Жорий йил 27 декабрь куни “Тараққиёт стратегияси” марказида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномаси ҳамда Тараққиёт стратегиясини 2022 йилда амалга оширишга оид Давлат дастурининг еттинчи йўналиши “Мамлакатимиз хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятини кучайтириш, очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат олиб бориш” ижроси муҳокамасига бағишланган давра суҳбати ташкил этилди.
Муҳокама давомида, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институтининг бўлим бошлиғи Баҳромжон Сотиболдиев бу борада мамлакатимизда олиб борилаётган изчил ва тизимли ислоҳотлар тўғрисидаги мулоҳазалари билан ўртоқлашди.
СМТИ вакилининг сўзларига кўра, давлатимиз раҳбари ўз Мурожаатномасида жаҳонда шиддат билан ўзгараётган нотинч ва мураккаб вазият, турли можаролар, Ватанимиз хавфсизлигини ва халқимизнинг осойишта ҳаётини таъминлаш, шунингдек, мавжуд таҳдид ва хатарларга жавоб беришга доим тайёр туришимиз кераклигига урғу берди.
Шавкат Мирзиёев бу шароитда Ўзбекистоннинг очиқ ва прагматик, ўзаро ишонч ва ҳурматга асосланган ташқи сиёсати изчил давом эттирилиши, ҳамда Миллий хавфсизликни таъминлаш, Қуролли Кучларимизнинг жанговар салоҳиятини ошириш борасидаги ишлар янги босқичга олиб чиқилишини алоҳида таъкидлади.
Шу ўринда Баҳромжон Сотиболдиев иштирокчилар эътиборини Президентимиз 2017 йилдаёқ бугунги кунда дунё миқёсида қарама-қаршиликлар ва зиддиятларни юзага келишини олдиндан кўра билганлигига қаратди. Натижада Қуролли Кучларимиз олдига жанговор шайликни ошириш бўйича кенг кўламли устувор вазифалар ва амалий чора-тадбирлар белгиланган эди.
СМТИ бўлим бошлиғининг фикрича, мамлакатнинг турли ташқи хавф ва хатарлардан кафолатли ҳимоя қилинганлик ва исталган кўринишдаги эҳтимолий тазйиқларга қарши туришга тайёргарлик ҳолати мавжуд бўлмас экан, ҳозирда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг самарали натижасига эришиш мураккаб бўлади.
Эксперт хулосасига кўра, бунда нафақат қўшинларимизнинг жанговарлик ҳолати муҳим ўрин тутади, балки халқимизнинг маънавий, руҳий етуклиги, сергаклиги ва турли ёт ғоялар таъсиридан ҳимояланганлик даражаси ҳам катта аҳамият касб этади.
Тадбирда 2022 йил – “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” Давлат дастури бажарилишига бевосита масъул бўлган вазирлик ва идоралар вакиллари, етакчи “ақл марказ”лари, нодавлат ва нотижорат ташкилотлар экспертлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.