Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил январь ойидаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида парламент назорати кучайтириш ҳамда қонун ижодкорлиги борасида муҳим масалаларга тўхталиб, парламентнинг давлат ва жамият бошқаруви ҳамда аҳолининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдаги ролини янада оширишга қаратилган таклифлар илгари сурилиб, аниқ вазифалар белгилаб берилган эди.
Мазкур вазифалардан келиб чиқиб, жорий йилнинг 10 августида “Қонун ижодкорлиги ҳамда парламент назорати жараёнлари янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди.
Ушбу Қонуннинг мақсади аввало давлат бошқарувини такомиллаштириш, мамлакат ички ва ташқи сиёсатига оид энг муҳим вазифаларни ҳал этиш ҳамда ижро ҳокимияти фаолияти ва қабул қилинаётган қарорлар устидан самарали халқ назоратини ўрнатиш ва амалга ошириш бўйича Парламент ваколатларини ҳамда унинг ролини янада кенгайтиришга қаратилган
Жумладан, амалдаги «Парламент назорати тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ Олий Мажлис палаталари фақат ҳукумат аъзоларининг ахборотини эшитишга ҳақлилиги белгиланган бўлса, эндиликда янги қабул қилинган Қонунга асосан, Қонунчилик палатаси ва Сенат ҳукумат аъзолари ва давлат органлари раҳбарларидан ташқари хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг ҳам ўз фаолиятига доир масалалар юзасидан ахборотини эшитиши мумкинлиги мустаҳкамланди ва бу борада Парламентнинг ваколати янада кучайтирилди.
Қонунларга киритилган янгиликлардан бири парламент назоратининг тури ҳисобланмиш парламент текшируви институтини жонлантириш ва кенгроқ қўллаш амалиётини жорий қилишга қаратилган.
Сабаби, парламент текширувини ўтказиш бўйича амалдаги тартибда бир қатор камчиликлар мавжуд эди. Хусусан, Олий Мажлис палаталарида парламент текширувини ўтказиш борасида алоҳида қарор қабул қилиш имконияти йўқ эди.
Шунга кўра, мазкур Қонун билан парламент текшируви Қонунчилик палатасининг ёки Сенатнинг алоҳида қарори билан ёхуд Олий Мажлис палаталарининг қўшма қарори билан ўтказилиши мумкинлиги белгиланмоқда.
Иккинчидан, давлат бюджети харажатларини назорат қилишда халқ вакиларининг ваколатлари ва ролини оширилди.
Шу ўринда айтиш керакки, ҳозирги кунда мамлакатимизнинг ҳудудларини барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланиши учун катта маблағлар ажратилмоқда. Ҳолбуки, ҳудудларда ажратилган маблағлардан нотўғри фойдаланиш, уларни талон-торож қилиш, коррупция ҳолатлари учраб турибди.
Шу каби ҳолатларга қарши курашишда ҳамда бюджет маблағларининг мақсадли ишлатилишини назорат қилишда жойлардан сайланган халқ вакилларининг иштироки деярли сезилмаяпти.
Мазкур қонундаги янги нормалар хорижий мамлакатлар қонунчилигининг ўрганилиши асосида қабул қилинган бўлиб, “парламент назорати” институтининг кенгайтирилишига, яъни, давлат бюджети харажатларини назорат қилишда жойлардаги депутатларнинг ролини ошириш, йиллар давомида халқни қийнаб келаётган тизимли муаммоларни аниқлаш ва уларни ечиш ҳамда халқ манфаатини ҳимоя қилишга қаратилган.
Учинчидан, қонунда парламент назоратининг таъсирчанлигини кучайтириш, хусусан, парламент сўровига жавоб бериш тартиби борасида янги нормалар ҳам белгилаб берилди.
Ўрганишлар натижаси шуни кўрсатдики, Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари томонидан мансабдор шахслар номига юборилаётган сўровларга мансабдор шахсларнинг ўзи эмас, кўпинча, уларнинг ўрнига турли даражадаги ходимлар жавоб бераётганини кузатиш мумкин.
Бундай салбий ҳолатларни бартараф этиш мақсадида, ушбу Қонун билан парламент, депутат ва сенатор сўровига жавоб хати, сўров кимнинг номига юборилган бўлса айнан ўша мансабдор шахс томонидан ёки унинг вазифасини бажариш юклатилган шахс томонидан имзоланиши тўғрисидаги мажбурий норма белгилаб қўйилди. Бу эса сўровларнинг таъсирчанлигини янада оширишга ва халқни қийнаётган муаммоларга ҳал этишга хизмат қилади.
Тўртинчидан, мазкур қонунда “парламент дипломатияси” институт ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланди ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосарига парламент дипломатиясини амалга ошириш ва халқаро шартномаларнинг ҳукумат томонидан бажарилишини назорат қилишга доир ишларни ташкил этиш вазифалари белгиланди.
Бу, ўз навбатида, парламентнинг халқ вакили сифатида мамлакатимиз ташқи сиёсатини амалга оширишдаги роли янада кучайиб бораётганидан ҳамда ислоҳотларни самарали амалга оширишда қулай ташқи муҳит яратиш борасида парламентнинг имкониятлари янада кенг жалб этилаётганидан далолат беради.
Шу билан бирга, мазкур қонун билан жамият ва давлатнинг энг муҳим манфаатларига даҳл қилувчи, мамлакат хавфсизлиги асосларига, унинг барқарор ривожланишига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган муайян фактларни, воқеа-ҳодисаларни ва жараёнларни ўрганиш мақсадида парламент текшируви ўтказилиши ваколати ҳам белгиланди. Ушбу янги нормалар Буюк Британия, АҚШ, Япония, Италия, Испания, Германия ва бошқа ривожланган давлатларнинг тажрибасини чуқур таҳлиллар ва ўрганишлар натижасида қабул қилинди.
Айтиш жоизки, мазкур хуқуқий ҳужжат парламентнинг қабул қилинаётган қонунлар, муҳим ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий аҳамиятга эга давлат дастурларининг ижросини таъминлашдаги ваколатлари соҳасида амалдаги қонунчиликда мавжуд бўшлиқларни бартараф этишга йўналтирилган.
Ушбу Қонун 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни ҳаётга тўлақонли тадбиқ этиш борасидаги асосий қадамлардан бири бўлиб, Ўзбекистонда ҳуқуқий демократик давлат асосларини мустаҳкамлаш ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш йўлидаги босқичма-босқич олиб борилаётган ислоҳотларнинг самарали натижаси ҳисобланади. Бир сўз билан, мазкур қонунда белгиланган янги нормалар халқ вакили бўлган парламентнинг ролини янги босқичга олиб чиқади ҳамда мамлакатимиздаги ижтимоий-иқтисодий, сиёсий жараёнларда халқнинг янада кенг ва фаол иштирокини таъминлайди. Бу ўзгаришлар “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган тамойилнинг амалда қарор топаётганидан далолат беради.
Дилшод БАХРИЕВ
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти
етакчи илмий ходими