БМТнинг “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюциясининг моҳияти ва аҳамияти

Маълумки, охирги беш йилликда президент Ш.Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистонда диний бағрикенгликни мустаҳкамлашга доир кўплаб ижобий ишлар амалга оширилди.

Мазкур соҳадаги ижобий ўзгаришлар халқаро майдонда ҳам эътироф этилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Президентининг БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги тарихий нутқи ўз мазмун-моҳияти ва халқаро ҳамжамият учун аҳамияти жиҳатидан аксарият давлатларнинг эътиборини тортди.

Давлатимиз раҳбари ўзининг ушбу нутқида Ўзбекистондаги ислоҳотлар, инсон ҳуқуқлари, демократия, ёшлар масаласи, халқаро хавфсизлик, минтақавий ҳамкорлик, экология, каби қатор глобал муаммолар билан бир қаторда диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш масаласига ҳам алоҳида тўхталиб, бу борада БМТ Бош Ассамблеясининг «Маърифат ва диний бағрикенглик» махсус резолюциясини қабул қилиш ташаббусини илгари сурди.

Ушбу ташаббус БМТга аъзо 193 та мамлакатлар томонидан  қўллаб-қувватланди ва 2018 йил 12 декабрда БМТ Бош Ассамблеяси 73-сессияси 51-йиғилишида A/Res/73/128-рақамли “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюцияси якдиллик билан қабул қилинди.

Резолюцияни қўллаб-қувватлаш мақсадида БМТ Бош Ассамблеяси мажлисида Кувайт, БАА, Марокаш, Уммон, Озарбайжон, Панама, Европа Иттифоқи ва бошқа қатор давлатлар делегациялари сўзга чиқиб, Ўзбекистонга ўта муҳим ва ўз вақтида илгари сурилган ташаббус, шунингдек, унинг матнини келишиш бўйича норасмий маслаҳатлашувлар чоғида билдирилган очиқлик учун миннатдорлик изҳор қилди.

Мазкур резолюцияни қабул қилишнинг келгусидаги аҳамияти тўғрисида жаҳон ОАВ ва етакчи экспертлар томонидан қатор ижобий фикрлар билдирилган эди.

Хусусан, Озарбайжоннинг “Report” ахборот агентлиги тарқатган хабарда, БМТ Бош Ассамблеяси қабул қилган ушбу ҳужжат, дунёда диний бағрикенглик ва ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлаш, диний эркинликларни таъминлашга хизмат қилиши ҳақидаги фикр илгари сурилди.

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг дин ва эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳид ҳам 2017 йил октябр ойида Тошкентга ташрифи доирасида Ўзбекистон Президенти Ш.Мирзиёев билан бўлиб ўтган учрашув чоғида БМТнинг маърифат ва диний бағрикенгликни мустаҳкамлашга бағишланган махсус резолюциясини қабул қилиш тўғрисидаги таклифни тўлиқ қўллаб-қувватлашини таъкидлаб ўтган эди.

Шунингдек, таъкидлаш лозимки, “The Korea Times” газетасида БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ҳам Ўзбекистоннинг бу борадаги ташаббуси ҳақида илиқ муносабат билдирган.

Ўзбекистон ташаббуси билан қабул қилинган резолюцияда кўпроқ маърифатпарварлик ғоялари илгари сурилиб, жаҳонда хавфсизлик ва тинчликни мустаҳкамлаш йўлида соғлом кучларни бирлаштиришнинг, ўзаро ҳурмат, инсон ҳуқуқлари, муроса ва ўзаро англашувнинг муҳимлиги эътироф этилган ҳолда қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратилади:

Биринчидан, резолюцияда маданиятлар ва динлараро муносабатлардаги уйғунликни рағбатлантириш ҳамда шахсларни дин ва эътиқодларига қараб камситилишига қарши курашишга қаратилган барча халқаро, минтақавий, миллий ташаббуслар қўллаб-қувватланади.

Иккинчидан, ҳужжатда БМТнинг фан, таълим ва маданият масалалари бўйича муассасаси – ЮНЕСКОнинг тинчлик ва бағрикенгликни таъминлашдаги ҳал қилувчи ўрни эътироф этилган. Шу билан бирга, ҳозирги даврда айрим минтақалардаги давом этаётган дин ва эътиқод борасида дискриминация, таҳқирлаш ҳамда зўравонлик, террористик гуруҳлар инсонларни дини ва эътиқоди сабабли доимий таъқиб қилаётганлигидан жиддий хавотир ва ташвиш баён этилган.

Шунингдек, ушбу резолюция моддаларида БМТ Цивилизациялар Альянсининг янада тинч ва барқарор дунёни қуришдаги ўрни ҳам тан олинган.

Маълумот учун. Цивилизациялар Альянси миллатлар, маданиятлар ва динлар ўртасидаги мулоқотни йўлга қўйиш орқали экстремизмга қарши кураш, Ғарб ва мусулмон дунёси ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида 2005 йилда БМТ Бош Ассамблеясининг 59-сессияси қарори билан ташкил қилинган.

Учинчидан, ҳужжатда халқаро ҳуқуқ, инсон ҳуқуқларини бузиб, миллий, ирқий ва диний адоватни қўзғаган ҳолда қасддан диний обидалар ва тарихий зиёратгоҳларга зарар етказилиши билан боғлиқ ҳолатларга, шундай ҳолатларнинг олдини олишга халқаро ҳамжамият эътиборини қаратиш зарурлиги билдирилган.

Тўртинчидан, қайд этиш керакки, резолюциянинг 4-моддаси кўплаб эксперт ва хориж ОАВлари диққатини тортди. Унда ҳужжат барча БМТга аъзо давлатларнинг фикр, виждон, дин ёки эътиқод эркинлигини ҳимоя қилиш ва рағбатлантиришга доир саъй-ҳаракатларини фаоллаштириш ва шу асосда:

барча жамиятларда турли дин ва эътиқодлар, уларнинг юрисдикцияси доирасида амал қилувчи турфа диний озчиликлар тарихи, анъаналари, тили ва маданияти ҳақида янада кенг билимларни тарғиб қилиш орқали таълим ва бошқа воситалар ёрдамида дин ва эътиқод эркинлигига доир барча масалаларда ўзаро англашув, бағрикенглик, камситишга йўл қўймаслик борасидаги саъй-ҳаракатлар ва ҳурматни рағбатлантириш;

 - миллий ва халқаро даражада маданиятлараро ҳамкорлик ва тинчлик ўрнатишга қаратилган фаолиятнинг турли кўринишларини қўллаб-қувватлаш;

- ушбу йўналишлардаги илмий-тадқиқот фаолиятини қўллаб-қувватлашга ундайди.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Президенти томонидан халқаро майдонда илгари сурилаётган ташаббуслар доимий ва изчил характерга эга. Хусусан, давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 6 ноябрь куни Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги инаугурация нутқида яна бир бор маърифат ва маънавият масаласига тўхталиб ўтди. Жумладан, алоҳида урғу берилдики, “... агар жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи – маънавиятдир. Биз янги Ўзбекистонни барпо этишда ана шу иккита мустаҳкам устунга, яъни, бозор тамойилларига асосланган кучли иқтисодиётга ҳамда аждодларимизнинг бой мероси, миллий ва умуминсоний ғояларни мужассам этадиган кучли маънавиятга таянамиз. Шу мақсадда “Янги Ўзбекистон – маърифатли жамият” концепциясини амалга оширамиз”.

Хулоса ўрнида қайд этиш лозимки, Ўзбекистон Раҳбари томонидан бундан 4 йил олдин илгари сурилган дунёда маърифат ва диний бағрикенгликни мустаҳкамлашга қаратилган махсус резолюцияни қабул қилиш хусусидаги ташаббуси ва унинг БМТ Бош Ассамблеяси томонидан бир овоздан қабул қилиниши глобал аҳамият касб этиб, халқаро ҳамжамиятнинг жаҳонда тинчлик, осойишталик ва барқарорликни мустаҳкамлаш учун қўйган навбатдаги катта қадами бўлди. Ушбу халқаро ҳужжатнинг қабул қилиниши, шубҳасиз, Ўзбекистон ташқи сиёсатининг катта ютуғи, мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг маҳсули эканидан далолатдир.

Мухаммадсодиқ Рахимов,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти етакчи илмий ходими

Манба