбу тадбирларнинг кун тартиби, дастури, иштирокчилари рўйхати ва якуний ҳужжатларини мувофиқлаштириш бўйича катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилди.

ШҲТ доирасида тадбирларини ташкил этишда Ўзбекистон томонидан янгича ёндашув ва форматлар жорий қилинди. Улар нафақат Тошкентда, балки мамлакатимизнинг турли ҳудудларида ҳам ўтказилди, бу эса Шанхай ҳамкорлик ташкилотига алоқадор давлатларнинг мамлакатимиз вилоятлари салоҳияти билан яқиндан танишиш имконини берди. Шу тариқа, Нукус, Бухоро ва Фарғонада ШҲТ Миллий координаторлари кенгаши йиғилишлари ташкил этилди. Хивада транспорт вазирлари йиғилиши, Бухорода камбағалликни қисқартириш халқаро форуми бўлиб ўтди. Жорий йилнинг август ойида Самарқанд шаҳрида бир қатор тадбирлар ўтказилди.

Ўзбекистон томонидан ўтказилаётган кўплаб учрашув ва музокаралар нафақат ШҲТ доирасида йўлга қўйилган ҳамкорлик тамойилларини, балки унинг фаолияти доирасида янги талаб қилинадиган йўналишларни ҳам қамраб олди.

Ўзбекистон раҳбарининг ШҲТ кун тартибини истиқболли ва долзарб масалалар бўйича ўзаро ҳамкорлик орқали кенгайтиришга қаратилган қатор таклифлари амалга оширилди. Хусусан, ташкилот доирасида биринчи марта Ўзбекистонда ахборот-коммуникация технологиялари, шунингдек, қамбағалликни қисқартириш масалаларига бағишланган вазирлик даражасидаги учрашувлар бўлиб ўтди. Шунингдек, Ўзбекистон ташаббуси билан ШҲТ доирасида халқ дипломатияси, туризм, анъанавий тиббиёт форумлари, ёш истеъдодлар ўртасида стартап лойиҳалар танлови каби тадбирлар ўтказилди.

Ўзбекистоннинг ШҲТдаги раислиги даврида марафон каби давом этган тинимсиз дипломатик фаолият мисли кўрилмаган натижани таъминлади. Бир йил ичида ушбу ташкилот доирасида 37 та халқаро ҳужжатнинг келишиш жараёни бошланиб, мувофиқлаштирилди ва Самарқанддаги саммит арафасида муваффақиятли якунига етказилди. Бу ҳам ушбу ташкилот тарихидаги ўзига хос кўрсаткичдир. Қолаверса, ушбу ҳужжатларнинг 30 таси Ўзбекистон ташаббуси билан, аксарият ҳолларда Президент Шавкат Мирзиёев таклифи билан ишлаб чиқилган бўлиб, улар стратегик муҳим ва амалий характерга эга. Бу ҳужжатлар ШҲТда ўзаро ҳамкорлик соҳаларини мазмунан ва институционал жиҳатдан кенгайтиришга қаратилган.

Ўзбекистоннинг ШҲТдаги раислиги энг юқори нуқтаси 15–16 сентябрь кунлари Самарқандда бўлиб ўтадиган саммитдир. Қайд этиш жоизки, бу учрашув Ўзбекистон ва ШҲТ тарихида мисли кўрилмаган даражадаги катта халқаро сиёсий-дипломатик тадбир бўлади. Айтиш мумкинки, у оддий ШҲТ саммитларидан фарқли ўлароқ, “ШҲТ+” форматида ўтказилади.

Тадбирда ташкилотга аъзо давлатлар – Ўзбекистон, Хитой, Россия, Ҳиндистон, Покистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, шунингдек, кузатувчи давлатлар, Эрон, Мўғулистон ва қатор бошқа ҳамкор давлатлар – Озарбайжон, Aрманистон, Беларусь, Туркия ва Туркманистон раҳбарлари қатнашади. Шунингдек, саммит доирасида қатор араб давлатларининг юқори мартабали вакиллари ҳамда БМТ, МДҲ ва 10 га яқин бошқа халқаро ташкилотлар раҳбарлари ҳам Самарқандга ташриф буюриши кутилмоқда. Мазкур тадбирнинг кўлами ва формати шу қадар кенгки, уни “саммитлар саммити”, деб атасак ҳеч муболаға бўлмайди. Зеро, унинг доирасида асосий воқеа – ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг учрашувидан ташқари, бошқа кўплаб икки ва кўп томонлама расмий тадбирлар ҳам ўтказилиши режалаштирилган.

Бир сўз билан айтганда, Президент Шавкат Мирзиёев мақоласида таъкидлаганидек, “ШҲТнинг Самарқанд саммити умумий хавфсизлик ва тараққиёт йўлидаги ўзаро ҳурмат, ишонч, конструктив ҳамкорлик принципларига асосланган янги, инклюзив мулоқотни йўлга қўйиш борасида ўзига хос намуна бўла олади”.

Бобур УСМОНОВ,

Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар

институти директори ўринбосари

Манба