Женева шаҳрида бўлиб ўтган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида Ўзбекистон Президенти илк бор иштирок этиб, нутқ сўзлади.
Давлатимиз раҳбарининг ушбу нуфузли тадбирдаги иштироки, ҳеч шубҳасиз, тарихий аҳамиятга эга ҳодиса бўлди. Шу кунгача МДҲ мамлакатлари раҳбарлари Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашнинг сессиясида иштирок этмаган.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ўз нутқида мамлакатимизда демократик янгиланишларни чуқурлаштиришнинг устувор йўналишлари ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш доирасидаги ишларнинг асосий вазифаларига батафсил тўхталди. Давлатимизнинг 2021-2023 йиллар даврига ушбу тузилма аъзоси сифатида устувор йўналишларига эътибор қаратди.
Шунингдек, бир қатор муҳим аҳамиятга эга ташаббусларни илгари сурилди. Улар орасида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси билан биргаликда Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларацияси қабул қилинганлигининг 10 йиллигига бағишлаб глобал форумни ўтказиш таклифи алоҳида ўринга эга.
Жамиятда инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантириш фуқароларнинг ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш ҳамда қонун устуворлигини мустаҳкамлашнинг муҳим шартларидан биридир. Инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантириш давлат фаолиятининг муайян шаклларида, жумладан, барча турдаги ва даражадаги таълим тизими, малака ошириш тизимлари инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар фаолиятида ифодаланади.
Кейинги йилларда Ўзбекистонда бу борада тизимли ва комплекс чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. 2019 йилда БМТ Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларацияси қоидаларини амалга ошириш бўйича Миллий ҳаракатлар дастури тасдиқланди. Шу асосда «Йўл харитаси»да белгиланган тадбирлар бажарилмоқда.
Президентимиз фармони билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясида инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбияга алоҳида урғу берилган. Бу борада мактабгача таълим ва умумтаълим муассасаларида, академик лицей ва коллежларда, шунингдек олийгоҳларда «Инсон ҳуқуқлари», «Аёллар ҳуқуқлари», «Бола ҳуқуқлари» ўқув курсларини жорий этиш муҳим вазифа сифатида белгиланган.
Бундан ташқари, Инсон ҳуқуқлари миллий маркази қошида инсон ҳуқуқларига риоя этиш ва уни ҳимоя қилиш соҳасида кадрлар малакасини ошириш бўйича ўқув курслари ташкил этилган. Ушбу курслар БМТнинг бир қатор йирик тузилмалари ҳамда ЕХҲТ лойиҳалари координатори билан ҳамкорликда олиб борилмоқда. Хусусан, 2020 йил декабрь ҳолатига кўра, 500 дан ортиқ раҳбар кадрлар тингловчи сифатида иштирок этиб, ўз малакасини оширди.
Шунингдек, 2020 йилда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишда катта ҳисса қўшган, инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим-тарбия ишларида ҳамда жамиятда инсон ҳуқуқлари қарор топилишида фаол бўлган фуқароларни рағбатлантириш мақсадида «Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун» кўкрак нишони таъсис этилди. Фуқаролик жамияти институтлари, таълим муассасалари, давлат органларининг 12 нафар вакиллари тақдирланди.
Ўзбекистон миллий тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйган бир даврда миллий ҳуқуқий тизимни тубдан ислоҳ қилиш, жамиятда ҳуқуқий маданиятни шакллантириш ва малакали юридик кадрларни тайёрлаш бўйича жиддий ишлар амалга оширилди.
Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро тузилмалар билан яқин шериклик кенгаймоқда, ҳуқуқни ҳимоя қилиш борасида ҳукуматга қарашли бўлмаган ташкилотлар билан амалий мулоқот йўлга қўйилди.
2018 ва 2020 йилларда Самарқанд шаҳрида Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми ҳамда «Ёшлар-2020: глобал ҳамжиҳатлик, барқарор тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари» мавзусидаги инсон ҳуқуқлари бўйича веб-форуми бўлиб ўтди. Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбияни юксалтириш масаласи ушбу тадбирларнинг асосий мавзуларидан бири бўлди.
Умуман олганда, давлатимиз раҳбарининг глобал форумни ўтказиш тўғрисидаги ташаббуси мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари соҳасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлиб, бу борада таълим ва тарбия ишларини мазмунан бойитишга ҳамда юқори сифат даражасига олиб чиқишга хизмат қилади.
Адҳамбек РАШИДБEКОВ,
Ўзбекистон Президента ҳузуридаги
Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар
институти бош илмий ходими.