“Жисмоний” чегаралари аниқ белгиланган қуруқлик, денгиз ва ҳаво маконларидан фарқли ўлароқ, кибермаконда бундай чегаралар мавжуд эмас. Бу эса давлатлардан мувозанатли ва ўзаро манфаатли қарорларни қабул қилиш ҳамда мазкур йўналишдаги ҳамкорликни янада кучайтиришни талаб этмоқда.
Шу боис Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) саммитида илгари сурилган Ҳамдўстлик доирасида ахборот хавфсизлиги бўйича халқаро экспертлар форуми ўтказиш ташаббуси аҳамиятлидир.
Жорий йилнинг 29 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти томонидан Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва МДҲ Ижроия қўмитаси кўмагида ташкил этилган халқаро форумда мутахассислар ўз эътиборини бир қатор долзарб мавзуларга қаратишди.
Тадбир кун тартибига рақамли иқтисодиёт ривожланиши шароитида ахборот хавфсизлигини таъминлаш, кибермакондаги жиноятларга қарши курашиш, ахборот инфратузилмаси объектларини техник ҳимоялаш, ахборот маконида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш каби муҳим масалалар муҳокама қилинди.
Бугунги кунда рақамлаштириш давлат ва жамият ҳаётининг ажралмас қисми бўлиб, бу унинг кафолатланган ҳимоясини талаб қилади. Cisco компанияси прогнозларига кўра, киберхавфсизлик бўйича глобал харажатлар келгуси беш йил ичида ҳар йили 15 фоизга ўсади ва 2025 йилга келиб 10,5 триллион АҚШ долларини ташкил этади. Ваҳоланки, 2015 йилда бу харажатлар 3 триллион АҚШ доллари бўлган.
Агар 2021 йилга мўлжалланган кибержиноятчилик бўйича глобал харажатлар прогнозига эътибор қаратадиган бўлсак, у қуйидагилардан далолат беради:
Бундан кўринадики, давлат ва хусусий сектор вакиллари кибертаҳдидларни бартараф этишга катта маблағ ажратишмоқда.
Таҳдидлар эса йил сайин ўсиб бормоқда. Хусусан, Жаҳон иқтисодий форуми маълумотларига кўра, 2020 йилда киберҳужумлардан глобал иқтисодиёт 2,5 триллион АҚШ доллари миқдорида зарар кўрган.
Ўзбекистон ташаббуси билан бўлиб ўтган халқаро экспертлар форумида рақамли иқтисодиётни ва рақамли кўникмаларни ривожлантиришда ҳамкорликни чуқурлаштириш, кибермаконда хавф-хатарларга қарши биргаликда курашиш мавзулари иштирокчиларнинг диққат марказида бўлди.
«Cybersecurity Ventures» тадқиқот компанияси маълумотларига кўра, 90 фоиз ҳолатларда ахборот хавфсизлиги таҳдидларига инсон омили сабабчи бўлади. Зарарли дастурларнинг аксарияти электрон почта орқали юборилади. 2024 йилга келиб электрон почта хабарлари сони кунига 361,6 миллиардга етиши тахмин қилинаётган бир пайтда, хакерлар ушбу умумий алоқа оқимига зарарли дастурларни киритишни исташлари ажабланарли эмас.
Форумда киберхавфсизлик соҳасида кадрлар тайёрлаш, фойдаланувчиларни янги таҳдидлардан огоҳлантириш ва киберсалоҳиятни кўтариш масалаларига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.
Яна бир жиҳат. Пандемия даврида давлат, жамият ва хусусий секторнинг рақамлашуви суръатлари бир неча баробар тезлашди. Жорий қилинган чеклов чоралари масофавий таълим, тиббиёт, электрон савдо ва бошқа соҳалар ривожланишига сезиларли даражада таъсир кўрсатди. Шу билан бирга, мазкур соҳалар кибертаҳдидларнинг асосий нишонига айланди. Бундай шароитда ахборот хавфсизлигини таъминлаш иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ривожланишнинг асосий омилларидан бирига айланмоқда. Коронавирус пандемиясининг глобал оқибатлари ҳам форумнинг долзарблиги ва ўз вақтида ўтказилаётганини яна бир бор тасдиқлади.
Форумда сўзга чиққанларнинг аксарияти бу борада ўз фикр ва мулоҳазаларини билдиришди ҳамда муаммоларга ечим йўлларини таклиф этишди. Хусусан, кибермакондаги турли тенденцияларни ҳисобга олган ҳолда МДҲ мамлакатлари учун комплекс ҳамкорликнинг асосий йўналишлари белгилаб олинди. Ушбу соҳадаги ўзаро ҳамкорлик ахборот хавфсизлигини таъминлаш ва Ҳамдўстлик давлатларининг умумий таҳдидларга қарши курашда умумий келишувга эришишидан далолат беради.
Эътиборли жиҳати, экспертлар томонидан билдирилган ва умумий таҳдидларни бартараф этишга қаратилган тавсиялар тадбирнинг якуний ҳужжатида акс этиши жамоавий киберхавфсизликни таъминлашга қаратилган энг муҳим қадамлардан бири бўлди.
Темур Аҳмедов,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва
минтақалараро тадқиқотлар институти бўлим раҳбари