Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Конституция куни муносабати билан йўллаган байрам табригида сўнгги йилларда халқимизнинг фидокорона меҳнати билан миллий иқтисодиёт 2 карра ўсгани, аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромад 3 минг долларга етгани, камбағаллик даражаси 23 фоиздан 11 фоизга пасайганини таъкидлади.
Иқтисодиёт фанлари доктори, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти бош илмий ходими Дмитрий Тростянскийнинг фикрича, қайд этилган натижаларга эришишда миллий иқтисодиётни ислоҳ қилиш ва модернизация қилишнинг замонавий архитектурасини шакллантириш, шунингдек, мамлакатда инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш муҳим аҳамиятга эга.
Хусусан, тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ қонунчиликни тартибга солиш чоралари кўрилди ва 10 мингдан ортиқ самарасиз ёки эскирган меъёрий ҳужжатлар бекор қилинди, 200 га яқин лицензия ва рухсатномалар бекор қилинди ёки соддалаштирилди.
Солиқ маъмуриятчилигининг ислоҳ қилиниши жуда муҳим қадамлардан бири бўлди. Шу тарзда, солиқлар сони 13 тадан 8 тага камайтирилди, мулк солиғи ставкаси 5 фоиздан 1,5 фоизга, қўшилган қиймат солиғи эса 20 фоиздан 12 фоизга туширилди. Иш ҳақига нисбатан солиқ юки қарийб 2 баравар камайтирилди. Буларнинг натижасида тадбиркорларнинг ислоҳотларга ишончи ортиб, солиқ тушумлари 4 баравар кўпайди.
Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг қабул қилиниши ниҳоятда долзарб ва ўз вақтида амалга оширилган ташаббусдир. Айнан Бош Қомусимиз миллий иқтисодиётни ривожлантиришнинг мазмуни, мақсад ва вазифаларини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш қоидаларини белгилаб берди. У нафақат иқтисодий фаолият эркинлиги, мулкчиликнинг барча шаклларининг тенглиги ва ҳуқуқий ҳимояси, балки қулай ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини шакллантириш, рақобатни ҳимоя қилиш ва иқтисодий фаолиятни монополлаштиришнинг олдини олиш тамойилларига асосланади.
Барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш, миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш, шунингдек, хусусий инвестициялар ҳажмини кескин ошириш мақсадида 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида эксклюзив ҳуқуқларни бекор қилиш ва давлат иштирокидаги компанияларни хусусийлаштириш ҳисобига 25 дан ортиқ фаолият тури бўйича монополиялар тугатилиши кўзда тутилган.
Ушбу чора-тадбирлар, албатта, давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини камайтиришга ёрдам беради ва маҳаллий ва хорижий бизнес учун кенг имкониятлар яратади. Бу, шунингдек, миллий иқтисодиётнинг бозорга муносабатларига тўлақонли ўтишини тезлаштиради, Янги Ўзбекистон халқи фаровонлиги йўлида кўзланган мақсадлар сари илғор ҳаракат гарови – ҳақиқий мулкдорлар синфини яратади.