СМТИ директори: Марказий Осиёнинг жадал ривожланиши Корея учун янги ва истиқболли имкониятлар очади

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Элдор Арипов “Марказий Осиё – Корея Республикаси: стратегик мулоқот: ўзаро манфаатли ҳамкорлик истиқболи” мавзусидаги экспертлар форумида чиқиш қилиб, Марказий Осиё давлатлари ва Корея Республикаси ўртасидаги ҳамкорликнинг асосий йўналишларини белгилаб берди.

Институт директори қайд этганидек, минтақамизнинг жадал ўзгариши Корея ва бошқа ташқи ҳамкорлар учун мутлақо янги, ҳали фойдаланилмаган имкониятлар эшигини очади.

Унинг сўзларига кўра, Жанубий Корея ташқи савдо айланмасида Марказий Осиёнинг улуши бир фоизга ҳам етмайди($1,4 трлн.). Ҳатто минтақа давлатлари учун ҳам Сеул билан савдо ҳажми унчалик юқори эмас ва умумий кўрсатгичдан тўрт фоиз ($225 млрд.)ни ташкил қилади.

Марказий Осиёнинг жадал ўзгариши ҳам Корея, ҳам минтақадаги бошқа ташқи ҳамкорлар учун мутлақо янги ва ҳали фйдаланилмаган имкониятлар эшигини очади.

Бугун Марказий Осиё давлатлари янада яқин ҳамкорлик сари интилаётганликларини намойиш этиб, минтақада рақобатбардош устунликлардан фойдаланиш ва бир-бирини тўлдиришга асосланган иқтисодий ривожланишнинг янги йўлини яратишга тайёр эканликларини билдираётгани қайд этилди.

Шу боис кўп томонлама ҳамкорликни кучайтириш учун янги алоқаларни ўрнатиш, ҳамкорликнинг долзарб йўналишларини аниқлаш ва аниқ таклифлар ишлаб чиқиш биринчи навбатдаги вазифа ҳисобланади.

Биринчи навбатда, илмий-технологик ва рақамлаштириш соҳалари бўйича ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ёрқин истиқболга эга, деди у.

Рақамли иқтисодиётни ривожлантириш соҳасида дунёда етакчилардан ҳисобланган Сеул соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, “яшил итисодиёт” каби соҳаларга янги технология ва инновацияни жорий қилишдан манфаатдор бўлган Марказий Осиё мамлакатлари учун истиқболли ҳамкор бўлиши мумкин. Иккинчидан, биргаликда инсон капиталини ривожлантириш учун объектив талаб бор, деб қайд этди эксперт.

Хусусан, таълим, ўзаро академик алмашинув, техник ва муҳандислик йўналишлари ҳамда ўрта бўғиндаги бошқарув ходимлари бўйича кадрлар тайёрлаш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш долзарб аҳамиятга эга.

Ҳамкорликнинг бу йўналишида ижобий тажриба тўпланган. Масалан, Ўзбекистонда Жанубий Кореянинг 4 та университети филиали муваффақиятли фаолият юритмоқда.

Янги форматдаги мутахассисларни тайёрлаш ўзаро манфаатли ҳамкорлик учун муҳим йўналишга айланиши мумкин. Бу эса қўшма лойиҳаларни самарали амалга оширишга ҳисса қўшган ҳолда, ҳамкорлик ривожига қўшимча суръат, куч бағишлайди.

Учинчидан, Э.Ариповнинг сўзларига кўра, Жанубий Корея Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорликда келгусида қўшимча қийматга эга маҳсулот ишлаб чиқаришга ўтиш, бундай товарларни учинчи мамлакатларга сотиш бўйича хом ашёни чуқур қайта ишлаш ва саноат кооперациясини ривожлантиришга эътибор қаратиши мумкин.

Тўртинчидан, иқлим ўзгаришига мослашиш ва “яшил” технологияни кенг жорий қилиш ҳам муҳим йўналиш, дея таъкидлади эксперт. Бугун Марказий Осиё дунё бўйича иқлим ўзгариши оқибатидан энг заиф минтақалар рўйхатидан жой олган.

Шу ўринда қайта тикланувчи энергия манбалари, замонавий энергия тежовчи ва экологик тоза технологияни кенг жорий этиш мақсадида Жанубий Кореянинг бой тажрибаси ва сармоясидан фойдаланиш муҳим ўрин тутади.

“Бугун батафсил муҳокама қилиниши кутилаётган айни йўналишлар ҳамкорлигимизни янада бойитиб, мавжуд эҳтиёжларимизга мослаштиради”, - деди Элдор Арипов.

Манба