Давлат бошқаруви тизимини тубдан ислоҳ қилишнинг асосий йўналишлари белгилаб олинди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўзининг Олий Мажлисга Мурожатномасида маҳаллий ижро ва вакиллик органлари ҳамда маҳалла идораларининг институционал асосларини такомиллаштириш бўйича аниқ ва кенг кўламли вазифаларни белгилаб берди.

Қайд этиш лозимки, мамлакатимиз шиддатли тараққиётининг замонавий босқичида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муваффақиятли кечишини таъминлаш учун давлат бошқарувининг мутлақо янги, юқори самара билан фаолият юритувчи тизимини шакллантириш талаб қилинади.

Шу билан бирга, мамлакатда давлат бошқаруви тизимини давр талабларидан келиб чиққан ҳолда тубдан модернизация қилиш ҳамда маҳаллий бошқарув органлари фаолиятини янада такомиллаштириш жараёнларини жадаллаштириш мақсадида Президентимиз томонидан бир қатор ташаббуслар илгари сурилди.

Биринчидан, шу йил охирига қадар электрон давлат хизматларини 60тага кўпайтириб, уларнинг сонини 300 тага, масофавий хизматлар улушини эса камида 60 фоизга етказиш режалаштирилган.

Шу йилда туманлар бюджетига қўшимча манбаларнинг камида 10 фоизини бевосита аҳоли фикр мулоҳазалари ва маҳалладаги муаммоларини ҳал этиш бўйича ишларни амалга ошириш мақсадларига 70 млрд. сўм йўналтирилади.

Юқорида кўрсатиб ўтилган амалий ҳаракатлар ислоҳотларни тўлиқ амалга оширилишининг таъминлаши, ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаши ва самарали ҳал этишга қодир бўлган, инновацион ривожланишнинг умумжаҳон тенденцияларига жавоб берадиган давлат бошқаруви тизимини яратишга имкон беради.

Аҳолига давлат хизматларини кўрсатишда замонавий ахборот-коммуникация технологияларининг кенг жорий этилиши унинг сифати ва коррупциянинг кескин қисқаришига замин яратади.

Иккинчидан, давлат бошқаруви идоралари ва ҳокимликларнинг тузилмаси тубдан такомиллаштирилиши, ходимлар сонини ўртача 15 фоизга қисқартирилиши ҳамда бошқарув идоралари ҳар бир бўғинидаги раҳбар ва ходимларнинг ваколат чегараси аниқ белгилаб берилиши алоҳида таъкидланди. Бу ўз навбатида, бир бирини такрорловчи ва ҳозирги кунда долзарб бўлмаган давлат функцияларини қисқартирилишига олиб келади.

Учинчидан, туман, шаҳар ва маҳалла бошқарувида самарадорликни ошириш мақсадида ходимлар сони ва маоши ҳудуднинг ўзига хослиги ҳамда иш ҳажмидан келиб чиқиб белгилаш механизми жорий этилиши кўзда тутилган. Шубҳасиз, ушбу ташаббус маҳаллий бошқарув органлари ва маҳалла идоралари ишчиларига муносиб ва адолатли меҳнат ҳақи тўлашда ўз аксини топади.

Тўртинчидан, ҳар бир қишлоқ ёки маҳалла ўз йўналиши ва “ўсиш нуқталари”дан келиб чиқиб ривожлантирилиши айтиб ўтилди. Бунинг учун шу йил 3 триллион сўмлик маблағга эга бўладиган ҳудудлар инфратузилмасини ривожлантириш жамғармасини тузиш кўзда тутилган. Жамғарма маблағлари маҳаллий кенгашлар таклифларига асосан инфратузилма лойиҳаларини қўшма молиялаштиришга йўналтирилади. Бу ўз навбатида жойлардаги инфратузилмани модернизация қилиш ва аҳолини турмуш даражасини яхшилашга мустаҳкам замин яратади.

Бешинчидан, шу йил бошидан ҳар бир вазирлик ўз ишини туман, шаҳар, қишлоқ ва маҳалла кесимида режалаштириши ва ташкил этиши белгиланди. Ушбуни инобатга олган ҳолда вазирлар ва уларнинг ўринбосарлари фаолиятига жойларда амалда қандай ўзгариш бўлганига қараб баҳо берилади.Эндиликда мутасадди раҳбарлардан аҳоли муаммоларини жойига чиққан ҳолда ўрганиш ва уларни ҳал этиш талаб этилади.

Ҳар бир туман ва шаҳар ҳокими ўз ҳудудида камбағалликни қисқартириш бўйича манзилли дастур ишлаб чиқиб, унинг ижроси бўйича ҳар чоракда маҳаллий Кенгашларда ҳамда оммавий ахборот воситалари орқали аҳолига ҳисобот бериб бориши таъкидлаб ўтилди. Бу масала барча раҳбарларнинг биринчи даражали вазифаси ва иш самарасини баҳолайдиган асосий мезонга айланиши, аҳолининг турмуш тарзини яхшилашга йўналтирилган.

Шу билан бир қаторда, шу йилдан бошлаб Адлия вазирлиги, унинг ҳудудий бошқарма ва бўлимларининг асосий вазифаларидан бири қабул қилинган ҳужжатларни масъулларга етказиш, тушунтириш, амалиётда қўллашга кўмаклашиш ва назорат қилишдан иборат бўлиши белгиланди.

Юқорида келтириб ўтилган фикрлардан келиб чиққан ҳолда, Қонунчилик палатаси ва Сенатга, Вазирлар Маҳкамаси билан биргаликда 2021 йил 1 апрелига қадар бўлган муддатда, маҳаллий ижро ва вакиллик органлари ҳамда маҳалла институти фаолиятини такомиллаштиришга оид янги қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилганлиги, ушбу йўналишда йиллар давомида йиғилиб қолган зиддиятли муаммоларни қонуний йўл билан бартараф этишга йўналтирилганлиги билан аҳамиятлидир.

Мурожаатномада маҳалла идоралари фаолиятини тубдан такомиллаштириш бўйича ҳам алоҳида фикр ва мулоҳазалар билдирилди. Маҳалла раиси ва унинг ўринбосарлари ваколатлари кенгайтирилиб, уларга аҳоли муаммоларини бевосита ҳал қилиш имкони яратилиши керак эканлиги белгилаб ўтилди.

Шунингдек, Мурожаатномада маҳалланинг нуфузини, унинг ресурс ва имкониятларини ошириш, ходимларнинг моддий таъминотини яхшилаш бўйича дастур ишлаб чиқиш тўғрисида алоҳида топшириқ берилганлиги давлат раҳбарининг ушбу асрлар давомида шаклланиб келган фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш механизмининг заҳирадаги бор имкониятларни юзага чиқаришга бераётган алоҳида эътиборини англатади.

Қолаверса маҳалланинг малакали ва ташаббускор кадрларини давлат идораларининг раҳбарлик лавозимларига, шунингдек ҳоким лавозимига тавсия этиш тизими жорий этилиши халқ орасидан муносиб кадрларни танлаб олиш имкониятини беради.

Мурожаатномада назарда тутилган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши, сўзсиз, инновацион ривожланишнинг замонавий тенденциялари ва жаҳон стандартларини ҳисобга олган ҳолда давлат бошқаруви тизимини модернизация қилиш жараёнига янги куч бағишлайди.

Ишонч билан айтиш мумкинки, мамлакатимизда Мурожаатномада белгиланган ислоҳотларнинг амалга оширилиши «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак» деган юксак мақсадни кўзлаган ғояни ҳаётга тўлиқ татбиқ этилишга албатта хизмат қилади.

Зокир АБДУЛЛАЕВ

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти
бўлим бошлиғи

Манба