Янгиланган Конституцияда белгиланган нормалар демократик-ҳуқуқий давлат асосларини янада мустаҳкамлашга қаратилган

Куни кеча Ўзбекистон Президенти Ш.Мирзиёев Конституция куни муносабати билан халқимизга байрам табригини йўллади.

Давлат Раҳбари жорий йилда ушбу байрам «сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий ҳаётимизда катта ўзгаришлар амалга оширилаётган тарихий бир шароитда» ўтаётганини таъкидлади.

Янгиланган Конституция Янги Ўзбекистонни барпо қилиш стратегиясини амалга оширишнинг сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий асослари, миллий давлатчилигимиз тараққиётининг бугунги босқичида давлат ва жамиятни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини ўзида акс эттирган тарихий ҳужжат сифатида шаклланди.

Дарҳақиқат, мазкур байрам мутлақо янги сиёсий-ҳуқуқий шарт-шароит ва муҳитда нишонламоқда. Хусусан, буни қуйидагиларда кўриш мумкин:

Биринчидан, янгиланган Конституцияда белгиланган нормалар демократик-ҳуқуқий давлат асосларини янада мустаҳкамлашга вакиллик органларининг давлат ва жамият ишини бошқаришдаги ролини кучайтиришга қаратилган.

Хусусан, Олий Мажлис Сенатининг маҳаллий вакиллик органлари фаолиятига кўмаклашиши каби муҳим ваколати мустаҳкамлаб қўйилмоқда. Ушбу нормалар ҳокимият органлари масъулият чегарасини аниқ белгилашга, ўзаро ҳамкорлик механизмларини оптималлаштиришга, фаолияти самарадорлигини оширишга ҳамда парламентнинг бугунги даврга мос, том маънода халқчил органга айланишига хизмат қилиши, шубҳасиз.

Шунингдек, Сенатга қонунчиликка оид таклифларни қонунчилик ташаббуси тартибида қуйи палатага киритиш ҳуқуқи берилмоқда. Ушбу ваколат Сенат томонидан қонунчилик ва назорат-таҳлил фаолияти ҳамда фуқаролар билан мулоқот натижалари бўйича қонунларда аниқланган камчиликларни бартараф этишга қаратилган аниқ таклифларни қуйи палатага киритиш имконини беради.

Мамлакат Президентининг табригида таъкидланган муҳим жиҳатлардан яна бири – бу ҳокимлар бир пайтнинг ўзида маҳаллий кенгашларга ҳам раҳбарлик қилиб келган амалиётдан ушбу органларга илк бор депутатлар орасидан сайланган кенгаш раиси бошчилик қиладиган янги тизимга ўтилаётгани ҳамда ҳокимларнинг 30 дан зиёд ваколатлари маҳаллий кенгашларга ўтказилгани амалиёти жорий қилинаётганини алоҳида таъкидлаш лозим. Ҳокимларнинг халқ депутатлари Кенгашларига раҳбарлик қилиш институтини тугатиш тўғрисидаги конституцион норма ҳокимият ваколатларини бўлиниш принципини маҳаллий даражада татбиқ этишга, ўз навбатида, маҳаллий Кенгашлар фаолияти самарадорлигини, ҳокимларнинг халқ вакиллари олдидаги масъулиятини оширишга ва ҳудудларда жамоатчилик назоратини кучайтиришга хизмат қилади.

Иккинчидан, сайлов тизимига оид конституцион нормалар мамлакат сиёсий ҳаётидаги энг муҳим ўзгаришлардан бўлди. Жумладан, фуқароларнинг қарор қабул қилиш жараёнидаги иштирокини кенгайтириш, қабул қилинаётган қонун ҳужжатларида аҳоли манфаатларининг биринчи ўринда инобатга олиниши ва таъминланиши асосий кўрсаткичлардан биридир. Бунинг натижасида аҳолининг ижтимоий-сиёсий билими ва фаоллиги даражаси, жамият ва давлат ҳаётига нисбатан дахлдорлик ва масъулият ҳисси — умуман олганда сиёсий маданияти сезиларли даражада ортди.

Давлатимиз Раҳбари ўз табригида мамлакатимизда янги тизим асосида бўлиб ўтган Олий Мажлис ва маҳаллий кенгашларга сайловлар хусусида тўхталиб “очиқлик ва рақобат руҳида ўтган сайловлар янгиланган Асосий қонунимизни ҳаётга татбиқ этиш йўлида ғоят муҳим қадам бўлганини” яна бир бор таъкидлади.

Маълумки, жорий йилнинг 27 октябрь куни Ўзбекистон тарихида илк бор қуйи палатага сайлов аралаш, яъни мажоритар-пропорционал тизим асосида ўтказилди. Янги тартибга кўра, 150 депутатнинг 75 нафари бир мандатли, қолган ярми ягона округ бўйича сиёсий партияларга берилган овозга мутаносиб равишда муайян партия томонидан кўрсатилган номзодлар рўйхати асосида сайланиши белгиланди.

Учинчидан, бугун дунёда кузатилаётган таҳликали, воқеалар ривожини олдиндан айтиш қийин бўлган мураккаб шароитда мамлакатимизда конституцион ислоҳотларнинг амалга оширилгани муҳим аҳамиятга эга. Бундай шароитда давлатимизнинг қатъий ривожланиш ҳамда либерал-демократик қадриятларнинг мустаҳкамлаш борасидаги стратегик мақсади диққатга сазовор. Зеро, янгиланган Конституцияда инсон шаъни, қадр-қиймати, унинг хоҳиш-истаклари ва манфаатлари алоҳида белгилаб қўйилган.

Шундай қилиб, мамлакат сайлов тизимидаги ўзгаришлар хусусан, технологик инновациялар ва инклюзивлик муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу, ўз навбатида, ҳар бир фуқародан Конституция нормаларига амал қилиш ҳамда мамлакат тараққиёти учун дахлдорлик ва масъулият ҳиссининг ошишига хизмат қилади.

Хулоса ўрнида шуни айтиш лозимки, янгиланган Конституцияда белгиланган барча нормалар дарҳақиқат халқчил давлат, барқарор тараққиёт ва фаровон ҳаёт асоси деган бош ғояни ўзида акс эттиради.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти бўлим бошлиғи
сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD) А.Юсупов