Сўнгги йилларда ёш авлодни тарбиялашда, уларга тўғри йўлни кўрсатишда ҳамда мураббийларнинг жамиятдаги обрўсини мустаҳкамлашга доир қатор ишлар амалга оширилди: кўплаб норматив-ҳуқуқий хужжатлар қабул қилинди, давлат ва нодавлат ташкилотлар фаолияти тубдан ислоҳ қилинди, янги ташкилотлар тузилди ва лавозимлар жорий қилинди. Ушбу ишларнинг узвий ва мантиқий давоми сифатида жорий йилнинг 9 июнида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Фахрий мураббий” орденини таъсис этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни имзоланди.
Ёшларга кенг имкониятлар яратиш давлатимиз раҳбарининг Президентлик вазифасини вақтинчалик бажараётган илк кунларидаёқ диққат-эътиборида бўлган. Хусусан, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан 2016 йил сентябрда Олий Мажлис олдига ёшларни ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларнинг интеллектуал, ижодий ва бошқа йўналишдаги салоҳиятини камол топтириш учун шарт-шароитлар яратилишини назарда тутадиган ижтимоий-иқтисодий, ташкилий ва ҳуқуқий чора-тадбирлар тизими яратиш вазифасини қўйилди.
Ушбу вазифалардан келиб чиққан ҳолда, 2016 йилнинг 14 сентябрида “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунини қабул қилинди. Мазкур норматив ҳужжат ёшларга оид давлат сиёсатининг стратегик истиқболларини белгилаб берди.
Бундан ташқари давлатимиз раҳбари ташаббуси билан “Ўзбекистон ёшлар иттифоқи” тузилиб, ушбу ёшлар ижтимоий ҳаракат республикада ёшларга оид давлат сиёсатининг амалга оширилишида давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан самарали ҳамкорликни таъминловчи тузилмага айлантириш вазифаси қўйилди.
Шу билан бирга Президентимиз томонидан БМТ, ШҲТ, ИҲТ ва бошқа халқаро миқёсдаги учрашувларда ёшларнинг манфаатларини ифодаловчи бир қанча ташаббуслар илгари сурилди. Хусусан, Президентимиз БМТ Бош Ассамблеясининг
72-сессиясида сўзлаган нутқида ёш авлодни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида ёшларга оид сиёсатни шакллантириш ва амалга оширишга қаратилган умумлаштирилган халқаро ҳуқуқий ҳужжат – БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқишни таклиф қилди.
Ёшларни ватанпарварлик, фуқаролик туйғуси, бағрикенглик, қонунларга, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида, зарарли таъсирлар ва оқимларга қарши тура оладиган, ҳаётга бўлган қатъий ишонч ва қарашларга эга қилиб тарбиялашда турли ёшдаги кўплаб касб эгалари фидойилик билан хизмат қилиб келмоқда. Мураббийлар сафида ёш авлод вакиллари, ҳарбийлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари, давлат ва нодавлат ташкилотлар вакиллари ҳам борлиги барчани ягона мақсад учун бирлашганининг намунасидир.
Мазкур янги давлат мукофоти билан мамлакатимизда ёшларни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашда, салбий иллатларга мойил бўлган ёшларда соғлом дунёқарашни шакллантиришда, уларни ёт ғоялар таъсиридан асрашда, ёш авлод вакилларида фаол фуқаролик позицияси ва мафкуравий иммунитетни шакллантиришга ҳисса қўшган Ўзбекистон фуқаролари тақдирланади.
Шунингдек, ўзининг чуқур билими ва бой ҳаётий тажрибаси билан ёрдамга муҳтож ҳамда оғир аҳволга тушиб қолган ёшлар ва оилаларни касб-ҳунарларга ўргатиш ҳамдаиш билан таъминлашда, маҳаллаларда ёшлар учун беғараз илм масканларини ва спорт иншоотларини барпо этишда барчага шахсий намуна кўрсатиб келаётган мамлакатимиз фуқаролари ҳам ушбу орденга муносиб кўрилади.
Бундай фидокор мураббийларга давлат томонидан моддий ва маънавий рағбатлантиришлар берилиши, мураббийларимизнинг доимо давлат эътиборида эканлигидан далолатдир.
Анвар ХЎЖАЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти
етакчи илмий ходими
Кейингиси
Соғлиқни сақлаш масаласи туркий тилли давлатлар ўртасидаги ҳамкорликнинг муҳим соҳасига айланди
2020 йил 10 апрелда коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишда ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун барча саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга бағишланган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг (ТТДҲК) видеоконференция шаклидаги навбатдан ташқари йиғилиши бўлиб ўтди.
15.06.2020