У гибрид форматда ташкил этилган ушбу тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Германия Федератив Республикасига бўлажак расмий ташрифига бағишланганини алоҳида қайд этди.
Шунингдек, Элдор Арипов бўлажак референдум Ўзбекистон Президенти томонидан бошланган, аҳоли томонидан кенг қўллаб-қувватланган демократик ислоҳотлар жараёни барқарорлигининг ҳуқуқий кафолатини мустаҳкамлашга имкон беришини айтди.
– Мамлакатимизда том маънода муҳим сиёсий воқеа – конституциявий ислоҳотлар бўйича референдум ўтказилмоқда, бу эса Ўзбекистон сиёсий тизимини тубдан қайта тиклаш жараёнини амалда бошлайди. Унинг моҳияти демократик ҳуқуқий давлатнинг сиёсий ва ҳуқуқий асосини, ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти ва кучли фуқаролик жамиятини мустаҳкамлашдан иборат.
Конституциянинг янги таҳрири қабул қилиниши билан биз барча масалаларни ҳал қилмаганимизни англаймиз. Унинг қоидаларини жамоат ва давлат қурилиши амалиётига жорий этиш яъни асосий қонунни кундалик ҳаётимиз нормасига айлантириш бўйича ҳали ҳам машаққатли ишлар бор. Бу аслида барча мавжуд ресурсларни, сиёсий иродани, салоҳиятни ва билимларни сафарбар қилишни талаб этадиган узоқ муддатли ривожланиш дастури. Бу борада шерикларимизнинг, айниқса, мазкур йўналишда шубҳасиз бой ва муваффақиятли тажрибага эга давлатларнинг қўллаб-қувватлашига ишонамиз.
Конференция Ўзбекистон Президентининг Германияга расмий ташрифи арафасида ўтаётгани юксак аҳамиятга эга. Шу ўринда қайд этиш керак, Германия, шубҳасиз, Ўзбекистоннинг асосий ва вақт синовидан ўтган, ишончли ҳамкорларидан бири.
30 йилдан зиёд вақт давомида Ўзбекистон мустақиллигини биринчилардан бўлиб тан олган Германия барқарор ривожланиш ва суверенитетни мустаҳкамлашда бизга самарали ёрдам кўрсатаётганини жуда қадрлаймиз. Сўнгги йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик янада изчил тус олди.
Бугунги кунда Германия Ўзбекистоннинг энг йирик бешта савдо ва инвестиция ҳамкорлари қаторига киради. 30 йил ичида биринчи марта Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми бир миллиард доллардан ошди. Ўзбекистонда немис бизнесининг мавжудлиги ўсиб боряпти, шунга мос равишда ўзлаштирилган немис инвестициялари ҳажми 700 миллиондан 1.5 миллиард долларгача икки баравар кўпайган.
Германия барча ҳамкорларимиз орасида Ўзбекистон иқтисодиётини модернизация қилиш учун зарур бўлган замонавий машина ва ускуналарнинг энг йирик етказиб берувчиси ҳисобланади.
Хулоса қилиб айтганда, буларнинг барчаси Ўзбекистоннинг барқарор ривожланишига, унинг иқтисодиётини диверсификациялашга қўшган муҳим ҳиссаси.